Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ўз жонига қасд қилиш – тубанликдир

 
 

Машҳур саҳобий Абу Ҳурайра р.а.дан шундай ривоят қилинади: Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Мусулмон кишига етадиган ҳар бир дард; қийинчилик, мусибат, қайғу-алам, озор ёки ғам ва ҳатто унга кирган тикон сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг хатоларини каффорат қилади”.

Пайғамбаримиз Муҳамад с.а.в.дан ворид бўлган мазкур ҳадисда мусулмон кишига етган ҳар бир дард, мусибат унинг хатоларига каффорат бўлиши, яъни Аллоҳ таолонинг раҳматига яқинлаштириши айтилмоқда. Аммо бизга маълум дардлар ичида бир касаллик борки, у сабабли инсон яратган Парвардигори Аллоҳ таолонинг раҳматидан йироқлашиб, қаҳрига дучор бўлади. Бу дард  кўпчиликка маълум бўлган восвос касаллигидир.

Восвос қандай касаллик?

Инсон бажармоқчи бўлган ишига нисбатан ўз-ўзини идрок қилишдан унинг ақли қосир, нафсининг иштиёқи баланд, қалби беҳаловат бўлиб қилаётган ишининг оқибати нима билан якун топишини ўйламаса, бу  шайтоний васвасадир. Мутлақ олганда, одамзот яралгандан бери унинг қалби Шайтон томонидан васваса қилиниб, Аллоҳ таоло рози бўлмаган турли разил йўллар — гуноҳлар томон бошқарилишига  восвос дейилади. Бу тўғрида Ҳаққ таоло каломи шарифида шундай огоҳ этади:

““(Эй Муҳаммад), айтинг: “Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи шайтон — Хоннаснинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман”.[1]

Мазкур сурада Аллоҳ таоло бандаларига “инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи шайтон — Хоннас” ҳақида расулига хабар бериб, унинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюрмоқда. Пайғамбарга бўлган буйруқ унинг умматига бўлган буйруқдир.

Маълум бўлишича, Шайтон инсоният билан бўладиган ўз муносабатини тўрт тоифага тақсим қилган экан:

  1. Шайтонни ўйга солмайдиганлар, яъни улар томонидан шайтон бехавотир бўлган инсонлар тоифаси. Бунга иймон эътиқоддан узоқда бўлган, дину диёнатдан бехабар, бошқаларни гуноҳу маъсиятга етакловчи инсонлар  киради. Юқоридаги сурада зикр қилинган “инсонлардан бўлган” жумласи бунинг далилидир.Уларни шайтон васваса қилмайди, чунки шайтон бу тоифадаги инсонларни инсон шаклидаги шайтонга айланиб бўлган, яъни ўз қавмидан, деб ҳисоблайди.
  2. Шариат ва тариқат илмини мукаммал эгаллаган, иймон ва эътиқодда собитқадам бўлган кишилар. Улар ҳам шайтон васваса қилмайдиганлар тоифасига киради, чунки шайтон бундай кишиларни васваса қилиш натижасиз эканлигини яхши билади.
  3. Руҳи танасидан ажраганлар ҳам шайтон васваса қилмайдиган кишилар тоифасига киради. Жонсиз танани васваса қилиш шайтон учун фойдасиз ишдир, чунки инсон руҳи қабз этилиши билан унинг ўзига хос бўлган номаи аъмоли, яъни амаллар китоби ёпилади.
  4. Иймон-эътиқодга энди дохил бўлиб, қалбида эътиқоди шаклланиб улгурмаган ва шариат илмидан етарли билимга эга бўлмаган кишилар шайтон васвасасига энг кўп дуч бўладиган кишилар ҳисобланади. Биз сўз юритмоқчи бўлган масала ҳам айнан мана шу тоифа ва уларга нисбатан бўладиган шайтон васвасаси ҳақидадир.

Маълумки, Шайтон Одам фарзандларини токи, унинг танасида жони бор экан, мудом васваса қилади. Шайтон инсон қалбларини васваса қилишининг шакллари жуда кўп. Ҳатто, инсоннинг умрини сўнги дақиқаларида, дунёдан насибаси тугаб пойномаси тўлиб бораётган вақтда ҳам уни васваса қилишдан тўхтамайди. Инсон бошига ўзи кутмаган мусибатли ҳолатларга дуч келганда, аксар ҳолда, бу мусибатдан сабр-тоқатдан бошқа йўл билан қутулиш чоралари қидирилади. Баъзан иймон-эътиқоднинг сустлиги, сабр-тоқатдан бехабарлик сабабли, шайтон васвасаси оқибатида бу ҳолат инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан якун топади.

Инсон ўзига омонатга берилган жонни ўз қўли билан таҳликага отиши, яъни ўз жонига ўзи қасд қилиши восвос касаллигининг энг юқори даражаси ҳисобланади. Чунки, ўз жонига ўзи қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан берилган умр – холи ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳакам зотнинг белгилаб қўйган тақдирига  нисбатан кечирилмас исёндир. Инсон томонидан қилинадиган гуноҳларнинг аксарини унинг ҳақиқий, сидқидилдан қилинган тавбаси сабабли Аллоҳ таоло мағфират қилар экан. Аммо инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатида, агар унинг бу ҳатти-ҳаракати амалга ошса, унга бу гуноҳдан тавба қилишнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ўз жонига қасд қилиш инсонга нисбатан шайтон васвасасининг энг авж нуқтаси ва шайтоннинг бир инсон устидан тўлиқ ғалабаси ҳисобланади.  Жумладан, бу дардга аксар ҳолда ёшларнинг мубтало бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хўш, ундан қандай сақланмоқ керак?

Мазкур дарднинг келтириб чиқарувчи энг асосий омилларидан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи кинолар орқали тасаввур қилиши, жумладан, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетишлик ҳам бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хоссатан Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъиян қайтарилган.

Инсон онгига таъсир этувчи телвидения ва матбуотларда бу борада омманинг фикрини тўғри йўналтироладиган фикрларни олға суриш керак, токи бу маълумотлар инсонни ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмак берадиган оқилона билимларни ўзида ҳосил қилишга ёрдам берсин. Зеро, инсоннинг оқилона билимлари унга хато йўлни англаш имконини бериб, беҳуда фикрлардан иборат шайтон васвасасидан халос бўлишига ёрдам беради. Ана шундай оқилона билимлар мажмуасининг энг мукаммали Ислом дини асоси бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифда баён қилинган кўрсатмалар ҳисобланади. Чунки, Ислом динида бошга мусибат етганда, унга сабр-тоқат билан бардош беришга чақирилади. Қуйида анна шундай таълимотлардан баъзиларини ўқувчининг эътиборига ҳавола этсак.

Бақара сураси “…….Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади.”[2] ҳамда Нисо сурасида келтирилган “….Ўз жонларингизга ўзларингиз қасд қилманглар. Албата Аллоҳ таоло сизларга меҳрибон зотдир.”[3] 29-ояти ўз жонига қасд қилишдан ман қилиниши фикримизнинг далилидир.

Жумладан, Пайғамбаримиздан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг оқибатлари аниқ баён этилади.  Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда шундай огоҳлантирадилар: “Кимки, ўз жонига темир билан қасд қилса, жаҳаннам оташида унинг қорнига ўз қўлидаги темири билан абадий азоб берилади. Ким заҳар ичиб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оташидан абадий ҳўплаб-ҳўплаб ичкизилади. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, у абадий жаҳанамга улоқтирилади.”

Собит ибн Заҳҳокдан ривот қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Ким ўзини нима билан ўлдирса, қиёматда унга ўша нарса билан азоб берилади.”

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсон туғилганда шайтон унинг қалбига ўтирувчидир, агар у ақлини ишлатса ва Аллоҳни зикр қилса шайтон чекинади (яъни, ноумид бўлур), агар (Аллоҳни зикридан) ғофил қолса шайтон унга васваса қилур”. Имом Бухорий ривояти.

Салафи солиҳлар Иброҳимдан, у киши ибн Авндан ривоят қиладилар: “Кўнгилга (қалбга) келадиган нарса икки хил бўлади: Малак (Фаришта)нинг қалбга келтирадиган нарсаси ва шайтоннинг қалбга келтирадиган нарсаси. Агар Фариштанинг қалбга келтирадиган нарсаси бўлса, Аллоҳга ҳамду сано айтиб, унга шукр қил ва агар шайтоннинг макру маломати бўлса ундан сақлангин. У васвасадан паноҳ сўрагин”. (“Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар  китоби”. Шайх Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий).

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳадисларда инсонни шайтон васвасасидан сақловчи асосий омиллари қуйидагича баён қилинган;

  1. Таъаввуз айтмоқлик;
  2. Зикр ва ибодат;
  3. Қуръон тиловати;
  4. “Ал-Фалақ” ва “ан-Нас” сураларини кўп тиловат қилиш.

Уқба ибн Омир р.а. дан ривоят қилинди, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: «Менга бу кеча нозил қилинган оятларни кўрмайсанми? Ҳеч ҳам бунақасининг мисли кўрилмаганди. Улар «Қул аъувзу би робби-л-фалақ» ва «Қул аъувзу би робби-н-нас» сураларидир». Имом Муслим ривояти.

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга айтади: “Агар сизни шайтоннинг васвасаси йўлдан урмоқчи бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта,У эшитувчи, билувчидир”[4].

Яъни, аввал “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин. “Аъузу биллаҳи”ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди, кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди ва қалбларни софлаб унга таскин беради ҳамда шайтоннинг васвасасидан сақлайди.

Ва яна Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам авлоди! Шайтон Ота-оналарингиз (Одам ва Ҳавво)нинг авратларини ўзларига кўрсатиб (уялтириб) жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин”[5]. Ва яна Аллоҳ таоло айтади: “Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар”[6].

Ҳол шундай экан, биз Шайтонга қарши курашишдан хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин унинг васвасаси ва макридан хотиржам бўлиб тўхтаб қолмоқлигимиз дуруст эмас.

 Нодир Қобилов

[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Ан-Нас сураси. 1-2-3-4-5-6-оятлар мазмуни.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, “Бақара ” сурасининг 195-ояти мазмуни.

[3] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, “Нисо ” сурасининг 29-ояти мазмуни.

[4] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, “Аъроф” сурасининг 200-ояти мазмуни.

[5] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, “Аъроф” сурасининг 27-ояти мазмуни.

[6] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, “Фотир” сурасининг 6-ояти мазмуни.


Киритилган вақти: 08/07/2020 14:28;   Кўрилганлиги: 1073
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/oz-joniga-qasd-qilish-tubanlikdir
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 02:13
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг