Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик (7-давоми)

 
 

Мовароуннаҳр тасаввуфи мусулмон мамалакатлари ижтимоий-маънавий ҳаётига чуқур кириб борган, фан, маданият, ва адабиёт ривожига катта ижобий таъсир кўрсатганини мутахассислар ҳам қайд этганлар. Тасаввуфий қарашларнинг яхлит таълимотига айланиб, ислом ўлкаларига кенг ёйилиши ва кишилар ҳаётида муҳим воқеликка айланишида мовароуннаҳрлик Ҳаким Термизий, Абу Бакр Калободий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Порсо, Яъқуб Чархий, Сўфи Оллоҳёр ва бошқа тасаввуф олимларининг араб, форс ва туркий тилларда битган асарлари ислом оламида ҳозирга қадар эъзозланади. Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, ўрта асрларда энг кенг тарқалган уч тил – араб, форс, ва туркийда асарлар бита олиш малакаси асосан Мовароуннаҳр уламоларида шакилланган.  Зеро, минтақа аҳолисининг талаб ва эҳтиёжи ҳам айнан шуни тақозо қилган эди.

Алломаларимиз меросида фарзандни жисмонан бақувват, ақлан заковатли, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялашнинг йўллари илмий асослар, ҳаётий тажриба, муайян қарашлар тизимида чуқур таҳлил қилинган. Мана шу каби хусусиятлар билан бир қаторда фарзанд тарбиясида бағрикенглик, динийлик ва дунёвийлик масалаларида мувозанат ҳиссини шакиллантириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Марказий Осиё тасаввуфи ва тариқатчилик ўртасидаги номутаносиблик айнан ўша улкан илмий меърос ва анъанавийликдан узоқлашишнинг натижасидир. Мумтоз тасаввуфга хос гўзал ахлоқ, юксак маънавий фазилатларни шакиллантириш, комил инсон, нафс тарбияси, ватанпарварлик каби ғоялар халқимининг асрлар давомида такомилига етиб борган маънавий бойлигини ташкил этади. Ҳозирги шароитда ҳам тасаввуфнинг ана шундай хусусиятларини кўрсатиб бериш кишиларни турли асоссиз ғоялар ва маслакларга адашиб кириб қолишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. (давоми бор) 

 “Ислом маърифати ва ҳозирги замон” китоби асосида З.Эшонқулов тайёрлади

 


Киритилган вақти: 22/06/2020 09:50;   Кўрилганлиги: 1010
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/mumtoz-tasavvuf-va-zamonaviy-tariqatchilik-7-davomi
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 11:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг