Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақл-заковатлари ўткирлиги ва сезги аъзолари кучлилиги.

Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир инсон зотига насиб этмаган ақлий, фикрий ва жисмоний қувват билан хосланган эдилар. У зот теран ақл ва фикр соҳиби, ўткир фаҳм-фаросат эгаси, идроки тез, сезиш қобилияти кучли шахс бўлганлар. Маълумки, эшитиш, кўриш, таъм билиш, ҳидлаш ва ушлаб билиш кабилар маълумот олиш воситалари ҳисобланади. У зотнинг туриш, ўтириш, юриш, ухлаш ва бошқа ҳолатлари мўътадил бўлиб, гўзал сифатлари ва фазилатлари билан қавмлари ичида ҳам, бошқалар орасида кўзга ташланиб турганлар. Бунинг устига Аллоҳ таоло у зотга илгари билмаган эътиқодий ва амалий илмларни ўргатди. Бу илмлар таҳсил олиш, мутоала қилиш, ўз устида ишлаш маҳсули эмас, балки Аллоҳ таоло у зотнинг қалби, ақли ва онгига индириши натижасида ҳосил бўлган. Басирати ва фаросати ҳаддан зиёд ўткирлигига ҳамма тан берарди. Бир қарашдаёқ ҳар бир ишнинг моҳиятини дарҳол тушуниб етар, узоқ ўйланиб, хаёл суриб ўтирмас эдилар. Юлдуз ўз нури билан қоронғуликни ёритганидек, у зот кучли фаҳм-фаросатлари билан қалблардан воқиф бўлар эдилар. Улуғ тобеъин Ваҳб ибн Мунаббиҳ роҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Илгари нозил қилинган китоблардан етмишга яқинини ўқиганимда ҳаммасида Росулуллоҳни одамларнинг энг ақллиси деб ёзилганига шоҳид бўлдим». Шу кишидан келтирилган бошқа бир ривоятда: «Олам яралганидан то интиҳосига қадар туғилажак жамики одамларга бериладиган ақлни у зотнинг ақлига таққосланса, дунёдаги қумларнинг бир заррасига ўхшаб қолади, холос, деб ёзилганини кўрдим», дейилган.
Росулуллоҳ алайҳиссаломда сезги аъзо ва ҳиссий идрок нақадар кучлилиги ва бетакрор мўъжизаларига Мужоҳид роҳматуллоҳи алайҳдан келтирилган мана бу ривоят ёрқин далил бўлади: «Росулуллоҳ қачон намозда турсалар, орқадагиларни худди олдиндагиларни кўргандай кўрар эдилар»[1]. Имом Молик Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен сизларни орқа тарафимдан кўриб тураман», деган бўлсалар, Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас ибн Моликдан келтирган ривоятда: «Рукуъ ва саждани мукаммал қилинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларни кўриб тураман», деганлар. «Икки саҳиҳ» да нақл этиган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Буни у зотнинг далилларига Аллоҳ таоло зиёда қилган», деган. Яъни, бу буюк мўъжиза ва улуғ хислат у зотнинг ҳақ пайғамбар эканини исботловчи беҳисоб аломатлар устига Аллоҳ таоло зиёда қилган яна бир фазилат, деган маънодадир.
Имом Абдурраззоқ ва имом Ҳоким келтирган ривоятда: «Албатта мен орқамдан худди олдимдан кўргандек кўраман», деганлар. Бақий ибн Махлад Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда: «Росулуллоҳ қоронғуда ҳам худди ёруғда кўргандек кўрар эдилар», дейилган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фаришта ва шайтонларни кўрганлари тўғрисида кўплаб ишончли ҳадислар ривоят қилинган. Имом Бухорий ва бошқалар келтирилган мана бу ривоят шулар жумласидандир: «У зот Жаброилни осмон билан ер ўртасида курсида ўтирган ҳолда ҳақиқий суратида кўрди. Унинг олти юзта қаноти бўлиб, уфқни тўсиб турар эди».
Имом Бухорий келтирган бошқа бир ривоятда: «Кеча шом намозидан кейин менга бир баҳайбат жин ташланди. Қўлида юзимни куйдириш учун оловли машъал бор эди. Аллоҳ менга имкон бериб, уни даф қилдим. Кейин масжид устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи бўлдим-ку, биродарим Сулаймоннинг дуоси эсимга тушиб қолди», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «Биродарим Сулаймоннинг дуоси бўлмаганда, Мадинанинг ёш болалари у билан ўйнаб юрган бўларди», деганлар.
Ҳабашистон подшоси Нажоший вафот этганда тобути ҳозир қилинган ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жанозасини ўқиганлар. Нажоший ҳижратнинг тўққизинчи йили ражаб ойида дунёдан ўтишидан олдин Исломни қабул қилади ва Росулуллоҳ алайҳиссаломга: «Сиз Аллоҳнинг ростгўй ва тасдиқланган элчисисиз. Мен сизга байъат қилдим ва оламлар Роббисига бўйсундим», деб мактуб ёзган эди.
Амиров Тўлқин тайёрлади.
Киритилган вақти: 27/12/2021 07:04; Кўрилганлиги: 909
Чоп этилган вақт: 04/11/2025 00:11





















