Она соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади
Ислом фақат инсон ҳаётининг руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган[1]. Маълумки, шариат бандаларнинг беш зарурат (дин, жон, насл, мол, ақл)ни сақлашлари мақсадида жорий қилинган. Бироз ўйлаб кўрилса, ушбу заруратларнинг учтаси: жонни, наслни, ақлни асраш айнан саломатлик билан боғлиқ эканини биламиз. Бундан ислом динида инсон саломатлигига қанчалик юксак эътибор қаратилганини кўриш мумкин.
Муқаддас динимизда аёллар саломатлиги, хусусан оналар саломатлигига алоҳида эътибор берилган. Чунки, она хонадон бекаси, фарзандлари тарбияси ва саломатлиги борасида биринчи масъул шахс ҳисобланади.
Абдулла Авлоний: “Баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадур. Чунки ўқумоқ, ўқутмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучлик, касалсиз жасад лозимдур. Фикр тарбияси учун маҳкам ва соғлом вужуд керакдур” деб таъкидлаган[2].
Дарҳақиқат, она саломат бўлса, ибодатларини пухта бажариб, турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги бурчларини тўла адо эта олади. Зеро, фарзанднинг соғлиғи онанинг соғлиғи билан боғлиқ. Агар она соғлом бўлса, фарзанди ҳам соғлом дунёга келади, тўйиб озуқаланади ва бус-бутун униб, ўсади. Демак, муқаддас динимизда оналар фарзандининг саломатлиги учун биринчи масъулдирлар.
Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли нарсалар билан таъминлаш эркакларнинг зиммасига юклатилганлиги, шунингдек, жамият учун керакли оғир ишларини бажариш ҳам эркакларга юклатилганлиги учун аёлларни ҳурматлаб, уларга ишлаш масъулияти юклатилмаган[3].
Аёллар турмушга чиққунича оталари, никоҳдан сўнг эса эрлари қарамоғида бўладилар. Уларнинг моддий ва маънавий таъминотлари маҳрамлари зиммасига юклатилади.
Аёллар аслида табиатан нозик, эркакларга нисбатан қувватлари кам бўлгани туфайли оғир меҳнатга жалб қилинмайди. Лекин бу дегани аёлларни жисмоний ҳаракатдан чеклаб фўйиш керак, дегани эмас. Улар тоқатларига яраша, кучлари етадиган юмушларни бажаришлари, ўз уйларида ёки номаҳрам эркаклардан ҳоли жойда жисмоний машқлар билан бемалол шуғулланишлари мумкин.
“Соғлом танда - соғ ақл” деб бежиз айтилмаган. Инсон ҳаётининг ҳар бир они унинг жисми билан боғлиқ. Икки дунё саодатига эришиш, ва ўзидан етук насл қолдириши учун ҳам инсон соғлом бўлиши керак, бу ўз навбатида фикрининг софлигига олиб келади. Имом Шофеъий: “Илм икки хилдир: бири бадан илми, иккинчиси дин илми”, дейди. Бундан сиҳат-саломатлик қоидаларига амал қилиш барча эшикларни очувчи калит, деган хулоса келиб чиқади[4].
Аёлларнинг жисмонан соғлом бўлишлари учун ўзларига муносиб бўлса, маълум бир жисмоний меҳнатлар ёки машқларни бажаришларидан қайтарилмаган. Аксинча, доимо кишининг жисмоний ва руҳий саломатлигига манфаат берадиган амалларга тарғиб қилинган. Бу борада уммул мўъминин оналаримиз яққол мисолдирлар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо аёлларнинг ишсиз қолишига қарши эдилар. У киши аёлларни доимо фойдали меҳнатга чорлар эдилар ва: “Аёл кишининг қўлидаги урчуқ Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилувчи мужоҳиднинг қўлидаги найзадан яхшидир”, дер эдилар[5].
Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл киши уйда оддий меҳнат билан шуғулланиб, ўзининг жисмоний-руҳий камолотига сабаб бўладиган, кўпчиликка манфаати етадиган меҳнат билан шуғулланиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишданда кўра кўпроқ ажру-савобга эга бўлиши мумкин экан.
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо бир куни бир аёлнинг қўлида урчуқнинг изини кўриб қолиб: “Сенга Аллоҳ тайёрлаб қўйган нарсаларнинг башоратини бераман. Эй аёллар жамоаси! Аллоҳ сизлар учун тайёрлаб қўйган нарсаларнинг баъзисини кўрганингизда, эртаю, кеч тиним билмас эдингиз. Қай бир аёл ўзи, эри ва болалари учун урчуқ йигирса, албатта, Аллоҳ азза ва жалла унга жаннатдан мағриб ва машриқдан кенгроқ унга уй беради. Ҳар бир тўқиган кийими учун унга бир юз йигирма минг шаҳар берилади.
Эй аёллар жамоаси! Эрларингизга итоат қилганингиз, болаларингизга хизмат қилганингиз учун сизларга Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсаларнинг башоратини қабул қилинг! Сизлар бу дунёда мискин бўлсангиз ҳам, у дунёда анбиёларнинг хотинлари билан бирга жаннатга биринчи борганлардан бўласиз. Аллоҳ таоло сизларнинг кабирадан бошқа гуноҳларингизни мағфират қилади”, дедилар[6].
Мазкур ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо аёллар уй ишлари билан машғул бўлиб, шунингдек, оналар эрлари ва фарзандлари учун қилган меҳнатларининг мукофотини санаб, уларни янада кўпроқ меҳнатга тарғиб қиляптилар. Бу меҳнатларининг мукофоти эса жаннат эканини таъкидлаяптилар.
Ўрни келганда аёл киши янада тетикроқ, жисмонан соғлом бўлиши ва ўзидан чарчоқни кетказиб, кайфияти кўтарилиши учун баъзи жисмоний машқларни бажариши кўп фойдалидир. Ҳаттоки, бу борада оилавий турли ўйинлар ташкил қилиш ҳам мумкин.
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган, Каттаю-кичик иложи бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади[7]. Агар шариат бу кўрсатмаларига зид келмаса, динимиз бундай ишларни қўллаб қувватлайди.
Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша онамиз билан югуриш мусобақаси ўтказганлари мисол бўла олади:
У зоти шарифа Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдилар. Ўшанда ёш эдилар. Айтадилар: “Гўштдор эмас, жуссам ҳам катта эмас эди”. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига: “Олдинроқ юринглар” деган эдилар. Улар олдинга кетишди.
Сўнгра менга: “Кел, мусобақалашамиз” дедилар. Шунда мен:” У зот билан мусобақалашиб, югуриб ўтиб кетдим. Узоқ вақтдан кейин яна у зот билан сафарга чиқдим. Саҳобаларига “Олдинроқ юринглар” дедилар. Сўнг “Кел мусобақа қиламиз” дедилар. Олдингиси эсимда йўқ эди. Вазнилари ортганди. Шунда “Ё Расулуллоҳ, мен ушбу ҳолатда қандай мусобақалашаман?!” дедим. У зот: “Қиласан” дедилар. Мен у зот билан мусобақалашган эдим. Мендан ўзиб кетиб, кула бошладилар ва “Буниси олдингига баробар” дедилар.[8]
Мазкур ҳадис Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳллари билан чиройли муомалада ва кенг феълли бўлганликларини кўрсатади. Шунингдек, бу ҳадис машқлар шариат кўрсатмаларига мувофиқ келса, аёл кишига бадан тарбия машқларини бажариши машруъ эканига далилдир. Чунки бу билан аъзолар тетиклашади. Қалблар ҳузурланиб, ғайрат ортади. Нафсдан чарчоқ ва малоллик кетади.
Бобохон Бобохонов, Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме масжиди имом-хатиби
[1] Усмонхон Алимов. Ёшлар - келажагимиз. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2008. – Б. 49.
[2]Саййид Муҳаммад Муҳаммад Абдуннабий. Ассиҳҳатул баданийяту лил инсан байна таъалиймил ислам ва тавжиҳати муназзаматис сиҳҳатил аламияти. – Миср: “Даруссалом” , 2013. – Б. 34.
[3]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Соғлом бола. Тошкент: Ҳилол, 2015. – Б. 47.
[4]Муаллифлар жамоаси. И. Усмонов, Ш Жўраев ва бошқ. Исломда соғлом бола тарбияси. – Тошкент: Мовароуннаҳр. 2014. – Б. 34.
[5]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Нубувват хонадони хонимлари. -Тошкент: Sharq, 2011. – Б. 138.
[6]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Нубувват хонадони хонимлари. Sharq, - Тошкент: 2011. – Б. 138.
[7]Усмонхон Алимов. Ёшлар - келажагимиз. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2008. – Б. 50.
[8]Ўша манба. – Б. 22.
Киритилган вақти: 11/02/2023 14:09; Кўрилганлиги: 854
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 13:19