Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ КЕЧИРИМЛИЛИКЛАРИ

 
 

Динимиз бизни солиҳ амалларга буюриш билан бирга намунали ва гўзал ахлоққа ҳам тарғиб этади. Зотан, дин уч нарсадан иборатдир: тўғри ақида, солиҳ амал ва намунали хулқ.  Ана шу мақталган ахлоқлардан бири ҳалимлик ва кечиримлиликдир. Бир сўз билан айтганда кечиримли бўлиш, динимиз таълимотидир.

Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрилган. Демак, кишилар ўзаро бир бирларини кечириши, афв қилишлиги билан жамиятда аҳиллик, бирдамлик ва бир бирини қўллаб-қувватлаш, бунинг натижасида мустаҳкам жамият барпо бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқларида ҳам кечиримлилик ўз аксини топган эди.  Оиша онамиздан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар(Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Уҳуд ғазотида жароҳат олдилар, муборак юзлари қонади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом юзларидаги қонни артиб, ўтган пайғамбарлардан бирини қавми уриб, жароҳат етказишганини айтиб турганлари кўз ўнгимда турибди. У зот алайҳиссалом:Эй, Аллоҳ! Қавмимни кечиргин, улар билишмаяпти”, дер эдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бу воқеа бизга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кечиримлилик ва улуғ хулқларини кўрсатади.

Барча гўзал хулқларни ўзларида жам қилган Зот –  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилати борасида шундай деганлар:  Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб, бутун халойиқ олдида ҳурлардан хоҳлаганича олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг нечоғлик кечиримли бўлганларини юқорида зикр қилинган воқеалардан билиб олдик. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом кечиримлилик, ҳалимлик борасида бирор инсон ета олмайдиган юксак даражада бўлганлар. Пайғамбарлар инсонларнинг энг афзали бўлса, у зот пайғамбарларнинг энг афзали эдилар. Кечиримлилик у зотнинг ажралмас ва етук сифатлари эди. Ул зоти бобаракотнинг бу хислатларидан ҳар бир мусулмон ўрнак олиши лозим.

Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Шафоатларига мушарраф бўлишни хоҳлайди – унда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга саловотни кўпайтирсин!

Музропов Маҳмадиёрхон –ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ходими


Киритилган вақти: 22/10/2021 08:14;   Кўрилганлиги: 479
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/paygambar-alayhissalomning-kechirimliliklari
Чоп этилган вақт: 17/04/2024 00:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг