ҚАВМИНИНГ ҚАНДАЙ ҲАМ ЁМОН ОДАМИ У!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг барча гаплари ҳикмат эди. у зот билан бўлган ҳар-бир лаҳза дарс эди. у зот саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир лаҳзалари кумуш лавҳаларга олтин ҳарфлар билан ёзилиши лозим бўлган лаҳзалардир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шунақанги инсон эдиларки, у зотга ўхшагани башарият тарихида учрамайди. Бунинг ўзи алоҳида ҳикмат, алоҳида дарс. Бунинг ўзи алоҳида ёзилиши шарт!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Оиша онамиз розиёллоҳу анҳонинг олдиларида ўтирган эдилар. Бир киши киришга изн сўради. Расулуллоҳ аллоллоҳу алайҳи ва саллам:
“Рухсат беринглар, қавмининг қандай ҳам ёмон одами у!”, дедилар.
У киши киргач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга табассум билан юмшоқ сўзларни гапирдилар. У киши кетгач, Оиша онамиз розиёллоҳу анҳу дедилар:
-Эй Аллоҳнинг Расули! У киши киришга изн сўраганда айтган гапингизни айтингиз. Сўнгра унга табассум қилиб ўзингизни хурсанд кўрсатдингиз?!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Эй Оиша! Менинг фаҳш гапларни гапирганимни қачон кўргансан? Қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида энг ёмон одам кишилар унинг ёмонлигидан қўрқиб тарк қилган одамдир!
Бу муросасозлик борасидаги энг етук дарслардандир. Баъзилар муросасозлик билан мунофиқлик орасини ажрата олишмайди. Бу эса одамлар билан қилинадиган муомала одобини нотўғри тушунишдир!
Дунёда баъзи бир ўхшаш ишлар бор. Кўпчилик уларни бир-бирига аралаштириб юборади. Аммо диққат билан қаралса улар орасидаги фарқ яққол кўринади. Улар орасида қилчалик фарқ бор. Буни илғаган киши ҳаётнинг маъносини англабди.
Муросасозлик ва мунофиқлик орасини аралаштириб юборадиган киши худди бахиллик ва иқтисод орасини, қўрқоқлик ва эҳтиёткорлик орасини, бемулоҳаза киши билан шижоатли киши орасини, сурбетлик ва мардлик орасини, исрофгар ва сахий киши орасини аралаштириб юборган кишига ўхшайди.
Гоҳида шароит сизни золимга зулми ҳақида гапиришдан ман қилади. Бу муроса. Мунофиқлик эса золимнинг зулмига қарсак чалишдир. Ҳақни айтмаслик ботилга розиликни англатмайди. Ботилга розилик унга қарсак чалиш ва ботил аҳлини қўлини сиқишдир. Ҳақ гапни айтиш эса асл қоида бўлиб қолаверади.
Булардан ҳам муҳими қавмимизнинг энг ёмон одами бўлмаслигимиздир.
Гапларинг қўполлиги ва табиатинг ёмонлиги учун ота-онанг сенга ўйлаб гапиришса, қўлинг югураклигидан қўрқиб хотининг сендан қўрқиб муомала қилса, хулқинг ёмонлиги учун фарзандларинг сен билан муросасозлик қилишса, қўшниларинг сендан худди портлаб кетадиган мина сингари қўрқиб муомала қилишса, ҳамкасбларинг азиятинг ва касофатингдан қўрқиб ишда сен билан муросасозлик қилишса, ҳамнишинларинг сени гап ташишингдан қўрқишиб сенинг олдингда ўйлаб гапиришса демак сен қавмингни энг ёмон одамисан!
Ота-онанг сен билан роҳатланиб суҳбат қуришса, хотининг сен билан суҳбат қилганда омонликни ҳис қилса, фарзандларинг сен билан худди ўртоқлари билан гаплашгандек гаплашишса, қўшниларинг сен билан беихтиёр гаплашишса, ҳамкасбларинг сен билан оддий гаплашишса демак сен буюк инсонсан. Улар сенинг буюк хулқинг сабабидан сен билан шундай муносабатда бўлишди!
Ривоят қилинишича, бир куни халифа Маъмун аъёнлари олдида бир ходимини чақирди. У жавоб бермади. Иккинчи бор чақирди. У яна жавоб бермади. Учинчи марта чақирганида ходими чиқиб келдида деди:
-Бу қанақа қаср бўлди?! Сал кўзга кўринмасанг “Эй ходим....эй ходим!”, деяверишади.
Унинг гапини эшитган Маъмун соқолини ушлаб жим туриб қолди. Атрофидагилар ходимнинг қони сачрамаслиги учун юзларини чопонлари билан беркитишди. Улар халифа ҳозир ходимниг бошини олади деб ўйлашди. Аммо халифа бошини кўтариб деди:
-Агар подшоҳларнинг хулқи яхши бўлса қулларининг хулқи ёмонлашади. Агар подшоҳларнинг хулқи ёмонлашса қулларининг хулқи яхшиланади. Мен ёмон хулқимни қулларимнинг яхши ахлоқи эвазига сотиб олмайман!
Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов
Киритилган вақти: 25/01/2022 08:35; Кўрилганлиги: 872
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 17:55