ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ СЎЗЛАШДАГИ ХУЛҚЛАРИ
Аллоҳ таола суюкли Пайғамбари, ҳабибимиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юбориш билан бирга, у Зотни барча инсонлар учун намуна ва ўрнак оладиган комил инсон қилиб юборди. Аллоҳ Расулуллоҳни хулқларини гўзал ва олий қилди. Бу ҳақда “Қалам” сурасида: “Ва албатта, сен улкан хулқдасан”, деган хитоб билан Аллоҳ таоло ўзининг маҳбуб Пайғамбарининг нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидлади.
Расулуллоҳ барча жабҳада мукаммал хулқ эгаси эдилар. Хусусан, ул Зот сўзлаганда ҳам барча ҳавас қиладиган тарзда, буюк хулқ узра гапирар эдилар. Сўзлаганда аниқ ва тиниқ, ҳарф ва сўзлари дона-дона, равон, ўта ёқимли ва таъсирли, такаллуфсиз, лўнда ва қисқа, сермазмун ва пурмаъно, ўта фасоҳатли ва балоғатли, бошқаларнинг сўзлашларидан яққол ажраб турарди. Бу ҳақда Ҳазрати Оиша онамиз шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари сизларнинг сўзларингиз каби пайдар-пай, тез-тез бўлмас эди. Балки, соф-соф, ҳар жумлалари бир биридан алоҳида ва равшан бўлар эди. Мажлисларида бир одам сўзларини тушуниб, ёдлаб ҳам олар эди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини яхши очиб гапирардилар, оғиз чеккаси билан гапирмасдилар. У зот сергап ҳам, ўта камгап ҳам эмасдилар. Сўзлашларининг гўзаллигига ҳар қандай инсон маҳлиё бўлиб қоларди. Сўз ва иборалари худди ипга терилган маржондек эди.Мазмуни мушкил бўлган сўзларни халқ яхши тушуниши учун уч марта қайтариб айтар эдилар. Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Эшитган киши яхши тушунсин деб баъзи вақтларда бир сўзни уч бор такрорлар эдилар”.Ҳабибимиз ҳар қандай ўринда керагича сўзлардилар, ортиқчаси бўлмас эди. Кўп сукут сақлардилар. Ҳеч кимга беписандлик билан гапирмаганлар. Ҳақоратлаш ва сўкиш у зотга тамоман ёт эди. Бирор кишининг дилини оғритмаганлар. Беҳуда ва миш-миш гаплар, деди-дедиларга яқин келмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошлаганларида барча жим туриб қулоқ солар, хутба қилганларида ҳатто пашша учса билинадиган даражада сукунат ҳукм сурар эди.
Аллоҳ таоло барчамизни суюкли ҳабибига берган хулқ билан хулқлантирсин.
Самариддин домла Мирзаев - Самарқанд шаҳар “Шоҳи-Зинда” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 21/10/2021 13:38; Кўрилганлиги: 968
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:38