Қариндошлик риштасини маҳкам боғланг!
Аллоҳ таоло биз бандаларига шу қадар меҳрибонки, Ўзининг розилигини яхши амаллар ичига беркитган. Бандалар Роббисининг розилигини шахсий ва ижтимоий ибодатларни холис адо этиб, уларни биргаликда олиб бориши билан ҳосил қилади. Мўмин киши намоз ўқиб, кишилар ўртасида чиройли муомила қилмас экан, ибодатлари билан роббисини рози қилолмайди. Ёки бунинг акси ҳам худди шунингдек. Кишилар ўртасидаги чиройли муомилалардан бири — Силайи раҳмдир.
Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, қотиур-раҳм бўлиб, у энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси 215-оят).
Қариндошлик ришталарини боғлашга бўлган эътибор нафақат бизнинг динимизда, балки биздан олдинги динларда ҳам бўлгандир.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”, – деб аҳд олган эдик. Кейин (сиз, эй, Исроил авлоди,) озчилик қисмингиздан бошқангиз ушбу аҳддан юз ўгирдингиз”
(Бақара сураси, 83-оят).
Қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсонни ризқини кенг ва умрини узун бўлишига сабаб бўлади. Силаи раҳм қиладиган инсон бу дунёда кўп яхшиликларга эга бўлиш билан бирга охиратда улуғ ажру мукофотлар соҳибига айланади.Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир”(Имом Бухорий ривояти).
Демак, бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалар яқин бўлаверади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, силаи раҳм қилишлик билан инсоннинг умри зиёда, моли кўп, ризқи кенг бўлади, ажали орқага сурилади, ўз аҳли ва қариндошларининг муҳаббатига сазовор бўлади.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларини силаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.
Ривоятларда келтирилганидай, ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узишдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ», деганлар».
Абдуллоҳ ибн Абу Авфдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ораларида қариндошлик алоқасини узувчиси бор қавмга раҳмат тушмайди», деганлар».
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганлар».
Хулоса қилиб айтганда, силаи раҳм мўминларга хос сифат бўлиб, ҳар бир мўмин-мусулмон бунга эътибор бериши муҳимдир. Хусусан, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати жўшиб турган муборак Рамазон кунларида меҳр-оқибатларимизни бир-бирларимиздан дариғ тутмасак, бу ойнинг шукуҳига ҳамоханг амал қилган бўламиз. Ана шунда қариндошлар орасидаги силаи раҳмни мустаҳкамлаб, Аллоҳ ва унинг Расули севган бандалар қаторига қўшиламиз, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло барчаларимизни рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкам бўлишини насибу рўзи қилсин. Ўзининг розилигига олиб борадиган амалларда барчаларимизни бардавом қилсин! ОМИН.
Тўлқин Равшанов — Булунғур туман бош имом-хатиби
Киритилган вақти: 13/08/2020 11:39; Кўрилганлиги: 1302
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 13:54