Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Сабр-у тоқат ва кечиримлиликда Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламдан қандай ибрат оламиз?

 
 

 Аллоҳ таоълога ҳамд-у санолар, росулимиз соллаллоҳу аълайҳи васалламга дуруд-у саломлар бўлсин.

Авваламбор шуни таъкидлаб ўтмоқчиман-ки, бу эркин мавзу бўлганлиги, бундан ташқари барча мусулмон уммати учун қадрли бўлган робиуъл аввал ойида турганимиздан фойдаланган ҳолда, инсоннинг бошига тушадиган машаққат бўлсин, ғам-қайғулар бўлсин, ёки-да қавм-у қариндош, хотин бола-чақаларидан келадиган азиятлар бўлсин буларнинг барчасига пешвойимиз бўлган зотдан қандай қилиб сабр-у тоқат ва карамли бўлишни ўрганишимиз кераклиги борасида мақола ёзишга қарор қилдим.

Мақоламда гаплар бир-бирига қовушмаслиги ёки чиройли чиқмаслиги мумкин. Муҳими бу эмас. Муҳими росулимга бўлган муҳаббатни изҳор этишдир. Худди-ки, қалдирғоч ўз муҳаббатини росули ва Роббисига кўрсатганидек.

بسم الله الرحمن الرحيم

 Аллоҳ таоъло Қуроьни Каримда марҳамат қилиб айтади;

لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا (٢١

 Батаҳқиқ, сизлар учун; Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Аҳзоб сураси 21- оят)

 Ҳақиқатда ҳам Аллоҳ таоъло айтганидек Росулимизда бизнинг дунё-ю охиратимиз учун энг фойдали ва олишимиз лозим бўлган барча энг гўзал ўрнаклар у зоти бобаракотда мужассам бўлган.

 Аллоҳ таоъло ماينطقعنالهوى وдея эътироф этган росулининг тилидан бутун инсониятга, хоҳ у кофир бўлсин хоҳ мусулмон бўлсин, барчасига хитоб қилиб айтади;

الم (١) أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ (٢

  1. Алиф лам мим. 2. Одамлар «Иймон келтирдик», дейишлари ила синалмай, тарк этилишларини ўйладиларми? (Аънкабут сураси 1-2 оятлар)

 Аллоҳ таоъло юқоридаги оят ила барча инсонларнинг бу дунёда синовдан ўтмай ўз ҳолларига тарк қилиб қўйилмасликларини очиқ-ойдин баён қилиб берди.

 Барча нарсаларнинг қонун-қоидаси бўлганидек, Аллоҳ таоълонинг ҳам бутун оламларга хусусан бизнинг дунёга жорий қилган қонун-қоидаси бор. Аллоҳ таоъло жорий қилган қонунни ўзининг қуйидаги ояти ила тушуниб олишга ҳаракат қиламиз.

 Аллоҳ таоъло;

الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا ۚ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ(٢)

  1. У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди. У ўта иззатлидир, ўта мағфиратлидир.", (Мулк сураси 2-оят) деб марҳамат қилади.

Демак, бу ояти каримадан ўлим ва ҳаётни, инсонларнинг қайсилари Аллоҳнинг розилигига лойиқ яхшироқ амал қилишларини синаш учун яратганлигини тушунсак бўлади. Хўш, Аллоҳ таоъло инсонларни қандай синайди?

 Аллоҳ таоъло барча нарсаларни, шунингдек инсонларнинг қалбларини ўта билгувчи зот бўлганлиги учун ҳам уларнинг иймонлари қанча кучли бўлса синовлари ва машаққатларини ҳам шунча қаттиқроқ қилади. Агар иймонлари суст бўлса, синовлари ва машаққатларини ҳам иймонларига яраша енгилроқ қилади. Бунга Росулуллоҳнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари далил бўлади.

عن سعد بن أبي وقاص - رضي الله عنه - قال: سئل النبي - صلى الله عليه وسلم -: أيُّ الناس أشد بلاءً؟ قال: ((الأنبياء، ثم الأمْثَلُ فالأمثل، يُبتلَى الرجل على حسب دينه، فإن كان في دينه صلابة زِيدَ صلابةً، وإن كان في دينه رقَّةٌ خُفِّف عنه، ولا يزال البلاء بالعبد حتى يمشي على الأرض ما له خطيئة

Саъд ибн Аби Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Қайси одамлар энг қаттиқ синовга учрайди?" деб сўрашди. У зот: "Пайғамбарлар, сўнгра уларга энг ўхшашлари, кейин яна энг ўхшашлари. Одам ўз динига қараб синовга учрайди. Агар динида қатъият бўлса, синовлар унга кўпроқ берилади, агар динида заифлик бўлса, синовлар енгил қилинади. Банданинг гуноҳлари қолмагунича унинг бошидан синовлар аримайди", дедилар.

 Росулуллоҳнинг бу ҳадисларидан, синов ва машаққатларнинг энг қийини пайғамбарларга бўлиши яққол намоён бўлади.

 Бунга Росулуллоҳнинг ўз бошларидан ўтган бир воқеани мисол қилиб келтиришим мумкин. Бу воқеада инсон зоти чидаши амри маҳол бўлган, мусибат-у азиятларга сабр-у тоқат ва бундай инсонларга нисбатан кечиримли бўлиб роббилари билан қай ҳолда боғланганликлари ва киши бундай мушкул пайтдарда нима қилиш кераклигини биз умматларга ўргатаётганликлари яққол равшанлашади. Зеро Роббим ўз пайғамбарини бекорга мўминларга марҳаматли, меҳрибон Пайғамбар деб атамаган.

Воқеа қуйидагича бўлган эди.

 Росулуллоҳ Тоифга бордилар ва даъват қилиб келаётган пайтларида у ерда Росулуллоҳни тошбўрон қилдилар, сўкдилар ва ҳақорат қилиб ҳайдашдилар. Ҳамма жойлари қонга беланган росулим йўлда келаётиб бир бўш жой топиб намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлганларидан кейин дуо қилдилар. Росулуллоҳнинг дуолари саҳобаи киромлардан ривоят қилинган. Росулуллоҳнинг дуолари эътибор билан эшитиб фаҳмланса, Роҳматуллоҳ Аллоҳ таоълога ўта боғланганликлари, жуда ҳам яқин эканликлари ва Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса Росулуллоҳда бўлмаганлигини кўриш мумкин. Росулуллоҳнинг дуолари қуйидагича бўлган;

اللهم إني أشكو إليك ضعف قوتي وقلة حيلتي وهواني على الناس ،

أنت رب المستضعفين وأنت ربي.

إلى من تكلني إلى بعيد يتجهمني أم إلى عدو ملّكته أمري

إن لم يكن بك غضب عليّ فلا أبالي

ولكن عافيتك أوسع لي أعوذ بنور وجهك الذي أشرقت به الظلمات

 وصلح عليه أمر الدنيا و الآخرة

من أن تنزل بي غضبك أو يحل عليّ سخطك لك الحمد حتى ترضى

 ولا حول ولا قوة إلى بك.

Эй Аллоҳим,  мен Сенга кучимнинг заифлиги, чорамнинг камлиги ва одамлар олдида қадрсиз эканлигимдан шикоят қиламан. Сен заифларнинг Раббисан ва менинг ҳам Роббимсан. Мени кимга ташлаб қўймоқдасан? Бир душманнинг қўлигамики, у менга нисбатан бадбин?Агар Сен мендан ғазабланмаган бўлсанг, менга фарқи йўқ, лекин Сенинг омонлигинг менга кенгроқ. Сенинг нурли Зотингга қочаман-ки у нур туфайли зулматлар ёритилди ва дунё-ю охират ишлари ислоҳ бўлди. Сенинг ғазабинг менга тушишидан ёки Сенинг нафратинг менга етишидан паноҳ сўрайман. Сен рози бўлгунча Сeнгa ҳамдлар бўлсин. Ҳеч қандай куч ва қудрат Сенсиз йўқ.

Одамлар Росулуллоҳни уриб, сўкиб, ҳайдашсалар-да, Аллоҳга одамлардан шикоят қилмай, "Эй Аллоҳим заифлик менда, мен сенинг даъватингни етказишда қаеридадир хато қилдим, эплолмадим.", дедилар. Шикоят қилмадилар, "Мен сенинг даъватингни етказиб бераолмаябман, менга ёрдам бер.", демадилар. Балки, "Сени даъватингни ўзимнинг нуқсоним сабаб етказа олмаётганим учун менга ғазаб қилмаётган бўлсанг бўлди.", дедилар.

Росулуллоҳнинг бу дуоларида Аллоҳга муҳаббат ила таслим бўлишликлари борлигини кўришимиз мумкин.

Бу дунё шундай. Машаққатлар инсонлар учун ўлчов тарозисидир. Чунки машаққатлар нафснинг бир ҳолатдан бошқа бир ҳолатга ўтишидаги энг яхши услубдир. Кишининг бошига тушадиган турли хил қийинчиликлар бор. Қанча инсонларнинг ишлари ўхшамайди, қанчаларининг яхши кўрганлари вафот этади, қанчалари тўшакка михланиб қолади. Қанчалари эса тер тўкиб топган мол-дунёсидан ажралиб қолади. Дунё ҳаёти ҳаммаси теккис ўтадиган жой эмас. Қайси бир инсон дунёнинг асл моҳиятини тушуниб етса, машаққатларига сиқилмайди, кенгчиликларига хурсанд бўлиб алданиб қолмайди. Зеро, Аллоҳ таоъло дунё ҳаётини синов диёри қилди. Роҳат-фароғатда юрадиган жой қилмади. Дунё уқубатларини охират неъматларини бериш учун сабаб қилди. Ҳар бир нарса учун бадал бўлганидек, охиратдаги неъматлар учун ҳам дунёдаги машаққат-у мусибатлар эваз бўлади. Худдики, бу дунёда иймонимизга бадал тўлаётганимиз каби. Саҳобаи киромлар бу бадални ўта аъло даражада ҳаттоки жонларини фидо қилиб бўлсада бу бадални ўтадилар. Шу ерда айтишим муносиб бўладики, мўмин кишининг ҳаёти уч босқичдан иборат бўлади.

  1. Киши унда ўз айбларидан ва нафсининг камчиликларидан ибрат олади.
  2. Бу босқичда эса турли хил синовларга учрайди.
  3. Охирги босқичда эса, ҳурмат-иззат қилинадиган бўлади.

Юқорида айтиб ўтилган машаққат, турли хил мусибатлар ва уч босқичдан иборат бўлган босқичлар ила Аллоҳ таоъло яхшини ёмондан ажратиб олади. Бунга қуйидаги оятлар ҳам далолат қилади.

 الم (١) أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ (٢ وَلَقَدْ فَتَنَّا الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ ۖ فَلَيَعْلَمَنَّ اللَّهُ الَّذِينَ صَدَقُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْكَاذِبِينَ

  1. Алиф лам мим. 2. Одамлар «Иймон келтирдик», дейишлари ила синалмай, тарк этилишларини ўйладиларми? 3. Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам синовдан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак. (Анкабут сураси 1-2-3-оятлар)

 

لِيَمِيزَ اللَّهُ الْخَبِيثَ مِنَ الطَّيِّبِ وَيَجْعَلَ الْخَبِيثَ بَعْضَهُ عَلَىٰ بَعْضٍ فَيَرْكُمَهُ جَمِيعًا فَيَجْعَلَهُ فِي جَهَنَّمَ ۚ أُولَٰئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ  (٣٧

 Аллоҳ покдан нопокни айириши учун ва нопокнинг баъзиси устига баъзисини тахлаб, ҳаммасини жаҳаннамга ташлаши учун. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир. (Анфол сураси 37-оят)

Аллоҳнинг махлуқотлари устида жорий қилган қонуни шудир. Одам аълайҳис саломни яратди, у киши билан шайтонни ҳам яратди. Иброҳим аълайхис саломни яратди, у киши билан Намрутни яратди. Мусо аълайҳис саломни яратди, у киши билан Фираъвнни яратди. Росулуллоҳни яратди, у киши билан Абу Жаҳл ва унинг атрофдагиларини яратди. Бундан билинадики, Пайғамбарларнинг душманлари ҳам мусибатлари ҳам кўпроқ ва машаққатлироқ бўлар экан. Аллоҳ таоълонинг қуйидаги ояти бунга яққол далилдир.

وَكَذَٰلِكَ جَعَلْنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوًّا شَيَاطِينَ الْإِنسِ وَالْجِنِّ يُوحِي بَعْضُهُمْ إِلَىٰ بَعْضٍ زُخْرُفَ الْقَوْلِ غُرُورًا ۚ وَلَوْ شَاءَ رَبُّكَ مَا فَعَلُوهُ ۖ فَذَرْهُمْ وَمَا يَفْتَرُونَ (١١٢

 Ана шундай қилиб, ҳар бир набийга инсу жин шайтонларни душман қилиб қўйдик. Баъзилари баъзиларига алдаш учун жимжимадор гапларни «ваҳий» қилурлар. Агар Роббинг хоҳласа, буни қилмас эдилар. Бас, уларни ўзлари тўқиётган нарсалар ила қўйиб қўй! (Аноъм сураси 112-оят)

ألا سلعة الله غالية ألا سلعة الله الجنة

Билиб қўйинглар, Аллоҳнинг матоси қимматдир. Аллоҳнинг матоси жаннатдир. Шундай экан синов ва машаққатлар ҳам оғир бўлади.

Мана шу оятларнинг ўзи бизларни синов ва мусибатларга собитлик ила туришга ундайди. Росулларнинг суннатлари ҳам машаққатларга мустаҳкам туришдан иборат бўлган. Худди юқорида танишиб ўтганимиздек. Бундан ташқари, қанчадан қанча инсонлар бор, мусибатлар сабаб роббисини танидилар. Қанчадан қанча инсонлар бор, машаққатлар сабаб Аллоҳнинг ибодатига ўтдилар. Буларнинг барчасида Аллоҳнинг ҳикмати бор.

Шундай экан мусибатлар пайтида бизга ўрнак бўлиб кетган росулимизнинг айтган сўзлари ва қилган амалларига эргашган ҳолда сабр-у тоқат ва кечиримли бўлмоғимиз керак бўлади.

Мақоламни, Росулуллоҳга қуйидагиларни атаб тугатмоқни ўзимга лозим деб билдим.

 

صلوا على هادين المصطفى طه نبينا

جاءنا للخير هادى رحمة من عند الهادى

في مدحه أنا قلبي ينادى ابن عبد الله

صلوا على هادين المصطفى طه نبينا

هو خير العالمين ابن عبد الله

هو مسك الخاتمين منبع للخير فينا

نوره نور مبينا خير عباد الله

 

Нумонов Иззатуллоҳ

Мир Араб Олий мадрасаси талабаси


Киритилган вақти: 02/10/2024 13:26;   Кўрилганлиги: 175
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/sabr-u-toqat-va-kechirimlilikda-rosululloh-sollallohu-alayhi-vasallamdan-qanday-ibrat-olamiz
Чоп этилган вақт: 13/01/2025 19:31
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг