Раҳбарга итоат қилиш (давоми)
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:
“Агар сизларга боши майиздек (қора) ҳабаш қул бошлиқ қилинса ҳам, унга қулоқ солинглар ва итоат қилинглар”.
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллох (соллаллоху алайхи ва саллам) бизни чақирдилар, у зотга байъат (ваъда) қилдик. Жумладан, яхши ёки ёмон кўрган ишларимизда, танглик ё фаровон бўлган пайтларимизда ҳам бошлиқларга қулоқ солиш, итоатли бўлиш ва улар билан низолашмасликни ваъда қилдик. “Фақат уларда Аллоҳ далил-ҳужжатини билдирган очиқ куфр содир булганини кўрсангиз, итоат қилмангиз”, дедилар.
Имом Муслим Авф ибн Молик (розияллоху анху)дан ривоят қилади: Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Бошлиқларингизнинг яхшироғи сизлар яхши кўрган ва сизларни ҳам яхши кўриб, ҳақингизга дуо қиладигани ҳамда сизлар ҳам ҳаққига дуо қиладиганларингиздир. Раҳбарларингизнинг ёмонроғи сизлар ёмон кўрган ва сизларни ҳам ёмон кўрадигани ҳамда сизлар уларни лаънатлайдиган ва улар ҳам сизларни лаънатлайдиганларидир”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ уларга қилич билан қарши турмайликми?’’ деб сўрашди. Шунда Расулуллох (соллаллоҳу алайхи ва саллам): “Ибодатда қоим бўлишаётган экан, ундай қилманг. Агар уларда ёқтирмаган бирон нарсани кўрсангиз, ўшанигина ёмон кўринг. Лекин итоатли бўлинг!” дедилар.
Демак, фосиқ бўлишса ҳам, бошлиқларга Аллоҳга гуноҳ бўлмайдиган ўринда итоат қилиш лозим. Ушбу ақида Аҳли сунна вал жамоани бошқа ёт оқимлардан ажратиб туради. Ёт бидъатчи тоифалар эса бошлиқлари зулм ё гуноҳ иш қилишса, уларга қарши қурол кўтаришни жоиз, деб билади.
Имом Таҳовий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ақидатут Таҳовия” китобида: “Раҳбарларимиз ва ишбошиларимизга қарши чиқмаймиз. Агар улар зулм қилсаларда, дуойибад қилмаймиз. Мабодо гуноҳ ишга буюришмаса, уларга бўйсунишни вожиб деб биламиз ва ҳақларига яхшилик ва офият сўраб, дуо қи- ламиз”, деб ёзган. (Давоми бор)
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан Зайниддин Эшонқулов тайёрлади.
Киритилган вақти: 13/10/2022 08:10; Кўрилганлиги: 683
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:43