ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ
Ислом шариатида қўни – қўшничилик муносабатларига жиддий аҳамият берилгани ва жамият тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги йўлида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланади. Қуръони карим оятларида ва ҳадиси шарифларда чиройли қўшничилик одоблари улар ўртасидаги инсоний муомалалар ҳақида батафсил айтилган. Жумладан, “Нисо” сурасининг 36-оятида “…Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яхшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию, бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.
Қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари нақадар муҳим эканлигига ишорат қилиб, жаноб Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар: “Жаброил а.с. менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқларини шунчалик узоқ уқтирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишини ҳам тайинласалар керак, деган ҳаёлга бордим”.
Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай буюрдилар: “Кимга мулойимликдан насиба берилган бўлса, демак, унга дунё ва охират яхшилигидан насиба берилибди. Силаи раҳм, ҳусни хулқ, яхши қўшнилик юртни обод қилади, умрни узайтиради”.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни: “Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди!” дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, ким (мўмин бўлмайди)?” деб сўрашди. У зот: “Қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмайдиган киши”, деб жавоб бердилар.
Муоз ибн Жабал р.а. ривоят қилиб айтадиларки: Расулуллоҳ с.а.в.: “Қачон уйингда бирон шўрва каби таом пиширсанг, сувини кўпроқ қуй ва қўшнингнинг оила аъзоларига ҳам бир миқдор насиба бериб, йўқлаб тур” деганлар.
Қўшнига азият етказмаслик, қўшнидан келадиган ғам-ташвишга сабр қилиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларига азият берадиган ғайридин қўшниларига ҳам чиройли муносабатда бўлганлар.
Абдуллоҳ ибн Муборак (розияллоҳу анҳу)нинг бир яҳудий қўшниси бўлиб, ҳовлисини сотмоққа тутинди. Ундан қанчага сотишини сўрашганида, икки минг динорга сотишини айтди. Одамлар, бунинг нархи минг динордан ортиқ эмас, дейишганида, уй эгаси: “Минг динор ҳовли учун, яна минги Абдуллоҳ ибн Муборакка қўшнилик учун”, деди. Бу гапдан Абдуллоҳ ибн Муборак хабар топиб, муҳтожликдан уйини сотаётганини билгач, унга минг динор бериб: “Ҳовлини сотма”, дедилар.
Расулуллоҳ с.а.в.га бир аёлни мақташибди: “Бир аёл борки, кечалари бедор бўлиб намозлар ўқийди, кундузи рўза тутиб, садақа ва эҳсонлар қилади. Аммо, қўшниларига тили билан озор бериб туради”. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. “Ундай аёл мақтовга сазовор эмас, балки у дўзах аҳлидандир”, – деган эканлар.
Яна: Ҳасан Басрий айтадиларки: “Ҳуснул живор”, яъни яхши қўшничилик деб фақат зарар етказмасликни эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб жанжал кўтаравермасликни айтурлар.
Тушунмовчилик орқали қўшнилар ўртасига баъзан хафачиликлар тушиб қолса, бир-бирлари билан узоқ вақт аразлашиб, гаплашмай, ҳатто саломлашмай юриш мусулмончиликка умуман тўғри келмайди.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кўшнилар уч хил бўладилар. Битта ҳаққи бор қўшни. У ҳаққи энг оз қўшнидир. Иккита ҳаққи бор қўшни. Учта ҳаққи бор қўшни. Буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон қариндош қўшнидир. Унинг мусулмонлиқ, қариндошлик ва қўшнилик ҳақлари бордир”, дедилар.
Хулоса қилиб айтганда, мусулмон инсон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тутган ҳолда қўшниларига гўзал муносабатда бўлиши керак. Бу чиройли муносабат оилалар ўртасида меҳр-муҳаббат, иттифоқчилик, бирдамликка сабаб ўлароқ жамиятимизнинг янада равнақ топишида ўз самарасини беради.
Аллоҳ таоло барчаларимизни қўшнилар билан чиройли муносабатда бўладиган бандалари сафидан қилсин.
Жаҳонгир Хатамов Самарқанд шаҳар “Хўжа Абду Мўмин” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 07/12/2022 16:11; Кўрилганлиги: 392
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 10:44