Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ростгўйликнинг фазилатлари

 
 

 Ростгўйлик – эзгу хулқларнинг посбони бўлиб, ўзини ҳақиқий мўмин-мусулмон ҳисоблаган инсон ҳеч қачон ёлғон сўзламайди ва ҳеч кимни алдамайди. Негаки, Ислом динининг муқаддас манбаи ҳисобланган Қуръони Каримнинг аксарият оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб ҳадиси шарифларида ростгўйликка тарғиб қилинади, ёлғондан қайтарилади. Аллоҳ таоло ёлғон гапирадиган яъний ростгўй бўла олмайдиганлар ҳақида шундай баён қилади: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир”, (Наҳл сураси, 105-оят).

Пайғамбар алайҳиссаломдан сўралди: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими? Расулуллоҳ “ҳа” дедилар. Мўмин бахил бўладими? Узот “ҳа” дедилар. Яна сўрадилар, мўмин “ёлғончи” бўладими? У зот алайҳиссалом “Йўқ, мўмин ёлғончи бўлмайди” дедилар.

Имом Бухорий ҳазратлари «Ал-адаб ал-муфрад» асарида Абдуллоҳ ибн Масъуддан қуйидаги ҳадисни баён қиладилар: Набий муҳтарам: «Рост гапиринглар, чунки ростгўйлик яхшиликларга бошлайди ва бу яхшиликлар эса жаннатга йўллайди. Киши рост гапираверса, у Аллоҳ таоло ҳузурида жуда ростгўй (сиддиқ) деб ёзилиб қолади. Ёлғон гапиришдан ўзларингизни сақланг, чунки ёлғон гапириш ҳамма бузуқликларга олиб боради, бузуқлик эса дўзахга йўллайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи бўлиб ёзилиб қолади», деганлар. Ушбу ҳадисдан ростгўйликнинг ҳам даражаларга эга экани келиб чиқади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келмасидан ҳам илгари шу даражада ростгўй эдиларки, қабиладошлари у Зотга «амин» (ишончли) деб ном берган эдилар.

Рост гапиришни одат қилган, хақ сўз билан қуролланган кишилар бошқалар билан бўладиган мулоқотларда ўзаро ҳурмат-эҳтиром, қадр-қимматни сақлаган ҳолда зафар қозонадилар. Асоссиз далил-ҳужжат, ёлғон мишмиш ва ботил гаплар билан қуролланган кимсалар эса фақатгина кулгига қоладилар ва улардан ҳамма узоқлашиб кетади. Чунки ҳақиқат боқий, ёлғон эса тумандек тарқаб кетгувчидир.

Афсуски, ҳозирги вақтда жамиятимизда ёлғон гапириш жуда кенг авж олди. Кўпчилик ўйламай-нетмай ёлғон гапирадиган бўлиб кетди, бу ҳолатни айниқса ижтимоий тармоқлардаги ҳар-ҳил асоссиз хабарларни тарқалишида кузатиш мумкин бўлиб қолди. Бунинг оқибатида эса кўпинча бегуноҳ муминлар зарар кўрмоқда, идора ва ташкилот раҳбарларининг ишлари оғирлашиб бормоқда.

Давлатимиз ва жамиятимиз ривожи йўлида ростгўй бўлайлик ёлғондан ҳазар қилайлик! Тилимизни ва фарзандимиз тилини ростгўйликка ўргатайлик!Аллоҳ таоло барчамизни сиддиқлардан қилсин ва жамиятимизни ёлғондан, ёлғончиликдан покласин!

Исматов Маъруфхон

Оқдарё тумани “Сўғончи” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 30/11/2023 10:53;   Кўрилганлиги: 423
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/rostgoylikning-fazilatlari
Чоп этилган вақт: 01/03/2024 16:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг