Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ўз соғлигимизга эътиборли бўлайлик!

 
 

Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ неьматлардан бири бу – соғликдир. Бу учун эса одамзод фақатгина шукр қилиш билан кифояланмасдан, балки саломат бўлишга инсоннинг ўзи ҳам ҳаракат  қилиши лозимдир. Исломда саломат бўлишнинг энг асосий йўлларидан бири бу тозалик ҳисобланади. Тозаликка риоя қилиш масаласига соғлиқни сақлашнинг муҳим омили сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам катта эътибор берилган. Имом Муслим Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир” - дейдилар. Мусулмонлар оммаси ичида эса “Поклик иймондандир” деган ҳикмат кенг тарқалган.

Ҳа азизлар! Тозалик ва озодалик бўлган жойда касалланиш ҳолатлари кузатилмаслиги фанда ҳам маълум ва машҳурдир.

Саломатликнинг яна бир йўлларидан бу – бадантарбия яьни спорт билан шуғулланиш ҳисобланади. Ваҳоланки, Ислом дини нафақат спорт билан шуғулланишга рухсат берган, балки унга қизиқтириб ҳам келган. Ислом дини мусулмонларни отда чопиш, камондан ўқ узиш ва сувда сузиш каби спорт турлари билан шуғулланишга тарғиб қилган.

Ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш, касаликка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканлигини барча инсонлар тушуниб етди деб ўйлайман. Ёшу-қари иложи борича бадантарбияга эътибор қаратмоқда. Спорт билан айниқса ривожланган давлатларда жуда кўпчилик одамлар шуғулланишади.  Ҳамманинг кучли ва соғ-саломат бўлгиси келади албатта. Бунинг учун эса бадантарбия билан шуғулланиш энг аҳамиятли жиҳатлардан бири ҳисобланади.

Тозаликка эътибор қаратиш дейсизми, спорт билан шуғулланиш дейсизми буларнинг барчаси аввало ўзимизнинг соғлигимиз, жисмимизнинг соғ-саломатлиги йўлидаги бажариладиган ва амал қиладиган ишларимиздан ҳисобланади. Шундай экан азизлар, ўз соғлигимизни ўзимиз асрайлик, ибодатларимизни эмин-эркин бажариш учун жисмимизни саломат сақлашга ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни турли касаллигу-хасталиклардан Ўзи паноҳида асрасин ва албатта жисмимизни соғ-саломат қилиб, ибодатида бардавом бўлишимизни насиб айласин.

Абсаламов Исматулло  Самарқанд шаҳар "Домла Камолиддин" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 07/09/2021 06:54;   Кўрилганлиги: 45
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/oz-sogligimizga-etiborli-bolaylik
Чоп этилган вақт: 28/09/2021 12:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг