Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз!

 
 

Аллоҳ таоло инсонга берган неъматларнинг ичида энг қимматли ва муҳимларидан бири – ҳаёт, тириклик неъматидир. Аммо жамиятимизда оз бўлса-да учраб тураётган мусибатлардан бири бу ўз жонига қасд қилишдир.

Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир» деган. Инсонга ҳаёт неъматини Аллоҳ берган экан, унинг ҳаётини фақат Ўзигина олишга ҳақлидир. Ҳаттоки, ўша яшаш ҳуқуқи берилган киши ўз ҳаётига ўзи ҳам суиқасд қила олмайди. Динимизда бировни ўлдириш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик оғир жиноятдир.

Инсон ўз жонига суиқасд қилишига кишиларнинг диндан узоқлашиши, маърифатсизлик, тўқчилик, йўқчилик, шаҳвоний, нафсоний севги, ўз жонига қасд қилишни муаммонинг ечими сифатида кўриш, ўлимнинг ҳақиқати, қабр азоби, охират, қайта тирилиш, қиёмат ва дўзахдаги азоб-уқубатлардан бехабарлик, руҳий хасталик каби омиллар сабаб бўлади.

Бу иллатдан сақланиш учун илм-маърифатли, зиёли кишилар, ёши улуғларимиз фарзандларимизга динимиз асослари, ибодатнинг маъноси, гуноҳ-савоб, ҳалол-ҳаромни оиладан ўргатиб бориши керак. Уларнинг олдига олий мақсадлар қўйиб, ўша томонга етаклашимиз, керакли ёрдамни беришимиз лозим. Яна уларни турли зарарли одатлардан сақласак, бўш вақтларини билим ўрганиш, спорт билан шуғулланишга сарфласак, натижа яхши бўлади.

Шуни билиш керакки, бирор қийинчиликдан қутулиш ёки кимдандир норози бўлиб ўз жонига қасд қилиш – масаланинг ечими эмас. Муаммолари шу билан ҳал бўлиб қолмайди. Аксинча, гуноҳкор бўлиб, охиратда азобга дучор бўлиб, дунёда орқасидан қолган ота-она ва яқинларини қаттиқ қайғуда қолдиради. Бу гуноҳнинг ёмонлигини билдириш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлар ҳаётидан ҳам мисол келтирганлар:

“Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мўмин-мусулмон киши ҳаёт қийинчиликларини дунёнинг синови экани, ҳар бир мусибат, ҳатто тиканнинг кириши ҳам ажрсиз қолмаслигини билади. Алишер Навоий ўз ҳикматларида: “Саксон йил яшаш учун саксон йиллик сабр керак”, деганлар. Демак, инсон бало ва мусибатларга қарши сабрни қалқон қилиб олиши керак. Чунки динимизнинг таълимоти бўйича дунёда юз берадиган барча ишлар Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан бўлади.

Навф ал-Баколийдан шундай ривоят келтирилади: “Мўмин билан кофир кимса балиқ овига чиқибди. Кофир тўрини сувга ташлар экан, ўзининг олиҳаларини номини тилга олибди. Мўмин эса Аллоҳ азза ва жалланинг буюк номини айтиб, тўрни сувга ташлабди. Кофир ҳар тўрни тортганида унга балиқ тўлиб чиқар, мўминники эса бўш қайтарди. Ов ниҳоясига етар экан кофирнинг қайиғи балиққа тўлди. Мўмин киши эса охирги тортганида биргина балиқни тутишга муваффақ бўлди. Аммо у ҳам бир силкиниш билан қулидан чиқиб, сувга шўнғиб кетди ва у қуруқ қўл билан уйга қайтди. Мўмин кишига вакил қилинган фаришта Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бунинг сир-саноатини сўради. Чунки мўмин киши Аллоҳга иймон келтирган, унга доим тоат ва ибодатда бўлади. Кофирнинг эса на иймони, на тоати бор. Шундай бўлса-да у илоҳларининг номини тилга олиб бошлаган ови баракали бўлди. Мўмин эса овдан қуруқ қайтди. Аллоҳ таоло шунда мўмин кишининг бу ишларга қилган сабри учун унга жаннатда ҳозирлаб қўйган жойини кўрсатди. Кофирнинг ҳам охиратдаги манзили унга кўрсатилди. Демак, бу дунёда қайси бир мўмин кишига бирор мусибат ва синов етса-ю, унга сабр қилса, бунинг мукофоти охиратда фақат ва фақат жаннатдир”.      

Инсон умрига завол бўладиган яна бир иллат борки, айримлар вақтинчалик кайфу сафо деб турли хил гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилмоқда. Ваҳоланки, улар бунинг оқибати ўлим билан якун топишини яхши биладилар. Била туриб, соғлиги ва жонига зарар келтирадиган ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ҳам катта гуноҳлардан саналади.

Яна бир ачинарли ҳолат борки, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш – худкушлик ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб тоифалар орасида одат тусига айланиб қолмоқда. Танасига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар тўғрисида эшитяпмиз. Бундай аянчли ҳолатни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кишилар ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир. Ҳолбуки, ўз-ўзини ўлдириш – худкушлик шаҳидлик эмас, балки жаҳолат ва қабоҳатдир. Ўзларини портлатаётган кимсалар гуноҳи азимга қўл урмоқдалар, аввало ўзларини ва қанчадан-қанча одамларнинг ўлимига, болаларнинг етим қолишига, ота-оналарнинг фарзанд доғида куйишларига сабабчи бўлмоқдалар.

Уларни ўзларига ёки машиналарига портловчи моддани боғлаб олиб халқ ичига кириб, ўзини портлатиб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётганликлари ва мана шу қилган амалим мени шаҳид бўлишимга сабаб бўлади, дея хом хаёл қилаётганликлари жуда ҳам ачинарлидир. Бу ўй ҳаракатлар остида саёз илм, жаҳолат ва сингдирилган ёт, вайронкор ғоялар ётади. Улар бу ҳаракатлари билан ўзларининг ҳам  қадрли жонларига қасд қилмоқдалар.

Аллоҳга ишонганини ва Қуръон амрларига бўйсунганини тасдиқлайдиган ҳар бир киши бундай ишларни қилмайди. Бу ваҳшийлик фақат ақл-идрок ва виждонидан маҳрум бўлган, иймоннинг ҳақиқий мазмунини англашда қаттиқ адашаётган, Қуръоннинг илоҳий даъватини билмайдиган, онги ўзгалар томонидан нафрат ва аламзадалик орқали бошқариладиган, худосиз мафкура ва кенг миқёсдаги ташвиқот таъсирига тушиб қолган кимсаларнинггина қўлидан келади.

Хулоса шуки, мўмин-мусулмон киши доимо Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, азобидан қўрқиши керак. Ана шунда унинг имони саломат бўлади, шайтон васвасаларидан омонда бўлади.

Зайниддин Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби.


Киритилган вақти: 13/03/2023 16:20;   Кўрилганлиги: 266
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/oz-qolingiz-bilan-ozingizni-halokatga-tashlamangiz
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 13:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг