Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Муташобиҳ оятлар бўйича қандай йўл тутилади?

 
 

Бухорийнинг шайхлари Нуаъйм ибн Ҳаммод Хузоъий айтадилар: Ким Аллоҳни Унинг махлуқотларига ўхшатса, кимки Аллоҳнинг сифатларини инкор қилса, дарҳақиқат кофир бўлди. Аллоҳ таоло Ўзини васфлаган ва Расули Уни васфлаган нарсада ташбеҳ йўқдир. Шундай экан, ким очиқ ойдин оятлар ва саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлган нарсани Аллоҳнинг жалолига лойиқ бўладиган тарзда исбот қилса ва Аллоҳдан нуқсонларни инкор қилса ҳақиқатда ҳидоят йўлида юрибди  (“Тафсир Ибн Касир” китоби).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор …” ("Оли Имрон" сураси, 7-оят), деб марҳамат қилган.

Демак, Қуръони каримда муҳкам ҳамда муташобиҳ оятлар бор экан. Муҳкам (ойдин) оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. “Улар китобнинг аслидир”, яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ (бир-бирига ўхшаш) маъноларни билдирадиган, турлича маънога бориш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар.

Айримлар ўша оятларнинг ҳам зоҳири (ташқи маъноси)га қараб иш тутишни ирода қилади. Масалан, сохта салафийлар Қуръони каримдаги: Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми?” (Мулк сураси, 16-оят) ояти каримасини зоҳирий маъносига қараб, Аллоҳ таолони осмонда, деб айтишади. Аҳли сунна валжамоани аҳли бидъат деб айтган бу шахслар юқоридаги оятни ўзларининг фикрларига далил қиладилар.

Муташобиҳ оятлардан ҳукм чиқариш борасида ўрнатилган қоида-қонун мавжуд бўлиб, тўғридан тўғри ҳамма муташобиҳ оятларнинг зоҳирига қараб маъно олиш жоиз эмасдир.

Зоҳирини олиш – зоҳирий маънога “эргашиш”дир. Агар зоҳирий маъно Аллоҳнинг Зотига лойиқ бўлмайдиган маъно бўлса, Аллоҳнинг зотига лойиқ бўладиган маънога ўтилади. Яъни, ўша каломнинг ўзида бўлган маънога ўтилади. Бу маънони теран назар соҳиблари англайдилар. Бу нарса таъвийл деб номланади. Масалан: Қуръони каримда: “Ва Биз унга жон томиридан яқинмиз” (Қоф сураси, 16-оят) – деган мазмундаги оят бор. Ояти кариманинг зоҳирига кўра “Аллоҳ Ўз Зоти ила банданинг жон, яъни қон томири билан банда орасида” деган маъно тушунилади. Аммо бу иш Аллоҳнинг Зотига лойиқ бўлмайди. Демак, Аллоҳ бандага Зоти ила эмас, балки сифатлари ила банданинг жон томиридан яқинроқдир.  Яъни, Аллоҳ таоло илм сифати ила банданинг аҳволини билувчи, банданинг устидан Ҳукмрон ва Қодирдир. Чунки, “Биз” деган калимада Аллоҳнинг зотига ҳамда сифатларига далолат қиладиган маъно бор. Бу нарса таъвийлдир ва бу маъно саҳиҳдир.

Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми?” (Мулк сураси, 16-оят) деган ояти каримада ҳам шундай йўл тутилади. Зоти билан осмоннинг ичига кириб олиши зотига нолойиқ бўлгани учун, сифатлари ила осмонда дейиш тўғри ҳисобланади. Яъни, сифатлар зотдан ажралмаган ҳолда осмонга боғлангандир. Шунинг учун, Аҳли Сунна вал-Жамоанинг муфассирлари бу оятни “Ҳукмронлиги ва қудрати осмонда бўлган Зотдан хотиржам бўлдингизми” - деб тафсир қилганлар. Биз кўриб турган махлуқотларнинг каттаси бўлган осмонда ҳукмронлиги ва қудрати бўлган зот, осмондан бошқа махлуқотларда ҳам ҳукмронлиги ва қудрати авлавият йўли билан собитдир. У зот ерни Ўз қудрати билан инсонлар устига ағдариб, уларни ҳалок қилишга қодирдир.

Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп. Инша Аллоҳ бундан бошқа оятларни ҳам муфассир олимларимизнинг тафсирларига асосланиб баён қилиб борамиз.  Зеро, улар бу ишда биздан кўра лойиқроқдирлар.

 ЁҚУБЖОН домла МАНСУРОВ вилоят бош имом-хатиби ўринбосари 


Киритилган вақти: 17/02/2021 20:36;   Кўрилганлиги: 798
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/mutashobih-oyatlar-boyicha-qanday-yol-tutiladi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 23:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг