Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

НЕГА ЙИҒЛАЯПСАН?

 
 

Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Сафийя бинт Ҳуяйй онамиз розиёллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирганларида Сафийя онамиз йиғлаб ўтирган эдилар. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Нега йиғлаяпсан?
Онамиз жавоб бердилар:

- Ҳафса мени "яҳудийнинг қизи" деб ҳақоратлади!
Набий алайҳис салом дедилар:
- Сен пайғамбарнинг қизисан, амакинг ҳам пайғамбар, эринг ҳам пайғамбар! Ҳафса нимаси билан сенга фахрлана олади?!
Сўнгра Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафса онамиз розиёллоҳу анҳонинг олдиларига бориб: "Эй Ҳафса! Аллоҳдан қўрқ!", дедилар.

Аёлларнинг табиати нозик бўлади. Зеро улар юракка яқин қовурғадан яратилган. Улар ҳиссиётга берилувчан бўлишади. Уларнинг яратилишидаги ҳикмат шуни тақозо қилади. Шунинг учун улар арзимаган ишларга ҳам йиғлайверишади.
Бу аҳамиятсиз нарса эмас. Баъзилар айтганидек, аёллардаги заифлик ҳам эмас. Бу нарса улардаги аччиқ кунларга йиртқич онашер каби қарши чиқиш иқтидорини камайтирмайди. Бор-йўғи улар башариятнинг ширин ва нозик қисми холос. Йиғи эса улардаги мана шу нозикликнинг ифодасидир. Улар бу билан ўзларига эътиборни тортмоқчи бўлишади.
Улар йиғлашганда бепарво бўлманг. Бу ҳолат уларнинг қалбидан ўрин олишнинг ажойиб имкониятидир. Аёлга қалби орқали эга чиқса бўлади. Улар йиғлайдиган лаҳзаларда улардан юз ўгириб бўлмайди. Бу борада Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга ўрнак бўлаяптилар: "Нега йиғлаяпсан?!".
Хотинлари бўлган воқеани айтганида уни ширин сўзлар билан юпатаяптилар. Хатога эса рози бўлиб бўлмайди. Ҳафса онамизнинг хатоларини тузатиб қўймоқдалар.
Бу ҳодисада кундошлар орасидаги келишмовчиликларнинг гувоҳи бўлаяпмиз. Иймон даражасининг бунда алоқаси йўқ. Бунинг сабаби табиат ва инсон фитратидир. Аёл кишининг иймони қанчалар юксалмасин унинг табиатида кундошидан эрини рашк қилиш сақланиб қолаверади.
Бундан бир неча асрлар муқаддам Сора онамиз Иброҳим алайҳис саломни Ҳожар онамиздан рашк қилган эдилар. Бундан Иброҳим алайҳис салом сиқилган эдилар. Ваҳоланки, Сора онамиз тавҳид ва иймон қаҳрамонларидан эдилар.

Маҳзунлик пайтида кўнгил олиш нақадар ажойиб ибодат! Бу гўзал хулқ инсонларни нақадар безайди биродарлар!
Ҳаёт мушкулотларига мана шу тирқишдан қарашимиз лозим. Бу фурсат елкадош бўлиш фурсатидир. Бу фурсат кўнгил топиш имкониятидир.

Рашк бу аввалдан бор бўлган ҳаётий бир кўринишдир. Баъзан у аёлларни чегарасидан чиқариб юборади. Уй ишлари уни чарчатади. Болалар тарбияси уни ҳоритади. Бу эркаклар учун ҳамдард бўладиган қалбга айланиш фурсатидир. Уларни суяйдиган меҳрибон елкага айланиш онидир. Бундай ҳолда аёлингизга эркаклигингизни, бошлиқлигингизни кўрсатинг. Уни пешанасига лабингизла муҳр қўйинг. Унга эътиборли эканлигингизни айтинг. Уни бағрингизга олинг. Уни ташлаб қўймаслигингизни айтинг. "Мен сен билан биргаман, мен сен билан кучлиман, сенга эҳтиёжим бор", денг. Кўрасиз, унинг юзи хурсандликдан порлайди. Табассум қилади, ўтган нарсаларни унутади!
Аёлларнинг ёши қаерга етмасин, уларнинг ичида гўё меҳрталаб ёш қизалоқлар яшайди. Шуни биз эркаклар унутмаслигимиз лозим!

Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов


Киритилган вақти: 23/12/2021 08:47;   Кўрилганлиги: 899
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/nega-yiglayapsan
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг