Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қурбонликнинг фазилати ва савоби – Қурбонликнинг илк томчиси тушганида Аллоҳ таоло гуноҳларни кечиради

 
 

Аллоҳ таоло учун жонлиқ сўйиш Ислом динининг шиорларидан, гўзал анъаналаридан ва шариатимиз буюрган буюк ишлардан ҳисобланади. Унинг ҳикмат ва фазилатлари беқиёсдир. Аввало бу иш бандани Аллоҳга яқинлаштиради. Шу боис ҳам қурбонликни соф ният билан, Аллоҳга қурбат ҳосил қилай, Унинг розилигини топай, деган покиза мақсадларда амалга ошириш лозим.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Одам боласи Наҳр кунида қон чиқаришдан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон амални қилмайди. (Аллоҳ таоло учун сўйилган) жонлиқ қиёмат кунида шохлари, юнглари ва туёқлари билан келади. Қасамки, унинг қони ҳали ерга тўкилмасдан бурун Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомга тушади (яъни ҳали унинг қони ерга тушмасдан бу амалнинг савоби Аллоҳ ҳузурида юксак ўринга ёзиб қўйилади). Бас, қилаётган қурбонлигингиз билан шодланинг” (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки, қурбонлик қонининг биринчи қатра томчиси билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар. Шунда у (Фотима онамиз): “Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат биз оли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” дедилар. Шунда у зот: “Биз ва барча мусулмонлар учун” дедилар” (Имом Ҳоким ривояти).

“Қурбонлик” арабчада “узҳийя” сўзи билан ифодаланади. “Узҳийя”нинг луғавий маъноси ҳақида “у – қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг номи”, дея таъриф берилган. Қурбонликнинг шаръий моҳияти ҳақида эса уламолар бир-бирига яқин маънода кўплаб таърифлар берганлар. Жумладан, фиқҳий китобларда “Ҳидоя” асарининг шарҳи “Иноя”да: “(Қурбонлик) махсус жониворни махсус вақтда сўймоқ, у вақт эса азҳо кунидир”, деб келса,  “Ад-дурр ал-мухтор” асарида эса “(қурбонлик) шаръан: махсус ҳайвонни махсус вақтда қурбат нияти билан сўймоқдир” деган таъриф келади.

Қурбонлик иккинчи ҳижрий санада жорий бўлган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. У – ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан чиқади.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва У киши орқали бутун мусулмон умматини шу ишга буюрган: “Бас, Раббинг учун намоз ўқи ва жонлиқ сўй!” (Кавсар сураси, 2-оят). Машҳур тобеинлардан Қатода, Ато ва Икрима раҳматуллоҳи алайҳимлар оятдаги “намоз ўқи” иборасини “ҳайит намозини ўқи” дея изоҳлаганлар. Шунга кўра, ҳожилар ва бошқа қурбонлик қилувчилар ҳайит намози ўталгандан сўнг жонлиқларини сўядилар. Ҳадиси шарифлардан эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далилдир. “Кимки, имкони бўлатуриб қурбонлик қилмаса, бас, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин” (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари).

Қурбонлик учун чорва ҳайвонлари сўйилади. Улар: туя, сигир ва қўйдир. Бунда уларнинг эркак ва урғочи жинслари тушунилади. Қўй деганда эчкилар ҳам назарда тутилади. Демак, туя, сигир, қўй ва эчкилар қурбонликка яроқли ҳайвонлар ҳисобланади.

Қурбонлик қилинадиган жонлиқ маълум шартларга жавоб бериши керак. Акс ҳолда қурбонлик дуруст бўлмайди. Қуйида ана шулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

  1. Жонлиқнинг ёши

Қурбонлик учун сўйиладиган жонивор қурбонлик ёшига етган бўлиши шарт. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Фақат мусиннани сўйинглар. Илло, агар бу иш сизларга қийин келса, қўйдан жазаъ бўлганини сўйсангиз ҳам бўлаверади” (Муслим ривоятлари). “Мусинна” деб туя, мол, қўй ва эчкилардан “саний” ёшига тўлганларига айтилади. “Саний” умрининг иккинчи босқичига ўтган – ўрта ёшли дегани бўлиб, у “жазаъ” ёшидан кейинги босқичдир.

Туянинг “саний”си деб туғилганига беш йил тўлгани айтилади. Сигир ва буқанинг “саний”си эса туғилганига икки йил тўлгани бўлади. Қўй ва эчки эса бир йилда “саний” бўлади. Қўйдан “жазаъ” бўлгани туғилганига олти ой тўлиб, еттинчи ой кетганидир.

  1. Жонлиқ қурбонликнинг дуруст бўлишига монеълик қилувчи айблардан саломат бўлиши керак.

Модомики, қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш мақсадида амалга ошириладиган иш деб эътибор қилинар экан, бу иш учун энг яхши, энг сара, семиз, соғлом ва айбу нуқсонлардан холи бўлган жониворни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қурбонлик учун сўйиладиган жонивор албатта ҳалолу покиза молдан бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло хуш ва покизадир, фақат хуш ва покиза нарсаларнигина қабул қилади.

 Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Тўрт хил жонивор қурбонликка ярамайди: 1. Шапкўрлиги билиниб турган даражадаги шапкўр жонивор. 2. Касаллиги билиниб турадиган даражадаги касал жонивор. 3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражадаги оқсоқ жонивор. 4. Оёқда туролмайдиган даражадаги беҳол-мадорсиз жонивор” (Сунан соҳиблари ривоят қилишган). Ушбу ҳадис қурбонликка путур етказувчи айб-нуқсонларни билишда асос кабидир. Юқоридаги ҳадисга биноан ва қиёсан уламолар қуйидаги сифатга эга бўлган жониворларнинг қурбонликка ярамаслигини айтадилар:

  1. Шапкўр жонивор.
  2. Кўзи кўр жонивор.
  3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражада оқсоқ жонивор.
  4. Бир оёғи кесилган жонивор.
  5. Касаллиги кўриниб турган касал жонивор. Қўтир бўлган ёки баданига яра тошган жонивор ҳам шу жумладандир. Чунки, бундай касалликлар жониворнинг хилқатига таъсир қилади, семиришига йўл қўймайди.
  6. Оёқда туролмайдиган даражада қилтомоқ бўлиб қолган, мажолсиз жонивор.
  7. Қулоғининг ҳаммаси ёки бир қисми кесилган жонивор.
  8. Қулоғи тешилган ёки қулоқ супраси ўртасидан кесилиб, ёриқ пайдо қилинган жонивор.
  9. Белги учун қулоғи тешиб қўйилган жонивор.
  10. Шоҳи кесиб ёки суғуриб олинган жонивор. Аммо ўзи шоҳсиз туғилган бўлса, қурбонликка ярайди.
  11. Бурни кесиб олинган жонивор.
  12. Думи кесиб ташланган жонивор. Аммо ўзи думсиз яратилган бўлса, гарчи айрим уламолар буни ножоиз санаган бўлсалар ҳам уни қурбонлик қилиш жоиз.
  13. Думбаси кесиб олинган жонивор.

Қурбонлик сўйишнинг биринчи вақти ҳайит намози билан хутба ўқилгандан сўнг бошланади ва ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботганда тугайди. Бошқачароқ ибора билан айтилса, қурбонлик уч кун давомида сўйилади: қурбон ҳайити куни ва унинг кейинидан келувчи ташриқ кунларининг илк икки кунида. Бироқ энг афзали қурбонликнинг ҳайит намози ўқиб бўлиниши билан амалга оширилишидир. Ҳайит намозидан аввал ёки қурбонликнинг охирги вақтидан кейин сўйилган жонлиқ шаръий қурбонликка ўтмайди. Бунга юқорида айтиб ўтилган мана бу ҳадис далолат қилади. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни ҳайит намозидан сўнг бизларга ваъз қила туриб шундай дедилар: «Бугунги кунимизда биринчи бўлиб қиладиган амалимиз(ҳайит) намозни ўқишимиз, сўнгра (уйга) қайтиб жонлиқ сўйишимиздир. Кимки шундай қилса, унинг иши суннатга мувофиқ келибди. Кимки намоздан аввал сўйган бўлса, у бор-йўғи оиласига тақдим қилган гўштдир, холос. Бу куннинг маросимидан (яъни қурбонликдан) эмас».

Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) наздида қурбонлик вақти ҳайит намози ўқилмайдиган чекка ва қишлоқ жойлар аҳолиси учун қуёш чиққандан кейин киради. (Яъни, улар бомдоддан сўнг бир муддат ўтиб, қуёш чиққандан кейин сўяверсалар бўлади). Аммо, ҳайит намози ўқиладиган шаҳар жойларда эса ҳайит намози ва хутбаси ўқилгандан кейингина қурбонлик вақти киради. Унгача сўйилган жонлиқ қурбонликка ўтмайди.

Туя ва сигирни қурбонлик қилишда етти киши иштирок этиши жоиз. Яъни, масалан, етти киши тенг пул ташлаб туя ёки сигир сотиб олишади ва уни ўз номларидан сўйишади. Шунда ҳаммалари қурбонлик қилган бўладилар. Аммо қўй ва эчкиларда эса шерикчилик мумкин эмас. Битта қўйни фақат бир киши сўйиши мумкин.

Инсон ўзи амалга оширган қурбонлигидан ейиши жоиз. Ҳанафий мазҳаби уламоларнинг сўзларига кўра, қурбонликнинг гўшти уч қисмга бўлинади. Учдан биридан унинг соҳиби ейди, яна учдан бирини фақир-мискинларга садақа сифатида улашади, қолган учдан бирини эса қариндош-уруғ, ёр-биродарларга ҳадя қилади. Агар қурбонлик эгаси қурбонликнинг учдан биридан кўпроқ миқдорда истеъмол қилса, бу ҳам жоиздир. Агар қурбонлик қилувчи одамнинг болачақаси кўп, ўзи эса қўли калтароқ бўлса, оила аъзоларига кенгчилик юзасидан уни садақа қилмаслик, балки уйида қолдириш афзал ҳисобланади.

Аллоҳ таоло ушбу кириб келаётган Қурбон ҳайит байрамини барчамизга муборак қилсин! Қиладиган қурбонликларимизни Ўзининг розилиги учун ҳусни мақбул айласин!

 

Хайруллоҳ домла Саттаров,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари


Киритилган вақти: 19/07/2021 08:53;   Кўрилганлиги: 32
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/qurbonlikning-fazilati-va-savobi-qurbonlikning-ilk-tomchisi-tushganida-alloh-taolo-gunohlarni-kechiradi
Чоп этилган вақт: 28/07/2021 09:31
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг