Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ НОЗИЛ БЎЛА БОШЛАШИ

 
 

Макка. Хиро ғори. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ёлғиз ибодат қилмоқдалар. Шу чоқ Алақ сурасининг айрим оятлари нозил бўла бошлади. Бу Қурьони Карим нозил бўлишининг аввали эди! Қурьон шу тариқа Аллоҳ таоло томонидан ўз бандаларига нозил этила бошлади! Қуръони Каримнинг нозил бўлиши 23 йил мобайнида давом этди.

Қуръон суралардан иборат. Сура Қуръони Каримнинг бир бўлаги, у уч ёки ундан ортиқ оятни ўз ичига олади. Қуръони Каримда 114 та сура бўлиб, ҳар бирининг ўз номи бор. Баьзи сураларнинг аталиши унинг дастлабки сўзларидан олинган. Айримлариники эса мазкур сурада кўпроқ зикр этилган нарсаларнинг номига қўйилган. Маьлумки, Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни билмаганлар. У зот Қуръон оятларини фариштадан эшитиб, ёд олганлар ва шундан сўнггина мусулмонларга уларни ўқиб эшиттирганлар. Ўша кезларда саводли кишилар ваҳийни – Қуръони Каримнинг илк оятларини ёд ола бошладилар. Ҳат-саводни эгаллаган Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каьб сингари зотлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларида хурмо пўстлоғига, япалоқ-ясси тошларга, ҳайвон суяклари ёхуд териларга Қурьон лафзларини қайд этиб борганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир янги оятнинг қайси сурага тааллуқли эканлигини ва ўрнини дастлабки Ислом котибларига тушунтириб берганлар. Қурьон суралари шу тариқа 23 йил асносида ёд олинган ва хатга битилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг "Қуръон ва суннатдаги илмий мўжизалар" китобидан,

Пахтачи тумани бош имом-хатиби Исроил домла Амириллаев


Киритилган вақти: 29/12/2021 14:43;   Кўрилганлиги: 890
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/quroni-karimning-nozil-bola-boshlashi
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 21:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг