Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

 
 

- Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, 09 июл куни юртимизда Қурбон ҳайити байрам сифатида кенг нишонланади.

Ушбу кунларда амалга ошириладиган тадбирлар  Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмасига риоя этган ҳолда адо этилиб, бунинг учун керакли шарт-шароитлар яратилди.

Жумладан, вилоятимиздаги 278 та масжидда ҳайит намози ўқилади. Ушбу 278 та масжидларда намозхонлар учун барча шароитлар яратилган.

Яратганга беадад шукрларки, эзгу амаллар, фазилатли ишлар билан Қурбон ҳайитини нишонлаяпмиз. Байрам олдидан, умуман, байрам кунларида имом-хатиблар, саховатпеша кишилар томонидан маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга мурувват ёрдамлари кўрсатилади. Бу хайрли юмушлар ҳайит кунлари ҳам давом этади.

Имоми Аъзам мазҳабига кўра қурбонлик куни ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонлик қилиш закот ва фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмоъ билан собит бўлган.

Қурбонликнинг вожиблигига далиллар: “Бас, Раббинга намоз ўқи ва жонлиқ сўйиб қурбонлик қил!”. (Кавсар сураси, 2).

Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Унинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.

Қурбонлик қилувчи  ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин, қурбонликни ўз қўли билан сўйса афзал, қурбонликни сўйишда «Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар!» демоқ керак,қурбонликни сўйиш пайтидан кимданлигини айтиш мумкиндир.

Қурбонлик куни Аллоҳ таолонинг амри билан исломий байрам ҳисобланади.

Ушбу кунда имкони бор кишилар қурбонлик қилиб, имкони йўқ кишилар билан биргаликда хурсандчилик ўтказадилар.

Қурбон ҳайитининг биринчи куни ҳайит намозидан кейин ҳайитнинг учинчи куни шом намози киргунгача қурбонлик қилиш мумкин.

Қурбонлик гўштини бир қисмини оиласига, яна бир қисмини камбағал қўшниларга, яна бир қисмини қариндошларга ҳам тарқатилади. Агар оила таъминотига керак бўлса, қўшниларга тарқатмасдан, гўштни бир ой ичида ишлатиши мумкин. Қурбонлик қилинган жонлиқнинг териси ва калла почаси сотилмайди, садақа қилиниб юборилади.

 

Хайруллоҳ Саттаров - ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари


Киритилган вақти: 08/07/2022 14:17;   Кўрилганлиги: 341
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/qurbon-hayiti-barchamizga-muborak-bolsin-azizlar
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 08:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг