Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қабристонлар ободлиги – халқимиз маънавияти кўзгуси

 
 

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки у ўлимни эслатади”. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

 Халқимизда “Бирор юртни яхшироқ билмоқчи бўлсанг, унинг бозорини ва мозорини зиёрат қил”, деган нақл бор. Дарҳақиқат, бозорлар юртнинг нечоғли фаровон ёки абгор эканини кўрсатса, қабристонлар бу ўлка аҳлининг маънавий дунёси, аждодлар меросига муносабати ва иймон-эътиқоди даражасини ифода этади.

Шукрки, юртимизда улуғ аллома ва мутафаккирларнинг муборак ҳоки абадий қўним топган қадамжоларни ободонлаштириш азалий анъанага айланган. Истиқлол йилларида бу анъана янада мустаҳкамланиб, буюк аждодларимизнинг мақбарлари обод қилинди, шу билан бирга бу қадамжолар негизида илмий-маърифий муассасалар очилди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро  илмий-тадқиқот маркази очилгани, Имом Мотуридий номидаги илмий марказга очишга ҳозирлик кўрилаётгани бу фикрнинг ёрқин тасдиғидир.

Айни пайтда халқимиз ўтиб кетган яқинларининг қабрларини озода ва покиза сақлаш, ён-атрофини обод қилишга ҳам алоҳида эътибор беради. Қабристонларимизга кирган киши яшнаб турган майсаларнинг саловат айтаётганини ўз қулоқлари билан эшитгандек, жилғаларда шарқираб оқаётган сувнинг заррин товланишидан, узоқ-яқиндан элас-элас келаётган тиловатдан кўнглида алланечук ҳис-туйғулар жўш уради. Зеро, қабр инсоннинг охирги манзили бўлиб, тирикларга ҳаёт неъматлари учун шукр қилиб яшаш, уларни қадрлаш, охиратни ёд этиш заруратини мудом эслатиб туради. Шу маънода, кексаларимиз ва уламоларнинг қабрларни обод ва кўркам сақлаш ҳақидаги даъватлари ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмаган. Бу ўгитлар айниқса бугунги кунда ҳаётимизда янада кенг алфозда ўзининг амалий инъикосини топмоқда.

Лекин, минг афсуски, қабристонга муносабат ҳамма жойда ҳам мазкур анъанага мувофиқ келмаяпти. Айримлар қабристон учун ажратилган ердан бир қарич бўлса ҳам ўзлаштириб олишга, марҳумларнинг тинчини бузиб, улар тепасида чорва боқишга, шу тариқа энг сокин жойни оёқости қилишгача бормоқда. Ваҳоланки, ислом таълимоти бўйича кишининг ўлигига етказилган озор унга тириклигида етказилган озор билан баробардир. “Маййитнинг суягини синдириш худди тириклигида синдириш кабидир”, дея Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитларнинг ҳурматини жойига қўйиш лозимлиги, айниқса, қабрлар масаласида жуда эҳтиёт бўлиш муҳимлигини таъкидлаганлар. Шунингдек, шариатимиз кўрсатмалари бўйича қабристон вақф ери ҳисобланса, ундаги ўт-ўлан ва дов-дарахтлар ҳеч кимнинг шахсий мулки эмаслиги бот-бот айтилса ҳам, бу сокин масканлардан ўз манфаати йўлида чорва озуқаси манбаи сифатида фойдаланаётганлар йўқ эмас.

Яна бир аянчли жиҳат – баъзилар ўзининг ўтиб кетган ота-онаси ёки бошқа яқинларининг қабрларини нафақат ободонлаштирмайди, балки мутлақо зиёрат ҳам қилмайди. Қабристонга қадам қўяр экансиз, айрим дўппайиб турган қабрлар чакалакдек кўзга нохуш кўриниши, теварак атрофи ивирсиб ётиши беихтиёр дилингизни хира қилади. Ахир, ўтганлар ёди шуми, биргина қабрни супуриб-сидириб қўйиш шунчалар машаққатми?! Бу хусусда кимгадир дакки бериш, кимгадир ақл ўргатиш ё маслаҳат солишнинг ўзи кишига эриш туюлади. Масалан, қўлимизни чайгандан кейин уни сочиқ ё рўмолчага артишни бизга бирор киши мудом ўргатиб, эслатиб турмайди-ку. Қабрни обод тутиш ҳам ана шундай одат, ахир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Жаброил келиб:

Робинг сени аҳли Бақийъг келиб, истиғфор айтишингга амр қиладир”, деб айтди”, деганлари келтирилган. Демак, Бақийъга бориб, зиёрат қилиб, у ердагиларнинг гуноҳларини кечиришини сўрашни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга  Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган экан.  

Қадрли юртдошлар! Орамизда азалий анъаналаримизга садоқатини намойиш этаётганлар уларга риоя қилмаётганлардан кўра, шукрки, анча кўп. Ҳаммамиз ана шу кўпчилик сафида бўлайлик. Камчилигимиз содир этаётган нобоп ишларга йўл қўймайлик, бундай нохуш манзараларнинг олдини олайлик, ҳар биримиз ақлсизлиги ёки шунчаки эътиборсизлиги туфайли бундай хатти-ҳаракатлар қилаётган қўшнимиз, ҳаммаҳалламиз, ҳамқишлоғимиз, ҳамшаҳримизни чиройли амалларга даъват этайлик.

 ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби - З.Эшонқулов


Киритилган вақти: 17/06/2020 10:14;   Кўрилганлиги: 1084
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/qabristonlar-obodligi-xalqimiz-manaviyati-kozgusi
Чоп этилган вақт: 15/02/2025 09:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг