Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг аҳли илмларга қилган мурожаатларига муносабат

 
 

Дарҳақиқат, аҳли илмлар халқни ва жамиятни тўғриликка эргаштирувчилар бўлиб, айни дамда пайғамбарларнинг меросхўрлари ҳисобланадилар. Одамларнинг қўлларидан тутиб, уларни юксалиш томон етаклайдилар. Аллоҳ таолонинг шариатига амал қилишда гўзал хулқ билан зийнатланадилар ва одамларни ҳам шунга даъват қиладилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг аҳли илмларга қилган мурожаатлари ҳам айни мана шу нуқтага қаратилган эди. Аҳли илмларни гўзал хулқлар билан хулқланишларига ва одамларни ҳикмат ва гўзал мавъиза билан тўғриликка даъват қилишларига чақирдилар. Шу ўринда муфтий ҳазратлари аҳли илмлар зийнатланиши зарур бўлган хулқлар бор экани ва бунга барча бирдек амал қилишлари керак эканлигига ишора қилдилар.

Дарҳақиқат, аҳли илм бўлган ҳар бир олимнинг жамиятга ўрнак бўлиши учун зийнатланиши керак бўлган хулқлари мавжуд. Улар худди қоронғу кечадаги юлдузлар кабидирлар. Одамлар жаҳолат, залолат ёки шак-гумон майдонидан ана ўша юлдузлар орқали халос бўлиб, тўғри йўлга қадам ташлайдилар. Ана ўша юлдузларнинг порлоқ ва янада равшан бўлиши учун аҳли илмда топилиши керак бўлган сифатлар мавжуд экан. Хусусан:

Гўзал хулқ; Киши гўзал хулқ билан жаннатга киради, даражаси олий бўлади, қиёмат кунида тарозуси оғир келади ва одамларнинг меҳрини қозонади. Энг муҳими киши гўзал хулқ билан Аллоҳ ва Унинг расулига одамларнинг энг яқини бўлади.

Бағрикенглик; Аҳли илм одамларга нисбатдан гина-кудуратда бўлмайди. Ҳасад, ғазаб ва шу каби қабиҳ иллатлардан саломат бўлади.

Камгаплик ва ўрни келганда фойдали сўзларни сўзлаш; Фойдали ўриндагина сўз очиш кишининг ақлли ва зийрак эканлигидан далолатдир. Фойдасиз ва беҳуда сўзларни гапиришлик кишининг илми оз эканидан далолатдир.

Ҳалимлик; Аҳли илм танқидларга ҳаққоний кўз билан қараб, уни сокин қарши олади. Бекорга ғазаб қилиб, ноўрин сўзларни сўзламайди. Балки, ўзига тегишли хулосани олади ва ҳалимлик билан одамларнинг муҳаббатига сазовор бўлади.

Тақводорлик; Бошқаларнинг қўлидаги нарсаларга кўз олайтирмаслик ёки бошқалардан нимадир манфаат келишини кутиш аҳли илмга ярашмайдиган хислатлардандир. Балки, қаноат билан ҳаёт кечириш ва шубҳали нарсалардан тийилиш энг муҳим ишлардандир.

Ҳаққа қайтиш ва эътироф этиш; Бандачилик сабаб йўл қўйилган хатоларни тўғрилаб, ҳаққа юзланиш ва уни эътироф этиш аҳли илмнинг энг гўзал хислатларидан биридир. Аллоҳдан қўрққан ва ҳаққа қайтган илм аҳлининг сўзи жамият учун таъсирлироқ бўлади.

Машҳурликдан узоқда бўлиш; Шон-шуҳрат ва мушҳурликка талпиниш динга амал қилишда қусурликка йўл қўйишга олиб келади. Амалда Аллоҳнинг розилигини исташни унутиб, одамларнинг гап-сўзларига диққат қарата бошлайди. Бу эса, жуда ҳам хатарли ҳолатдир. Бундан омонда бўлиш керак.

Тавозеъли бўлиш; Тавозеъли киши ҳар замон ва маконда мақтовга сазовор бўлгандир. Тавозеълик шариатда ҳам энг мақтовга лойиқ топилган гўзал хулқлардандир.

Ростгўйлик; Макоримул ахлоқнинг энг юксак сифатларидан бири бу ростгўйликдир. Бунинг фазилатлари жуда ҳам кўп бўлиб, аҳли илмда топилиши керак бўлган энг асосий сифатлардан бири. Ким Аллоҳ ва яратган нарсаларига нисбатдан сидқидил бўлса, унга дунё ва охиратда бирор хавф етмайди.

Хулоса ўринида шуни айтиш керакки, ҳар бир аҳли илм покиза Ислом динини тарғиб қилишда гўзал хулқлар билан зийнатланиши, икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан эргашиши ва бу йўлда ўзига тўғриликни лозим тутиши лозим ва лобуддир.

 Хайруллоҳ домла Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари


Киритилган вақти: 26/09/2022 13:36;   Кўрилганлиги: 277
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/ozbekiston-musulmonlari-idorasi-raisi-muftiy-nuriddin-domla-xoliqnazarovning-ahli-ilmlarga-qilgan-murojaatlariga-munosabat
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 19:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг