НИКОҲ МУҚАДДАС РИШТА
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Никоҳни одамлар орасидаги энг муқаддас робита ва ҳалол алоқа қилиб берган Аллоҳ таолога Ўз зотига муносиб ҳамду санолар бўлсин.
"Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир", деган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустофо соллаллоҳу алайҳи васал- ламга саловоту дурудлар бўлсин.
Ушбу мўжазгина мақолада никоҳ, унинг аҳамияти ва бу борада ҳар бир мусулмон билиши ва қилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз кетади.
Никоҳ масаласи ҳар бир киши, оила, жамият ва давлат, бутун инсоният учун муҳим эканини ҳамма билади. Чунки бу амалий ҳаётда ўта муҳим бўлиб, ҳалол ва ҳаромга, оила ташкил қилишга, келажак авлод фарзандларимизнинг дунёга келишига ва унинг тарбиясига боғлиқ ма-саладир.
Шунингдек, у эру хотинларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларга амал қилиш, оилани ташкил этиш, бошқариш, қолаверса саодатли қилиш билан борлиқ масаладир.
Агар оилалар жипс, бақувват, бахтли бўлсагина жамият ҳам жипс, бақувват, бахтли бўлиши ўз-ўзидан аёндир.
Мусулмонлар бошқа ишлар каби оила масаласида ҳам кўнглига келган нарсани турли бидъат-хурофотларни ёки қандайдир одамлар томонидан ишлаб чиқилган қонун-қоидаларни ўзларига кўрсатма ёки йўлланма деб билмайдилар.
Мусулмонлар бу нозик ишда ҳам ўз Холиқлари, бутун олам тарбиячиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига, Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий амал қиладилар.
Чунки оила илоҳий кўрсатмалар, набавий таълимотлар, дину диёнат, фозил ахлоқ асосида қурилганидагина мустаҳкам ва бахтли бўла олади.
Никоҳнинг шаръий ҳукмларини яхши билиш эру хотинларни турли хато, келишмовчилик ва кўнгилсизликлардан сақлайди.
Никоҳнинг шаръий ҳукмларини билмаслик эса, турли бахтсизликларга. Келишмовчилик, уруш-жанжал, оила бузилиши, болаларнинг сарсон-саргардон бўлишига ва ниҳоят, жамиятнинг ҳам заифлашувига олиб келади.
Шунинг учун ҳам оилавий ҳаётимизни Ислом шариати кўрсатмалари асосида олиб боришимиз лозим. Бунинг учун эса, Ислом ҳукмларини ўрга-нишимиз керак. Шу ҳукмларни ушбу қисқа бўлса ҳам мақоламизда Аллоҳ қодир қилганича ёритиб берамиз деган умиддамиз.
Келинг, Аллоҳ таоло оила қандоқ бўлишига амр этганини ўрганиб чиқайлик.
Дунёдаги энг саодатли ва энг ибратли оила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари ва у Зотнинг оила ҳақидаги кўрсатмалари қандоқ бўлганлигини билиб олайлик.
Келинг, энг саодатли авлод бўлмиш саҳобалар авлоди қандоқ оилавий ҳаёт кечиришганини кўриб чиқайлик.
Сўнгра ўша билган нарсаларимизни ҳаётимизга татбиқ килайлик. Шояд бизга ҳам ўша зотларга насиб этган саодатли оилавий бахт насиб этса.
Аллоҳ таоло яна: "Ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз", деган (Раъд, 385).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлиги баён этилмокда.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб курсатган бандаларидир. Улар инсо-ният тарихи давомида илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана ўшандоқ олиймақом зотларнинг ҳаммалари оилали ва зурриётли бўлишлари бежиз эмас. Бу барча инсонлар оилали бўлиб, зурриёт қолдиришга уринишлари керак эканлигини кўрсатади. Бу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлигини кўриб турибмиз.
Абдуллоҳ розияллоҳу онҳудон ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:"Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир", деганларини эшитдим".
Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатидан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади. Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайқи васалламнинг завжалари уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар: "Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у Зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган", дедилар.
Улардан бири: "Мен тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман", деди.
Бошқаси эса: "Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман", деди.
Яна бошқа бир: "Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман", деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб, "Шундоқ, шундоқ, деганлар сизларми?! Аммо, Аллоҳга қасамки мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас", дедилар".
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, деганлари имкони бўла туриб никоҳда бўлмаслик, оила қурмаслик мусулмон учун мутлақо тўрғи келмаслигини баён этади. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас.
Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда у Зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади.
Тожиев Ҳамидулло - Ургут туман “Имом Ҳасан” масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 18/08/2020 09:47; Кўрилганлиги: 1065
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 02:04