Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

НОДИР ДЕВОНБЕГИ ОРЛОТ

 
 

Жаннатмакон юртимизда қанчадан-қанча хонлар-хоқонлар, султонлар ва амирлар ўтдилар, улар ҳақида китоблар ёзилди аммо биз сиз азизларга хавола қилмоқчи бўлган киши хон эмас балки Бухоро хони Абул Ғозий Имомқули Баҳодирхоннинг бош вазири Нодир Девонбеги Орлот ҳақида қўлимиздан келгунича баён қилишга ишааллоҳ ҳаракат қиламиз! Нодир Девонбеги Орлотнинг тўлиқ исми Ҳазрат Нодир Мирзо Тоғойи Садр Девонбеги ибн Ҳазрат Султон Мирзо Тоғойи Абдуллоҳ Орлот бўлиб ўзбекнинг Орлот уруғидан бўлганлар. Бунга Абу Тоҳирхожанинг Самария асарида “Нодир Девонбегини Орлот аймоғидан бўлганлигини тарих забт қилган” деб ёзади, шунинг учун ҳам у кишининг исмига тахаллус каби Орлот сўзи қўшилган. Юқорида айтганимиздек кўплаб хонлар, султонлар бу фоний дунёдан вафот қилиб кетдилар. Бу дунё ҳеч кимга вафо қилмади. Аммо улардан солиҳ амаллар ҳамда қолдирган илмий ва маданий мерослари қолди халос. Хонлар, султонлар қаторида Нодир Девонбеги Орлотдан ҳам қолган илмий ҳамда маданий меъросларини ёритишни ихтиёр қилдик. Нодир Девонбеги Орлот фаолиятининг аввалида Бухоро Хонлиги бош саркардаси бўлган. Бу ҳақда Сахилийнинг “Имомқулихоннома” асарида қуйидагича сатрлар келтирилади:

Тенги йўқ қўшинга бўлди сардор,

Нодир Мирзо ки, ул марди диловор.

Бу ишда ҳамроҳ бўлди унга яна,

Ҳисобсиз дўсту ёр бир тан, ягона.

Шукурбий ва Давлат ки, икки зўр бас,

Бирови Саройдур, бири Кенагас.

Раҳимбек ила Қутлуқ оталиқ ҳам,

Рустам пайкон эрур у икки шер дам.

Эминбий ва Суюнч ва Лола араб,

Хожат йўқ таърифига очмоққа лаб.

Ёвлибий ва Эмин Алий паҳлавон,

Йўлбарсдек шиддаткор, ёвқур навжавон.

Қушчидан Абулбий, Мурод ўғлондан,

Кўрк топгайдур жанг майдони улардан.

Ошкор қилмоқ эди ғайратин аҳди,

Ул сардор тоғойи насаб нисбати[1].

[1] Бу ерда тоғойи уруғ нисбати бўлса Абу Тоҳирхожани сўзи ва ўзбекнинг тўқсон икки уруғи ичида тоғойи деган уруғ йўқлигини инобатга олиган холда тушунамиз.

Бир неча йиллар саркардаликдан сўнг Нодир Девонбеги Орлот[2] Бухоро хони Абул Ғозий Имомқули Баҳодирхон (1611-1642)га бош вазир бўлган. Нодир Девонбеги Орлотнинг вақф ҳужжатлари ҳамда маданий меърослари жуда кўп бўлиб, улардан машҳурларини бирма-бир ёритиб ўтамиз.

Бухородаги Нодир Девонбеги томонидан қазилган “Лабиҳовуз” ҳовузи 1029-ҳижрий сана (милодий 1620-йил)да қазилган бўлиб, халқ орасида “Ҳовузи Базўр” яъни Зўрлик билан қазилган ҳовуз деб ҳам аталади. Ҳовуз 36 метрга 45,5 метр бўлиб, атрофи синчлар билан мустаҳкамланган. Чуқурлиги 5 метр. Ҳовузнинг шарқий қисмида Нодир Девонбеги мадрасаси бор, шимолий шарқий қисмида эса Кўкалдош мадрасаси жойлашган. ғарбий қисмида Нодир Девонбеги хонақоҳи жойлашган.

Лабиҳовуз ҳовузининг ғарбий қисмида Нодир Девонбеги хонақоҳи 1029-ҳижрий сана (1620-милодий йил)да Нодир Девонбеги томонидан қурилган хонақоҳ мавжуддир. Бу хонақоҳ ўзига хос жозибадор қурилган бўлиб, хонақоҳнинг икки томонида ҳам ҳужраларга кириладиган эшиклари бор. Хонақоҳда 14 та ҳужраси бор. Ундан ташқари иккинчи қаватида дарвешлар учун ётоқхоналар ҳам қурилган.

Нодир Девонбеги Орлотга Бухоро хони Абул Ғозий Имомқули Баҳодирхон томонидан мулк қилиб берилган Санглоқ дарёси суви ҳақидаги ҳужжатда Нодир Девонбегини Орлот уруғидан бўлганлигига ишора бордир. Ҳужжат Самарқанд вилояти Иштихон тумани Орлот қишлоғидан оқиб ўтувчи Санглоқ дарёси мулк қилиб берилганлиги тўғрисидадир. Унда Орлот қишлоғини таърифлаб шундай деб ёзилган: “Эски Орлот жойлашган ҳудуднинг зикри Эски Орлот  тўрт томондан муайян жойлар билан чегараланиб ғарб томондан ... жойигача ясталган. Шимол томондан Чоҳор тоғ мулки (ҳозирги Чорлоқ қишлоғи) деган жойгача ясталади. Шарқ томондан Фохин еригача ясталади. Жануб томондан машҳур Ўғриқул деган жойгача ясталиб, бу ҳудудларнинг аломати зоҳирдур” деб 1030-ҳижрий сана 25 моҳи рамазон ойи (1621-милодий йил август ойи) Абул Ғозий Дин Муҳаммад Баҳодирхон ва Абул Ғозий Имомқули Баҳодирхон деб ёзилиб шарқдан оқиб келувчи сув Нодир Мирзо Тоғой Девонбеги ибн Султон Мирзо нур марқодаҳуга унинг отаси ва бобосининг мулки бўлганлиги учун хатлаб берилди деб 24 кишининг номи ёзилган. (Ушбу вақф ҳужжати бугунги кунда Иштихон тумани “Эшон Темирхон тўра” жоме масжиди имом-ноиби Нодирхон Абсаматов қўлида сақланмоқда).

Бухоро шаҳридаги Нодир Девонбеги мадрасаси 1032-ҳижрий сана (1622-милодий йид)да Нодир Девонбеги томонидан қурилган бўлиб, даст аввал карвонсарой вазифасини ўташ мақсадида қурилиб, кейинчалик хоннинг қарори билан мадрасага (яъни қорилар тайёрлаш мадрасасига) айлантирилган. Унда мадрасаларга хос равишда масжид, дарсхона ва катта айвони ҳам қурилган. Мадраса дарвозаси қибла томонга қараб қурилган. Мадраса икки қават бўлиб, етмиш битта ҳужрадан иборатдир. Унинг мадраса ғарбида Лабиҳовуз ҳовузи жойлашган.

Самарқанддаги Маҳдуми Аъзам Косоний ҳазратларининг мозорини ихота қилган иморат ва дарвозасига солинган равоқ биноси, Даҳбетнинг ҳиёбони ва тутзор ҳам Нодир Девонбеги Орлот томонидан қурилан ва обод етилгандир[3]. У кишининг бу жойлардан иморат қуриб обод қилишига сабаб эса Маҳдуми Аъзам Косоний ҳазратларига бўлган чексиз хурмат ва эҳтиромидир.

Ҳазрати Хожа Абду Берун мозори бўлиб, унинг мозори устига Нодир Девонбеги Орлот томонидан кенг бир хонақоҳ ва бир неча ҳужралар солдиргандир. Дерларки Ҳазрати Хожа Абду Берун Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг авлодидандир[4].

Самарқанд шаҳридаги Нодир Девонбеги мадрасаси 1040-ҳижрий сана (1630-31-милодий йилда) Нодир Девонбеги Орлот томонидан бино қилинган бўлиб, уни Нодир Девонбеги мадрасаси, пештоғида шер ва кийик сурати тасвирлангани учун ташқи шердор, Хожа Ахрор Валий ҳазратларининг масжиди ва қабри олдида қурилгани учун Хожа Ахрор Валий мадрасаси ҳам дейилади. Мадрасани Хожа Ахрор Валий ҳазратларининг хонақоҳи олдида қурилишининг сабаби Нодир Мирзо Девонбеги Орлотнинг у кишига бўлган ҳурматидир. Мадраса бир қаватли бўлиб, катта масжид, тўртта дарсхона икки зал ва 28 та ҳужрадан иборат бўлиб, ташқи кўринингдан Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодирбий томонидан қурилган Шердор мадрасасига жуда ҳам ўхшашдир, шунинг учун ҳам уни Ташқи Шердор ҳам дейдилар.  

Сиз азизларга имконимиз етгунича Ҳазрат Нодир Мирзо Тоғой девонбеги ибн ҳазрат Султон Мирзо Тоғой Орлот тўғрисида қўлимиздан келгунича маълумот беришга ҳаракат қилдик. Бу кишининг қилган ҳамма ишлари қурдирган масжид ва мадрасалари, ободонлаштириш ишлари, у кишини комил мўмин-мусулмон эканлигини ва ватанга ва юртга меҳр-муҳаббатини кўрсатиб турибди. Биз илмий изланиш жароёнида у кишини ҳали кўрмаган ва ўрганилмаган бир қанча вақф ҳужжатлари бор эканлигини кўрдик. Ва келажакда бу киши ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

 

Нодирхон РАВШАНХОН ўғли - Самарқанд вилояти Иштихон тумани“Эшон Темирхон тўра” жоме масжиди имом-ноиби

[1] Бу ерда тоғойи уруғ нисбати бўлса Абу Тоҳирхожани сўзи ва ўзбекнинг тўқсон икки уруғи ичида тоғойи деган уруғ йўқлигини инобатга олиган холда тушунамиз.

[2] Нодир Девонбеги ўзбекнинг Орлот аймоғидандур. Абу Тоҳирхожа “Самария” асари 28-бет.

[3] Абу Тоҳирхожа “Самария” асари 56-бет.

[4] Абу Тоҳирхожа “Самария” асари 50-бет.


Киритилган вақти: 23/12/2021 08:25;   Кўрилганлиги: 1062
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/nodir-devonbegi-orlot
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 00:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг