Ўз жонига қасд қилиш иллати 2-қисм
Азизлар, бугун жамиятимизда учраётган ўз жонига қасд қилишидек жирканч иллат кўлами шу даражага етдики, кўпчиликнинг қулоғига оддий ҳолатдек эшитиладиган бўлиб қолмоқда. Аммо, бунинг ортида бир инсон яқинларининг фиғони, ўзининг эса икки дунёсидан айрилишидек даҳшатли уқубат бор.
Бу нарсага алоҳида урғу бераётганимизнинг боиси шундаки, кўп йиллик кузатишларимиз давомида бу иллат содир бўлган ҳудудларда қанчалик аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмасин терс натижа бера бошлади. Жўн қилиб айтганда тарғибот анти тарғиботга айланиб кетди.
Хўш, бунинг сабаби нимада эди? Асосий сабаб, бу иллатнинг олдини олишга киришганларнинг аксари ўлим сўзини қандай тарзда ифодалашни ўзлари ҳам билмаган ҳолда ёшларга нутқ этдилар.
Демак, аввало биз ўлим нима эканини яхши англаб етмоғимиз лозим. Ўлим бу - ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза, яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабр жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишлигини исботлайдиган ҳолдир
Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган аждоду-жаддотларимиз бўлар бўлмасга бу сўзни тилларига чиқараверишдан ҳам истеҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.
Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз бу иллатнинг авж олишига сабаб эмасмикан?. Эътибор бериб қарасангиз айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар...
Бу иллатнинг бундан ҳам даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Эътибор берсангиз кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб, ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда шундай дейилади:
فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ (رواه أحمد 24192)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Айтилинди: Эй Аллоҳнинг росули фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди (дунёнинг машаққатларидан қутилди). Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабландилар ва: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади” дедилар. (Имом Аҳмад ривояти/24192)
Яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?.
Бу сўзимнинг исботи мен яшаб турган манзилдан чамаси 20 чақирим узоқликда жойлашган қишлоқда саккиз ойлар муқаддам ҳудди шу тарзда биринчи синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилган эди. Азизлар, бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин. Давоми бор...
Ўткир Умирқулов Самарқанд шаҳар “Лоҳутий” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 08/06/2020 14:03; Кўрилганлиги: 1217
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 23:58