Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қувватли инсон жамият учун манфаатлидир

 
 

Тараққиёт ҳаётни ўзгартиради, дунёқарашимиз, тутумларимизга янги ҳаво олиб киради. Яшаш қонунияти шундай. Мақсад эса битта — яхши яшаш ва қулай муҳитда узоқ умр кўриш. Бунинг учун эса соғлом ҳаёт тарзига амал қилиш талаб этилади. Аслида бу жуда осон: тўғри овқатланиш, кўпроқ пиёда юриш, бадантарбия машқларини бажариш, иллатлардан йироқ бўлиш. Бундай кишиларнинг қалби ва руҳияти ҳам поклана боради. Соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик диний эътиқодларда ҳам қўллаб-қувватланади.

Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқдир

 

Муборак динимиз дунё ва охиратга тегишли барча соҳаларни қамраб олган, яхши амалларни тарғиб қилиб, ёмонларидан огоҳлантирган. Жумладан, мусулмон киши ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом ва бақувват бўлиш масаласида Қуръони карим ҳамда Пайғамбаримиз суннатида етарлича кўрсатмалар берилган. Хусусан, фойдали ва соғлиқ учун зарур бўлган жисмоний машғулотлар билан шуғулланишга чақириқ бор.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом жисмонан бақувват бўлгани ва саҳобаларни ҳам жисмоний фаол бўлишга тарғиб қилгани саҳиҳ манбаларда айтилган. Зеро, жисмоний фаол бўлиш, инсон танасига қувват бериб, соғлиқни сақлаш йўлида беназир усул ҳисобланади.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтади: “Бақувват мўмин заиф мўминдан кўра, Аллоҳ таолога маҳбуброқ ва яхшироқдир. Лекин ҳар иккисидан ҳам яхшилик бор”.

Инсон ҳам руҳий, ҳам жисмоний озуқага муҳтож. Руҳиятнинг озуқаси илму маърифат бўлса, унинг моддий озуқаси еб-ичмоқ ва жисмоний ҳаракатлардир. Ҳаракат инсон вужудига қувват бериш билан бир қаторда, танада шаклланаётган ҳар қандай зарарли иллатлар, касалликларни бартараф этади. Ислом дини инсонлар бақувват, жисмонан фаол бўлишига ҳеч қачон тўсқинлик қилмайди. Балки мўмин кишини ақлий, ахлоқий, жисмоний ва илмий жиҳатдан қувватли бўлишини ирода қилади. Жисмонан фаол, бақувват инсон диний ибодатлар ва дунёвий вазифаларни ғайрат-шижоат билан қийинчиликсиз бажаради. Жисмоний фаол, кучли бўлиш учун спортнинг маълум тури билан шуғулланиш шариатимизда мубоҳ амаллардан саналади. Агар соғлиқни сақлаш, бадантарбия зарурати тақозо қилса, мустаҳаб ва муҳим амалга айланади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонига назар соладиган бўлсак, биринчи навбатда, Ул зотнинг ўзлари, саҳобалар, ҳатто саҳобия аёллар ҳам жисмоний машғулотларнинг бир неча туридан фойдаланганини кўришимиз мумкин. Саҳобалар кўпгина жисмоний машқларда ўзаро мусобақалашар эди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг бу ишларини кўрар, лекин инкор қилмасдилар.

Камондан ўқ отиш ҳам уларнинг даврида ривож топган ва жисмоний фаол бўлишни талаб этувчи машғулотлардан бири бўлган. Зеро, жисмоний ҳаракатнинг мазкур тури инсоннинг билаклари бақувват бўлишини талаб этади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом: “Билиб олинг! Қувват камон отишдадир!”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврида от миниш ҳам жисмоний фаоллик саналган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким ўзарга мукофот бериш йўқ! Магар туя чоптириш, от чоптириш ва ўқ отиш бундан мустасно”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Сузиш ҳам жисмонан соғлом бўлиш, чиройли қомат шаклланишида асосий машғулотлардан бири ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Фарзандларингизга сузишни, ўқ отишни ўргатинглар! Отга бир сакраб чиқишга қодир бўлишларини айтинглар!”. Ҳаммамизга маълумки, отга бир сакраб чиқиш учун киши етарли даражада бақувват бўлиши талаб этилади. Ҳазрати Умардек зот фарзандларни мана шу даражада қувват касб қилишни, жисмонан бақувват бўлишини талаб қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ота-оналар фарзандларига бефарқ бўлмаслиги, уларнинг соғлом ва жисмоний фаол бўлиши йўлида зарур шарт-шароитларни яратиб беришни тақозо этади.

Яна Пайғамбар алайҳиссалом даврида энг кўзга кўринган, кишининг қай даражада бақувват эканини намоён қиладиган, шу билан биргаликда кенг тарқалган спорт турларидан бири, бу — паҳлавонлик — кураш тури. Унда курашувчилардан бири иккинчисини зарар ва озор бермаган, устидан масхара қилмаган ҳолда, ерга ётқизиш талаб қилинган.

Рукона ибн Абд Язид номли киши Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврида энг номи чиққан, кучли ва енгилмас курашчилардан эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни бир эмас, бир неча бор йиқитганлари сийрат ва суннат китобларида машҳурдир.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, жисмоний машғулот турларининг ичида бадантарбия, пиёда юриш ҳам соғлиқни тиклаш учун энг фойдали машғулотлардан бири. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом пиёда юрганларида саҳобалар Ул зоти шарифга ета олмаслиги баён қилинган.

Пайғамбаримиз пиёда тез юрар эдилар, лекин шошилиб юрмасдилар. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Сафарда Пайғамбар алайҳиссалом билан мусобақалашдим ва Ул зотдан ўзиб кетдим. Кейинчалик гўштим ортганда (яъни вазним ортганда) ҳам мусобақалашдим. Лекин унда Пайғамбар алайҳиссалом мендан ўзиб кетдилар. Шунда У зот: “Эй Оиша! Бу — ўшангадир (яъни биру бир бўлди)”, дедилар. Яъни ўтган сафар сен ғолиб эдинг, бу сафар мен. Иккимиз тенг бўлдик, деган мазмунда сўз айтдилар.

Бу ҳадиси шарифдан ҳам эркаклар, ҳам аёллар жисмоний тарбия билан шуғулланиши жоиз ва яхши экани маълум бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қад-қоматлари келишган, ўрта бўйли, елкалари кенг ва бақувват инсон бўлганлар. Шайх Муҳаммад Ғаззолий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қувватли бўлганларига далолат қилувчи уч воқеани зикр қилган.

Пайғамбармиз Маккадан Тоифга пиёда борганлар. Ўша пайтларда йўллар ҳозиргидек текисланган эмас эди. Қолаверса, Макка билан Тоиф орасидаги масофа тоғли, ўнқир-чўнқир йўлларга тўғри келади. Шундай бўлса-да, Ул зот Тоифга пиёда йўл босиб борганлар.

Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом икки соҳиблари — Али ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳума билан сафарга чиқдилар. Уларда биргина улов бор эди. Уни бир киши минар, икки киши эса пиёда йўл босар эди. Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа иккилари Пайғамбаримиз алайҳиссалом пиёда юриб, ўзлари уловда юришдан хижолат тортдилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга кескин жавоб қайтардилар ва сиз иккингиз мендек пиёда юришга қодир эмассизлар ва мен ҳам ажр-савобга сизлардек эҳтиёжмандман, дедилар. Шу зайлда узоқ масофани пиёда босиб ўтдилар.

Ҳандақ ғазотида саҳобалар ер ковлаш жараёнида катта бир тошга йўлиқдилар. Уни парчалашга ожизлик қилганларидан сўнг Пайғамбаримизга мурожаат этишга мажбур бўлдилар. Ул зот келиб, кирка (тош майдалайдиган) билан бир неча зарбада тошни парчалаб юбордилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Одамлар Пайғамбар алайҳиссаломга заифлик, ҳолдан тойганликлари борасида шикоят қилиб келдилар. Шунда Ул зот илдам-илдам қадам ташлаб (лўкиллаб) юришга буюрдилар. Улар Расулуллоҳнинг айтганларини қилдилар ва шу усул енгил экан, дедилар”.

Кўриб турганимиздек, динимиз инсонларни ҳар томонлама кучли, бақувват, жисмонан ва руҳан соғлом бўлишга тарғиб этади. Дангасалик, ялқовлик, ожизлик ва заифликдан йироқ бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мазкур иллатлар фориғ бўлиш учун Аллоҳдан доимо паноҳ сўраганлар. Аллоҳдан ҳар жиҳатдан офиятда бўлишни дуо қилганлар. Зеро, бақувват ва соғлом инсоннинг ибодатлари ҳам гўзал, бенуқсон бўлади. Қувватли инсон аввало, ўзи учун, қолаверса, атрофдаги, жамиятдаги инсонлар учун манфаатлидир. Куч-қувватли инсон ибодатда мустаҳкам бўлишда, ожиз инсонларга ёрдам қўлини чўзишда, жамият барқарорлигини таъминлашда, айниқса, ризқ-рўзини топиб, фарзандларини камолга етиши йўлида толиқмай меҳнат қилишда бошқаларга ўрнак бўла олади.

Жисмонан фаол бўлган киши доимо кўркам, салобатли, ғайрат-шижоатли кўринади. Соғлом танада эса соғлом ақл ва теран руҳият шаклланади. Жисмонан баркамол инсон ҳар хил иллат ва касалликлардан йироқ бўлади. Ўз саломатлигини назорат қилиш, соғлиғини сақлаш йўлида қайғуриш ҳар бир мўмин ва мўминанинг исломий бурчи ҳисобланади.

Динимизда соғлом ҳаёт тарзини йўлга қўйиш учун энг гўзал кўрсатмалар берилган. Киши соғлом ҳаёт тарзини йўлга қўйиш учун, аввало, тозаликка риоя қилиши, бадантарбия билан шуғулланиши, ўз вақтида дам олиши ва тўғри овқатланишни йўлга қўйиши зарур.

 

Ислом — ҳаракат дини

 

Минг йиллардан буён инсоният саломатликни сақлаш ва узоқ умр кўриш сирларини ўрганиб келади. Кўпчилик олимлар тажрибаларга асосланиб саломатлик гарови руҳий хотиржамлик ва жисмоний фаоллик эканини эътироф этади. Аксинча, руҳий изтироблар, ҳаракатсизлик ва ортиқча вазн эса турли касалликларни бошлаб келади. Айниқса, қулайликлар кўпайган, ҳамма нарса ўтирган жойда бошқариладиган бугунги замонда жисмоний фаоллик масаласи янада долзарб бўлиб бормоқда.

Зубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳалол ризқ учун ҳаракат қилишга қизиқтириб шундай деганлар: “Бир киши арқони билан елкасига ўтин орқалаб келиб, уни сотиши хоҳласа берадиган, хоҳламаса бермайдиган одамлар олдига бориб, тиланиб юрганидан яхшироқдир”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом умрлари давомида ҳалол ризқ талабида бўлганлар, ёшлик даврида қўй боққан бўлсалар, йигитлик даврида Хадича онамизнинг молларини сотиб, тижоратда шерик бўлганлар. Кейин эса Аллоҳ таоло Ул зотга кўп ғаниматлар ато қилди. Хайбарда бир қанча ерлари бўлиб, ўшандан чиққан маблағ билан аҳли аёлларига нафақа берар эдилар. Бошқа ҳадиси шарифда эса: “Киши ейдиган энг яхши таом қўл меҳнати эвазига келганидир. Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам ўз қўл меҳнати эвазига таом еган”, дейилади.

Ривоят қилинишича, Довуд алайҳиссалом темирчи, Одам алайҳиссалом деҳқон, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Идрис алайҳиссалом чевар ва Мусо алайҳиссалом чўпон бўлганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг яна бир чиройли одатлари шу эдики, шанба кунлари уловда ёки пиёда ҳолда Мадина чеккасидаги Қубо масжидига яқинларини зиёрат қилиш учун борар эдилар. Демак, динимизнинг буйруғи — силаи раҳм қилиш, қариндошларни зиёрат қилиш ҳам мусулмонни ҳаракатга келтиради.

Исломнинг улуғ фарзларидан яна бири — Ҳаж ибодати ҳам мусулмон кишидан фаол жисмоний ҳаракатни талаб этади. Ҳожи муборак сафари давомида бир неча ўн километрларни пиёда босиб ўтишига тўғри келади. Аллоҳ таолонинг ҳикматини қарангки, бугунги техника ривожланган пайтда ҳам пиёда юрмасликнинг иложи йўқ, чунки одамлар кўплигидан техникада юриб бўлмайди.

Динимиз мусулмонларни Ватан ҳимоясида доим шай туришини талаб қилади. Бу ҳам ҳар бир мўмин-мусул мондан жисмонан соғлом, бақувват ва чиниққан бўлишини тақозо қилади.

Одамлар орасида Ислом дини спортга қарши деган нотўғри тушунчалар юради. Аслида динимиз спортга қарши эмас, лекин унинг қиморга, шафқатсизлик ва қотилликка айланишига тоқатсиз.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларини турли жисмоний мусобақалар, отда чопиш, сузиш, ўқ отиш, кураш ва ҳоказоларга тарғиб қилардилар. Ўша мусобақалар замонавий спорт турларининг қадимги кўринишлари эди.

Шундай қилиб ихлос билан қилинган ҳар қандай ибодат соғлиғимиз гарови бўлади. Биз у ҳикматларни билсак ҳам, билмасак ҳам, кўплаб фойдалар қўлга киритилади.

Бир сўз билан айтганда, динимиз доимо инсонларнинг фаол жисмоний ҳаракатини, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб, ўзи ва ўзгаларга фойдаси тегишини олқишлайди. Соғлом бўлиш эса маънан камолотга эришишга ёрдам беради.

Аллоҳ таоло барчаларимизни жисмонан қувватли, руҳан тетик ва ҳадиси шарифда айтилганидек, ўзига маҳбуб мўминлардан бўлишимизни насиб айласин!

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий

"Янги Ўзбекистон" газетаси


Киритилган вақти: 11/02/2021 12:56;   Кўрилганлиги: 43
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/quvvatli-inson-jamiyat-uchun-manfaatlidir
Чоп этилган вақт: 01/03/2021 08:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг