Мусулмоннинг вафодор аёли

Ашраф Али Таҳонавий айтадилар:
«Мусулмоннинг хотинидек аёлни дунёда тополмайсиз. Унинг каби вафодорни оламда йўқ. Бунинг исботи шуки, у эрнинг хизмати билан бирга унинг ота-онаси, ака-укасининг ҳам хизматини қилиб, дуосини олаверади. Ваҳоланки эрнинг ота-онасига хизмат қилиш унга вожиб эмас. Узоқ қариндошингиз келса ҳам уни ҳам очиқ чеҳра билан кутиб олаверади. Сиз йиллаб мусофирликда юрсангиз ҳам сизни кутиб юраверади. Ваҳоланки, аёлнинг рухсатисиз 4 ойдан ошиқ муддатга мусофир бўлиш мумкин эмас. Кечаси соат 2 да келсангиз ҳам, эшикни очиб, сизга овқат ҳам қилиб бераверади…
Шунча хизматларига яраша бу аёлларнинг тиллари ширин бўлганида эди… Жиддийсини қўйинг, оғзиларидан чиққан ҳазил дуо ҳам қабул бўлиб кетарди. Адашиб дуо қилсалар ҳам Аллоҳ қабул қилаверарди…»
БАДХУЛҚ АЁЛ – МEНИНГ МАРТАБАМ
Буюк тасаввуф шайхларидан Мирзо Мазҳари Жони-Жононнинг аёли жуда баджаҳл, ёмон хотин бўлган экан. Шундай бўлсада, шайх ҳар куни бомдоддан кейин, шогирдларидан бирини аёли олдига жўнатиб, ҳол-аҳволини сўраттирар экан. Аҳвол сўрагани борган шогирдларини аёл сўкиб, «дунёда менинг эримдан бошқаси қуриб қолибдими, шунгаям шогирд бўласанларми?», деб вайсиб бераркан. Унинг бундай муомаласини шайхга айтишга улар истиҳола қилишаркан.
Бир куни шайх аёлининг олдига бир бадавийсифат шогирдини жўнатибди. У эса аёлнинг бундай муомаласини кўриб, югурганча, шайхнинг олдига кириб, шундай дебди:
— Устоз, бундай аёл билан қандай яшайсиз, мениям, сизниям боплаб сўкиб берди. Талоқ қилиб юбормайсизми уни?
— Мени ким деб биласан?
— Сиз устозсиз, буюк илм соҳибисиз.
— Менинг эришган барча илмим, мартабам, шу хотинимдан. Унинг бу азобларига сабр қилганимдандир. Агар мен бир кун унинг ҳолини сўрамасам, мартабамдан тушиб қоламан. Энди қандай қилиб, мени шу даражага олиб чиққан хотинимни талоқ қилай…
ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИ
Абу Ҳурайра р.а. айтган эканлар:
«Сен хотининг хунук бўлгани учун куйинма, бир кун сенга гўзал фарзандни туғиб беради – хурсанд бўласан».
* * *
Инглизларнинг бир мақоли бор:
«Бузуқ соат ҳам кунига 2 марта тўғри гапиради.»
Амиров Тўлқин тайёрлади
Киритилган вақти: 04/02/2022 09:52; Кўрилганлиги: 1005
Чоп этилган вақт: 03/11/2025 16:37





















