Ўз боламизни ўзимиз асрамоғимиз лозимлигини бугун ҳаётнинг ўзи яна бир бор кўрсатиб бермоқда
Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, уларнинг Ватан истиқболини ўз қўлига ола биладиган муносиб ворислар бўлиши учун барча имкониятлар яратилиб келинмоқда. Юртимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган мухташам таълим муассасалари, спорт иншоотлари ва бошқа яратилаётган имкониятларнинг барчаси ёшларимизнинг жисмонан соғлом, маънавий юксак бўлиб камол топишига қаратилган. Бунга жавобан ёшларимиз эришаётган ютуқлар ҳам оз эмас. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда глобаллашув шароитида маънавий таҳдидлар кучайиб бораётганига ҳам эътибор қаратиш лозим. Улар биринчи навбатда ёшларни ўз домига тортишга қаратилган.
Ҳозирги глобаллашув шароитида дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан ёшларни ҳимоя қилиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшлар онгини ёт ғоялар таъсиридан асраш, ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, гиёҳвандлик, диний экстремизм ва терроризм иллатларининг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш лозим.
Ахборот глобаллашуви туфайли турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайган бугунги даврда бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Юртимизда ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри шакллантириш, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, онгу тафаккурини юксалтириш маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан биридир.
Дарҳақиқат, ёшларни бундай ёвуз куч ва ғоялардан ҳимоя қилишда муқаддас ислом динининг маърифати ва одоб-ахлоқ тамойилларининг ўрни беқиёсдир. Зеро, ислом дини маърифат, тинчлик ва одоб – ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ “Дунёда турмоқ учун диний дунёвий илм лозимдур, замон илмидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деган ҳаққоний фикр билдирган.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, ёш авлодга миллий истиқлол ғоясини сингдиришда ҳар бир ота-онанинг роли ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Ота-оналар ўз фарзандларининг мактабгача тарбияси, уларнинг руҳий маънавий тараққиётида қанчалик муҳим аҳамият касб этиши, бу давр узлуксиз таълим ва тарбиянинг муҳим босқичи эканини англаб етишлари зарур. Бунда оиланинг таълим муассасалари тизимига изчил уйғунлашувига эришиш мақсадга мувофиқ бўлади. Демак, ота-она ёш авлодга бевосита таълим берувчи, мафкуравий тарбиянинг асосий ўчоғи саналмиш барча таълим муассасалари (мактаб, лицей, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари) билан ҳамкорликда мазкур долзарб вазифани амалга оширишга масъулдир.
Аброров Жаҳонгирхон - ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати ходими
Киритилган вақти: 25/07/2023 13:25; Кўрилганлиги: 626
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 03:52