Ўзаро ёрдам – биродарллик асоси

Исломда аксар шаръий матнлар умумий хитоб билан келган. Аллоҳ таоло Қуръонда саксон тўққизўринда “Эй иймон келтирганлар”, йигирма жойда“Эй инсонлар”, яна беш марта “Эй Одам болалари” деб умумийликка, кўпчиликка қарата хитоб қилгани жамият, ижтимоий ҳаёт, ўзаро ёрдам ва ҳамкорликнинг аҳамиятини кўрсатади.
Аллоҳ таоло мўминларни ўзаро ҳамкорлик қилишга буюриб: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир”, (Моида, 2) дейди.
Ушбу оят тафсирида Қуртубий: “Бу бутун махлуқотнинг яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиши, яъни бир-бирингизга ёрдам беришингиз, Аллоҳ таоло буюрган нарсага даъват қилишингиз ва унга амал қилишингиз, Аллоҳ ман қилган нарсадан тийилишингиз ва ундан сақланишингиз учун амрдир”, деб таъкидлаган.
Мовардий айтади: “Аллоҳ таоло яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишни фарз қилди ва унга тақвони қўшиб қўйди, чунки тақвода Аллоҳнинг розилиги, яхшиликда эса одамларнинг розилиги бор. Ким Аллоҳ таоло ва одамларнинг розилигини ўзида жамласа, унинг саодати тўлиқ бўлиб, инояти кенг тарқалган бўлади”.
Яна бир оятда Аллоҳ таоло: “Албатта, мўминлар биродардирлар. Икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг ва Аллоҳга тақво қилинг, шоядки раҳм қилинсангиз”, (Ҳужурот, 10) деб марҳамат қилади.
Мусулмон киши биродарини ҳар қандай ҳолатда ҳам ташлаб қўймайди. Бу ҳақда ҳадисда бундай дейилади:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингга золим ҳолда ҳам, мазлум ҳолда ҳам ёрдамлаш”, дедилар. Бир киши: “Эй Расулуллоҳ! Мазлум бўлса ёрдамлашаман, аммо золим бўлса қандай ёрдам бераман?” деди. Шунда у зот: “Уни зулмдан қайтаришинг сенинг унга ёрдаминг бўлади”, дедилар.
Яна бир ҳадисдаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Мусулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмайди ва уни ташлаб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ унинг қиёмат ташвишларидан бирини аритади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг айбини беркитади”, деганлар (икковини Имом Бухорий ривоят қилган).
Ўзаро ёрдам кўринишлари:
Дўстига моддий ёки маънавий жиҳатдан кўмаклашиш, бемор бўлганда бориб кўриш, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, насиҳат қилиш, маслаҳат сўраш.
Кўчага ахлат ташламаслик орқали унинг тозалиги ва гўзаллигини таъминлаш, атроф-муҳитни ва жамоат обектларини сақлаш, жамоат тадбирларида, ҳашарларда иштирок этиш.
Кекса одамга йўлни кесиб ўтишида ёрдам бериш.
Муҳтож ҳамкасбларга ҳар томонлама ёрдам бериш, ҳамкасблар орасида яхшилик ва гўзал хулқ-атворни ёйиш.
Ўзаро ёрдам ва ҳамкорликнинг фойдалари:
Ҳамкасблар ўртасида илиқ ришталарпайдо бўлади ва мустаҳкамланади.
Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади, чунки банда биродарига ёрдам берса, Аллоҳ ҳам бандасига ёрдам беради.
Одамлар ўртасида муҳаббат, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат кучаяди.
Қалблардан гина, нафрат ва ҳасадни кетказади.
Ҳар бир инсон ҳаётнинг турли жабҳаларида бошқаларнинг билими ва тажрибасидан фойдаланади.
Аллоҳнинг ёрдами жамоат узрадир.
Худбинлик, бошқаларнинг манфаатини ўйламаслик ва ўз-ўзини севиш камаяди.
Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам ислом динининг асосларидан бири бўлиб, мусулмон киши дунё ва охират саодатига эришиш учун доимо унга интилиши керак.Ўзаро ёрдам олий қадриятлардан бири, динимиз талаби ва жамият таянчидир.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Киритилган вақти: 15/08/2022 15:28; Кўрилганлиги: 798
Чоп этилган вақт: 03/11/2025 08:57





















