МУЛОЙИМ БЎЛАЙЛИК!
Истиқлол йилларида, хусусан сўнгги беш йил ичида мамлакатимизнинг барча соҳаларида ислоҳотлар, гўзал ўзгаришлар амалга оширилди. Диний соҳада ҳам жуда катта ижобий ишлар амалга оширилдики, бунинг шукронасини адо этмоғимиз лозим. Хусусан, масжидларимизнинг сони 2100 тадан ошиб, диний таълим йўналишига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 3 та диний таълим муассасаси: Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис Илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси очилган бўлса, Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотрудий халқаро илмий тадқиқот марказлари иш бошлади. Диний таълим муассасаларига қабул квоталари бир неча баравар оширилди.
Шунингдек, турли ҳудудларда Ҳадис, Калом, Тасаввуф, Фиқҳ илмий мактаблари фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими ташкил этилиб, ўлкамизда илк бор 21 та “Қуръонни карим ва тажвид” курси фаолиятини бошлади. 40 мингдан ошиқ юртдошларимиз Умра, 12 мингдан зиёд юртдошларимиз Муборак Ҳаж ибодатини амалга оширдилар. Албатта, бу каби саъй-ҳаракатларнинг барчаси динимиз ривожи, халқимизнинг диний-маърифий билимини юксалтиришга қаратилган.
Лекин шуни афсус билан таъкидлаш лозимки, диний соҳада шунча эзгу ишлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, дилни хира қиладиган, фойдасиз тортишувлар, низоларга ҳам гувоҳ бўлиб қолмоқдамиз. Бу каби фойдасиз баҳслар кишиларни фойдали илм олишдан узоқлаштиради, умрни беҳуда ўтишига сабаб бўлади. Энг ёмони, бу тортишувларнинг диний мавзулар атрофида бўлаётганлигидир. Ижтимоий тармоқларга эътибор берсак, диний соҳада ўқимаган, устоз кўрмаган ёшлар диний масалалар устида баҳслашиб, асоссиз фатволар беришгача бориб етаяптилар-ки, бунинг оқибатида одамлар орасида турли тафриқаларга, тушунмовчиликларга, фитналарга сабаб бўлмоқда. Қисқаси, ижтимоий тармоқлар диний мавзулардаги тортишувлар майдонига айланиб қолди. Тортишаётган, мен сендан зиёдман деб баҳслашаётганлар ичида илм аҳлининг ҳам борлиги жуда афсусланарли ҳолат.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратларининг аҳли илмларга қилган мурожаатлари айнан шу мавзу атрофида бўлди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Биз отинойилар ҳам бу мурожаатни қайта ва қайта эшитдик ва ўзимизга тегишли хулосалар қилиб олдик. Биз отинойилар бу гапни шариатнинг гапи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларининг фатвоси ўлароқ қабул қилдик. Ҳар биримиз қайси майдонда, қайси йиғинда, қанақа мажсилда гапиришимиздан қатъий назар ўзларимизни ислоҳ қилишимиз зарурлигини теран англадик, чуқур ҳис этдик.
Дарҳақиқат, Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доим мулойим бўлгин. Зотан, мулойимлик нимада бўлса, уни зийнатлайди, нимадан олиб ташланса, уни нуқсонли, хунук қилади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Аллоҳ барчаларимизни набавий хислат билан зийнатланиб, уни суннатга мувофиқ ҳаётга тадбиқ қилиб боришимизда мададкор бўлсин!
Н.Темирова - Самарқанд вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
Киритилган вақти: 29/09/2022 09:06; Кўрилганлиги: 690
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:43