Қуръондаги такрорлар ва уларнинг сирлари “Такрор” сўзини луғат ва истелоҳ жиҳатдан таърифи давоми
Гапни яхшироқ қабул қилишлари учун танбеҳни зиёда қилиш.
Аллоҳ таоло айтади:
وَقَالَ الَّذِي آمَنَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُونِ أَهْدِكُمْ سَبِيلَ الرَّشَادِ (38) يَا قَوْمِ إِنَّمَا هَذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا مَتَاعٌ[1]
“Иймон келтирган киши: “Эй қавмим, менга эргашинглар, сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан. Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир, матоҳ, холос”, деди”.
Бу оятда ҳам айни шу сабабдан нидо икки марта такрорланди.
-Агар гап чўзилиб кетса ва биринчи гап унутилиб қўйишидан қўрқилса, иккинчиси такрорланади:
Бунга қуйидаги оятлар мисол бўла олади:
ثُمَّ إِنَّ رَبَّكَ لِلَّذِينَ عَمِلُواْ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ تَابُواْ مِن بَعْدِ ذَلِكَ وَأَصْلَحُواْ إِنَّ رَبَّكَ مِن بَعْدِهَا لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ[2]
“Сўнгра, албатта Роббинг билмасдан ёмон амал қилганларга, ундан кейин эса тавба қилиб яхши амалларни қилганларга, албатта, Роббинг ўшандан сўнг мағфиратли ва раҳмлидир”,
لاَ تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَفْرَحُونَ بِمَا أَتَواْ وَّيُحِبُّونَ أَن يُحْمَدُواْ بِمَا لَمْ يَفْعَلُواْ فَلاَ تَحْسَبَنَّهُمْ بِمَفَازَةٍ مِّنَ الْعَذَابِ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ[3]
“Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама. Уларга аламли азоб бор!”,
إذْ قَالَ يُوسُفُ لِأَبِيهِ يَا أَبتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَبًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ[4]
“Юсуф отасига: «Эй отажоним, мен ўн битта юлдузни ҳам қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим», деганини эсла”.
-Шаънини улуғлаш, чўчитиш. Масалан:
الْحَاقَّةُ (1) مَا الْحَاقَّةُ[5]
“Ал-Ҳааққоҳ. Ал-Ҳааққоҳ нима ўзи?!”,
الْقَارِعَةُ (1) مَا الْقَارِعَةُ[6]
“Ал-Қориъа. Ал-Қориъа нима?”,
فَأَصْحَابُ الْمَيْمَنَةِ مَا أَصْحَابُ الْمَيْمَنَةِ[7]
“Ўнг тараф егалари. Ўнг тараф егалари не(саодатлилар)дир!”[8]
Баъзи оятлар ва қиссалардаги такрорнинг фойдалари:
Абулфараж ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар: “Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!” оятини такрор келтиришнинг нима фойдаси бор” дейилса, Бунга жавоб қуйидагича: бу такрорлаш сабаби неъматларни қарор топдириш ва уларни яна ҳам таъкидлаб эслатишдир.
Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кафирун сурасидаги такрор таъкидлаш ва уларнинг умидларини кесиб ташлаш учунлиги айтилаган. Бу ҳудди “Аллоҳга қасамки буни қилмайман. Аллоҳга қасамки, буни қилмайман”, деганга ўхшайди. Аҳли илмлар шундай деб айтишган:
“Қуръон араб тилида нозил бўлган. Уларнинг услубларидан таъкидлаш ва яхшироқ англатиш мақсадида такрорлаш услуби бор. Ҳудди шундай уларнинг услубларидан енгиллик учун қисқартириш, қисқа келтириш ҳам бор. Чунки, нотиқнинг бир услубга чекланиб қолмасдан бошқа услубларга ўтиши яхши ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади:
فَبِأَيِّ آلَاء رَبِّكُمَا تُكَذِّبَانِ[9]” “Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!”,
وَيْلٌ يَوْمَئِذٍ لِّلْمُكَذِّبِين[10]”
“Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин”,
كَلَّا سَيَعْلَمُونَ (4) ثُمَّ كَلَّا سَيَعْلَمُونَ[11]
“Йўқ улар тезда биладилар! Яна йўқ уларда тезда биладилар!”,
فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا[12]”
“Бас, албатта, бир қийинчилик билан осонлик бордир. Албатта, бир қийинчилик билан осонлик бордир”.
Бу оятларнинг барчаси таъкидлаш учундир”.[13]
Қуръони Каримдаги такрорнинг яна бир боиси ушбу оятнинг кўп такрорланишини ўрганиш орқали англанади.
Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин. «Вайл» бу оятда «ҳолига вой» бўлсин деган маънони англатади. Ушбу ояти карима «Мурсалат» сурасида ўн марта такрорланган. Бу усул араб тилининг фасоҳати ва балоғати нуқтаи назарида юқори даражали усул ҳисобланади. Чунки у бежизга ўн марта такрорланмаган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг маҳбуб Пайғамбари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга ушбу «Мурсалат» сурасини нозил қилар экан, зора кофирлар иймонга келсалар, деган мақсадда улардан олдин ўтган қавмлар ҳолатини эслатади. Инсонни бир томчи ҳаром сувдан, яъни нутфадан яратилганлигига ишора қилади. ҳаммани она қорнида зарарсиз сақланадиган қилдик дейди. Ернинг яратилишига, бу мағрур тоғларнинг, улардаги зилол булоқ сувларининг ризқ учун бериб қўйилганлигига ишора қилади. Хуллас, суранинг охирги оятигача ўз қудратини қайта-қайта мисоллар билан эслатаверади. Зора кофир бандаларим иймонга келса, зора маҳбубимнинг даъватлари бекор кетмаса. Бу ношукр бандалар шунда ҳам Аллоҳнинг ягоналигини, қиёмат кунининг муқаррарлигини инкор қилади. Парвардигор уларнинг нақадар тубанликка юз тўтганлигидан ғазабланиб, энди улар ҳолига «вайл бўлсин», «вайл бўлсин» дея хитоб қилади. Бу хитоб сураи карима охиригача қаттиқ бир оҳонглаштириш бўлиб янграйверади, янграйверади.[14]
Исаев Исомиддин Нарпай тумани бош имом-хатиби
[1] “Ғофир” сураси 38-39- оят
[2] “Наҳл” сураси 119-оят
[3] “Оли Имрон” сураси 188-оят
[4] “Юсуф” сураси 4-оят
[5] “ал-Ҳааққоҳ” сураси 1-2- оят
[6] “ал-Қориъа” сураси 1-2- оят
[7] “Воқиъа” сураси 8- оят
[8] “Итқон фи улумил Қуръан” (282, 281/3) “Нидо муассасаси” босмаси.
[9] “Роҳман” сураси 13- оят
[10] “Мурсалат” сураси 19 оят
[11] “Набъа” сураси 4-5-оятлар
[12] “Шарҳ” сураси 5-6 оятлар
[13] “Тафсирул Қуртубий” (20/226)
[14] Зикр аҳлидан сўранг. Savollar. Islom.uz Internet sayti
Киритилган вақти: 07/06/2022 15:03; Кўрилганлиги: 740
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 23:15