ОЛТИ НАФАР ПЕШҚАДАМ АНСОР
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон боласи бир этнинг ичида бирда семириб-бирда озиб яшайди. Бу сифат кайфиятга ҳам тааллуқли. Ҳозиргина осмонда чарақлаб турган қуёшнинг юзини бирдан булут тўсиши табиий. Кишининг кўнглини хира қиладиган омиллар ҳам бисёр. Шундан, биз йиқилганни суяш ҳақида сўзламоқчимиз.
Маҳзун қалбли кишига кимдандир яхшилик етса, нақадар миннатдор бўлишини тасаввур қилинг. Бир муддат дарду ҳасратларини унутиб, елкасидан тоғ қулагандек бўлади. Яхшилик соҳибига нисбатан дилида самимий туйғулар жўш уради. Уни аввал танимаган бўлса, энди қондошига қарагандек қарайди, таниган бўлса – қайта тан олади. Сабаби, самимият билан қилинган яхшилик таъмадан пок, ғараздан холи бўлади. Инсониинг сезгир туйғулари буни дарҳол илғайди.
Хўш, бу мурувват, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга нисбатан қилинган бўлса-чи? Албатта, ундай кишилардан Аллоҳ ҳам рози, бутун мусулмон олами ҳам миннатдор бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам, турмуш ўртоқлари Хадича онамиз ва ёмонликлардан тўсиб турган амакилари Абу Толибнинг вафотидан кейин даъватларини Макканинг ташқарисига кўчиришга қарор қилдилар. Боиси, Ҳошимийлар қавмига раҳбарлик бошқа бир амакиси, (Абу Толибнинг укаси), Абу Лаҳабга ўтди. У ўтакетган разил киши бўлиб, мушриклардан эди. Натижада, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига таъқиблар кўчайиб кетди.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам, даъват учун Тоиф шаҳрини танладилар. Макка билан унинг орасидаги масофа тахминан юз километрча келарди. Йилнинг айни ўша пайтида ҳавонинг ҳарорати ҳам юқори бўлган. Шунга қарамай, Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам Тоифга яёв бориб келишга қарор қилдилар. Бу машаққатли сафарда Зайд ибн Ҳориса у кишига ҳамроҳлик қилган эди.
Тоифликлар у зотни рад этишди, шунинг баробарида ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб, мазах-масхара қилишди. Тоифнинг бадбахт раҳнамолари шу билангина кифояланмадилар, балки ҳали ғўр, ёш болаларни Расулимиз соллалоҳу алайҳи васалламга қарши қайраб, у зотни сўкишга ва сазойи қилиб, тошбўрон қилишга ундашди. Бу шаҳарнинг эшикларини Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга юэларига тақа-тақ ёпишди.
Араб қабилалари ўртасида даъватни тўхтатмаслик, уларни исломга чақириш ва азиз жонларини ҳимояга чорлаш, ҳимоятга ундаш – бунинг барини яна қайтадан бошлаш, янги куч билан ўринларидан туриш учун она шаҳарларига қайтиб келдилар. Аммо...
Ҳа, шайтоннинг йўриғидан йўртган оломоннинг онги ораста эмасди. Бир қабила кетидан бошқаси у зотдан юз ўгирарди. Бир, икки ёки еттита эмас, балки ана шу саноқли кунларда йигирмадан ортиқ араб қабилаларини исломга чақирдилар. Лекин биронта қабила у зотнинг гапларига қулоқ осмади...
Бироқ, уринишлари зое кетмади. Бир куни, ниҳоят Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг қалбига хурсандчилик келди, у зотнинг муборак юзларида табассум ва сурур жилва қилди...
Хўш, бу бахтёрликни у зотга ким ҳадя қилди? Улар кимлар эди?
Нубувватнинг ўнинчи йилидаги ҳаж мавсумида Ироқнинг Шайбон қабиласи катталари билан музокара қилиб бўлгандан сўнг, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам олти кишидан иборат, бир араб жамоасини кўриб қолдилар. Башарият тарихи улар билан мангуга ўзгариб кетадиган ва номларини ҳар вақт ёдимизга сақлашимиз лозим бўлган бу олти киши қуйидагилар эди,:
- Асъад ибн Зурора.
- Авф ибн Ҳорис.
- Нофиъ ибн Молик.
- Қутба ибн Омир ибн Ҳадийда.
- Уқба ибн Омир ибн Нобий.
- Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Риоб розияллоҳу анҳумлар.
Мана шу олти нафар инсоннинг барчаси Хазраж номли араб қабиласидан эди. Бу қабила Макканинг шимолидан қарийб беш юз километр узоқликда жойлашган, хурмозорлари билан машҳур шаҳарда яшовчи қабила эди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейин "Мадина" номини олган бу шаҳар Ясриб деб аталар эди.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам бу олти инсонни кўриб, улар томон бордилар ва сўрадилар:
– Сизлар кимсизлар?
–- Хазражликмиз, – дейишди улар. У зот яна сўрадилар:
– Яҳудийларнинг иттифоқчиларимисиз?
– Ҳа.
– Мен билан суҳбатлашишга фурсатларинг борми?
– Майли, – рози бўлди улар.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам уларни исломга даъват этдилар. Қуръон оятларидан тиловат қилдилар. Дунёнинг яралиши, тириклик моҳияти, фоний ва боқий дунё – инсоннинг охир-оқибат ноил бўладиган саодати ва унинг шартлари ҳақида ислом динида нималар дейилганини баён қилдилар. Шу аснода, ўта оқил бу олти киши бирор-бир истисносиз, ҳеч иккиланмасдан барчалари бирдан исломни қабул қилишди.
Бу олти киши кейинчалик “Ансорлар" деб таниладиган инсонларнинг пешқадамлари бўлишди. Чунки айнан улар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига сурурни ёйган, у зотга нусрат ва ҳимояни тақдим этишган эди. Уларнинг барчаларидан Аллоҳ рози бўлиб, номларини ислом тарихига муҳрлаб қўйди.
Дилмурод Қўшоқов
Самарқанд шаҳар "Хўжа Зудмурод" масжиди имом-ноиби
Киритилган вақти: 25/09/2023 14:45; Кўрилганлиги: 679
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 22:05