Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга маъсият бўлмаган барча нарсада уларга итоат қилишдир.

 
 

Дарқақиқат, Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доим уларга яхшилик қилишни буюрди.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

«Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етса, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тар­биялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23–24)

“Уларга ёқимли сўз айт” дейилганида ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ҳурматлаб муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “…уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима!” оятини шарҳлаб, айтади: “У нафрат сўзидир”.

Тарбия бериб, вояга етказган ота-онасининг меҳрибонлигини ва чеккан машаққатларини қадрлаши учун Аллоҳ таоло бандаларига буюради:

“…ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”»

Аллоҳ таоло инсондаги ота-она ҳақи хусусида бундай деди:

“Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота–она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”,деб аҳд олган эдик» (Бақара, 83).

Ота-онага яхшилик қилиш жаннатга олиб борувчи йўллардандир.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга маъсият бўлмаган барча нарсада уларга итоат қилишдир. Ота-онага оқ бўлиш уларни қарилик чоғида қаровсиз ташлаб қўйиш ва яхшиликдан маҳрум қилишдир”, деди.

Ҳар бир инсонга ота-онасига яхшилик қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Ота-онага яхшилик қилиш ҳеч қачон уларга қарши чиқмаслик, хизматларидан бўйин товламасликдир. Баъзилар ота-онага яхшилик фақат ўзига ёқадиган ишларда ва хоҳишига мувофиқ келган ўринларда деб ҳисоблайди. Ҳақиқатда эса, бундай эмас. Яхшилик фақат яхши амалларда, банданинг ҳавойи хоҳишларига хилоф нарсаларда бўлади. Агар уларнинг ҳавойи майлларига тўғри келадиган нарсада бўлганида эди, у яхшилик деб номланмасди. Аллоҳ таоло бандани ота-онага яхшилик қилиш ва улар ҳурматини жойига қўйишга буюради:

Шу ўринда қайси ишларни бажариш ота-онага яхшилик қилиш ҳисобланиши ҳақида ҳам савол пайдо бўлиши табийдир. Уламоларимиз ота-онага яхшилик қилиш асосан қуйидаги ишларни адо этиш билан бўлишини баён қилганлар:

1.Ота-онага холис ният билан яхшилик қилиш; Яъни улар дунёга келишларига сабаб бўлганлари учунгина эмас, балки Аллоҳ таоло буюргани учун яхшилик қилиш.

2.Ота-онани яхши кўриб улуғлаш;

3.Аллоҳга маъсият бўлмайдиган ўринларда уларга итоат этиш;

4.Ота-онага тавозеъли бўлиш;

  1. Ота-она хурсанд бўладиган ишларни қилиш;
  2. Ота-онадан олдин овқатланмаслик;

7.Ота-онанинг ҳузурига киришда ҳам, чиқишда ҳам салом бериш;

8.Ота-онанинг олдида овозини баландлатмаслик;

9.Ота-она учун молини сарфлаш;

10.Ота-она яхши кўрадиган кишиларга ҳам яхшилик қилиш;

11.Сафарга ота-онанинг дуоларини олиб чиқиш;

12.Ота-она шариатга мувофиқ қасам ичган бўлсалар уни адо этиш учун ҳаракат қилиш;

13.Ота-онанинг жаҳллари чиқадиган ишларни қилмаслик;

14.Ота-онани исмлари билан чақирмаслик;

15.Ота-онани камситадиган ишлардан сақланиш;

16.Ота-она вафот этганларидан сўнг ҳам уларнинг ҳақларини сақлаш.

Вафот этиб кетган ота-оналарнинг ҳақларини сақлаш қуйидаги ишлар билан амалга оширилади:

  • Улар ҳаққига хайрли дуолар қилиб юриш;
  • Васиятларини адо этиш;
  • Уларнинг дўстларига яхшилик қилиб юриш;
  • Улар орқали бўлган қариндошлик алоқаларини сақлаш;
  • Улар номидан садақа қилиб туриш;
  • Уларнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш.

Аллоҳ таоло бизларни ҳам, фарзандларимизни ҳам ота-онага яхшилик қилиш бахтига муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

 

Жаҳонгир Хатамов

Самарқанд шаҳар “Хўжа Абду Мўмин” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 03/08/2022 15:29;   Кўрилганлиги: 336
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/ota-onaga-yaxshilik-qilish-allohga-masiyat-bolmagan-barcha-narsada-ularga-itoat-qilishdir
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 12:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг