Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мустақиллик – улуғ немат

 
 

Мустақиллик, озодлик, хуррият – бу тушунчаларни тўла ҳис этиш, шукур қилиш ва қадрига етиш лозимлигини мустабит тузумнинг аламли даврларини бошидан кечирган халқимиз бугунги ёшларга насихат қилиб келмоқдалар. Мустакилликдан олдин Ўзбекистонда саноқли масжидлар бўлиб, уларда ҳам фақат ёши кекса одамлар келиб номоз ўқишарди.Ўша вактларда масжиддаги шароитлар замон талабларига жавоб бермас эди.

Одамлар Ҳайит номозларини яширинча қабристонларда, бировларнинг уйларида ўқишар эди. Коммунистик партия аъзоси бўлган киши зиёрат жойларга бориши, рўза тутиши, ҳатто яқинларининг жанозасида қатнашиши ҳам мумкин эмас эди. Уларни партиядан ўчириб, ишдан бўшатишар эди. Мактабларда рўза вақтларида ҳамма болаларга мажбуран сув ичирилар эди. Ҳаж ва закот ҳақида умуман тушунча йўқ эди. Хайру-саховат, савоб, гуноҳ каби инсоний қадриятларни эскилик сарқити деб баҳолаб, бу хақда гапирадиган инсонни қолоқликда айбларди. Шўролар даврида битта Тошкент Ислом Институти ва Бухородаги Мир араб ўрта махсус мадраса бор эди холос. Ўқиш нихоятда машққат эди. 15 та республикадан 15 нафар талаба ўқишга қабул қилинар эди. Яна хам катта муаммолардан бири китоб ва бошқа ўкув қуроллари етишмас эди. Китобларни навбат билан кўчириб олишлик ва домлаларни етишмовчилиги билим олишга анча кийинчилик туғдирар эди. Пахта терими вақтида кунига 60 килограммдан кам пахта терган талабани ўқишдан ҳайдаш шарти қўйилар эди.

Мустакиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ жамиятимизда дахрийлик тарғиботига барҳам берилди. Ҳозиргача икки мингдан зиёд масжидлар очилди. Уларда олий ва ўрта махсус маълумотга эга имом хатиблар хизмат қилмоқдалар. Ўндан зиёд  олий ва ўрта махсус мадрасалар фаъолияти йўлга қўйилди.  Мадраса талабалари шинам ётоқхоналар ва ўқув хоналари ва малакали устозлар, барча дарсликлар, ўкув қўлланмалари, компютер ва интернет алоқалари билан таминланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида бир нечта нашриёт ташкил этилган бўлиб, унда Ҳидоят, Мўминалар журналлари  ва Ислом нури газетаси доимий чоп этилмоқда. Бир неча бор Қуръон Карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадислари ўзбек тилига таржима ва тафсир қилинди. Жаҳон Ислом маданиятига улкан ҳисса қўшган Имом Ал-Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний, Аҳмад Фарғоний, Хожа Аҳрори Валий каби уламоларимиз қўним топган муқаддас жойларда замон талаби асосида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.  Рамазон ойига ҳукумат даражасида алоҳида эҳтиром ва эътибор билдирилмоқда. Икки ҳайит кунлари давлат миқёсида байрам сифатида дам олиш кунлари деб белгилаб қўйилди. Ўзбекистон фуқоролари муборак Ҳаж сафарига боришга мушарраф бўлмоқдалар. Айниқса кейинги йилларда янги Ўзбекистон жаҳонга юз тутди ва Жаҳон Ўзбекистонга бошқача эътибор билан қарамоқда. Виждон эркинлиги ва диний эътиқод масалаларига эътибор кучайди. Халқаро Ислом Академияси, халқаро ҳадис илми маркази очилиб, буюк диний-маданий меросимизни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш борасида катта қадам қўйилди. Фиқҳ, ақоид ва тасаввуф мактаблари ташкил этилди. Аллоҳ таоло шукур қилган бандаларига ўз неъматларини янада зиёда этишини ваъда қилган экан, ҳар биримизни бугунги улуғ кунларга шукр қилувчи бандаларидан қилсин. Аллоҳ таоло мустақиллигимизни абадий айласин.

Ургут тумани бош имом хатиби ҳожи Шоди Ҳақбердиев


Киритилган вақти: 31/08/2021 11:22;   Кўрилганлиги: 60
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/mustaqillik-ulug-nemat
Чоп этилган вақт: 28/09/2021 12:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг