Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

“Саҳиҳул Бухорий”даги фиқҳий қарашлар

 
 

Бутун Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги манба деб тан олинган “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” ҳадис тўплами Имом Бухорийнинг узоқ йиллик меҳнатининг самараси бўлиб, саҳиҳ ҳадислар билан биргаликда шариатдаги нафис дурдоналарни ҳам ўз ичига қамраб олган. Шулардан бири, Имом Бухорийнинг ушбу асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан фиқҳий ҳукмларни чиқариб олишда кўпгина фойдаларни ўзида мужассам этган. Имом Бухорий бу фойдаларни кўпроқ “Саҳиҳул Бухорий”нинг боблари учун тузилган сарлавҳаларда жойлаштирди. Бундан маълум бўладики, у киши фиқҳ илмида ҳам теран билим эгаси бўлган. Булар Имом Бухорийнинг фиқҳ илмида ва ҳукмларни чиқариб олишда мустақил  холатда ижтиҳод қилганига далил бўлади. Албатта бу борада ўзидан олдин яшаб ўтган Имом Молик, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Суфён Саврий ва Авзоъий каби мужтаҳид имомларнинг фиқҳий йўналишдаги қилган ижтиҳодларидан фойдаланган. Бу борада юқоридаги ва бошқа мужтаҳид имомларнинг қилган ижтиҳодларини ҳам ўрганган. Ўзидан кейинги уламолардан Яъқуб ибн Иброҳим Давроқий Имом Бухорийнинг шариат қонунларидаги ўрнини билдириб шундай деган: “Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳидир”. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ: “Эй ҳадис илми жамоаси! Бу ўспирин йигитга эътибор бериб, ундан ҳадис ёзиб олинглар. Чунки у киши Ҳасан Басрий замонларида бўлганида эди, албатта унинг ҳадис ва фиқҳдаги илмига одамларнинг  эҳтиёжи тушар эди”, деб Имом Бухорийни олқишлаган.

Имом Бухорийнинг ҳадисни фиқҳга боғлаш услубларини ўрганишимиздан шу нарса маълум бўладики, Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асарида санади саҳиҳ бўлган ҳадисларни шарҳлаш билан бирга  фиқҳий фойдаларни чиқариб олишни ҳам лозим тутди. Натижада, у киши ўзининг чуқур фаҳми билан ҳадисларнинг матнларидан кўп маъноларни ва фиқҳга боғлиқ бўлган турли-туман ҳукмларни намоён қилди. Зеро, Имом Бухорийнинг бу иши ҳимматининг энг буюги ва мақсадининг энг улуғидир.

Имом Бухорий ҳукмларни чиқариб олишда аввалам бор Қуръони каримга суянган. Имом Бухорий Қуръони каримдаги кўпгина оятларни сарлавҳаларда ҳукмларга далил қилган. Яъни, Қуръон оятларига эътибор бериб, оятлар билан далил келтиради ва усул қоидаларига оид бўлган далиллар билан оятлардан ажойиб ҳукмларни чиқариб олади. Бунга мисол, Имом Бухорий “Савдо китоби”да “Унда яна (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасиз. Унинг фазли (ризқи)дан талаб этишингиз ва (неъматларига) шукр қилишингиз учун (шундай қилди)”[1], деган оятни Матор раҳматуллоҳи алайҳдан келган ривоятга кўра, денгиздаги кемага тижорат қилиш учун минишнинг жоизлигига далил қилади. Бу билан Имом Бухорий худди, Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан: “Денгиздаги кемага фақат ҳаж ва Аллоҳ йўлида душманга қарши уруш учун чиқилади”[2], деб ривоят қилган ҳадисига раддия бергандек. Чунки, Абу Довуд бу ҳадисга изоҳ бериб шундай деган: “Бу ҳадис жуда заифдир. Уни ривоят қилган Абу Абдуллоҳ ва Башир ноаниқ ровийлардир”.

Кейинги суянган далили саҳиҳ ҳадис бўлган. Имом Бухорийнинг мақсади аниқ бўлган саҳиҳ ҳадисларни тўплаш бўлиб, кўпгина масалаларни шартига тўғри келмайдиган ҳадислар билан сарлавҳа тузишда чиқариб олган ва шартига кўра ўша масала устида у ҳадисни далил қилиб келтирган. Шунинг учун бу асарда Имом Бухорийнинг бир ҳадисдан кўп масалаларни чиқариб, уларни бобларга ажратганлигини кўрамиз.

Имом Бухорий наздида баъзи ўринларда санади саҳобаларга ва тобеъинларга етиб тўхтаб қолган ҳадислар у кишига етиб келган санади тўлиқ ҳадисдан афзал бўлиб, ё ихтилофни очиқ-ойдин баён қилиш учун ёки уни умуман рад қилиш мақсадида келтиради. Шу сабабли фиқҳга оид боблардан муснад ҳадисларнинг кўпини чиқариб ташлаб, муаллақ ҳадис билан, яъни санади тўлиқ ҳадисларни қўйиб, санади саҳобага ёки тобеъъинга бориб тўхтаган ҳадис билан кифояланган.

Имом Бухорий бобларнинг сарлавҳаларида хукм олиш сирларини жойлаштириб, у ерда кўп илм ва сир-асрорларни фарқлаб берди. Шу сабабли у кишининг “Саҳиҳул Бухорий”да тузган сарлавҳалари фикрларни ҳайратга солади ва кўпгина ақлли ва фаросатли кишиларни ҳам лол қолдиради. Шунга кўра барча улуғ  фақиҳ ва муҳаддислар наздида “Фиқҳул Бухорий фи тарожимиҳи” (Бухорийнинг сарлавҳалардаги фиқҳи) деган боб машҳур бўлиб, бу борада хозирги кунгача илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бахриев О. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

[1] Наҳл,14.

[2] Абу Довуд сунани. Китабул жиҳод, 2479 ҳадис.


Киритилган вақти: 19/08/2020 07:21;   Кўрилганлиги: 1205
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/sahihul-buxoriydagi-fiqhiy-qarashlar
Чоп этилган вақт: 03/11/2025 08:44
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг