МУБОРАК ДИНИМИЗДАГИ АЁЛЛАРНИНГ ОДОБ АХЛОҚИ МАСАЛАСИ
Аллоҳ таолога У зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин. Набийларнинг афзали Муҳаммад мустафога мукаммал ва тугал саловату саломлар бўлсин.
Қуръони каримнинг 35 та сура ва 100 дан ортиқ оятида аёл сўзининг ишлатилиши ва суралардан бири, айнан “Нисо” яъни “Аёллар” деб номланиши ва унда аёлнинг мавқеи, унинг ҳаётдаги ўрни, ҳақ-ҳуқуқлари батафсил баён этилиши аёлларга бўлган эътиборнинг ёрқин мисолидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўзларининг муборак сўзларида аёлларга оид барча масалаларни жумладан аёлнинг жамиятдаги, оиладаги ўрни фарзандлар тарбиясидаги роли ва илм тарқатишдаги масъулиятини баён қилиб бердилар. Ҳар бир мўмина аёл ўзида ҳаёсини, одобини қисқача қилиб айтганда ҳусни хулқини мукаммал қилмаса нафақат Аллоҳнинг наздида балки бандаларининг олдида ҳам қадр қимматини йўқотади. Ҳақиқий аёлнинг қадр қиммати эрига итоаткорлиги ва фарзандлари тарбияси билан ўлчанади.
Ҳозирги замон аёлларининг маърифатлилиги, одоб ахлоқи, эрига итоаткорлиги, юриш туриш ва тадбиркорлиги билан ўтган замон аёллари билан тенглаша оляптими? Ал-Бухорий бобомизнинг оналари каби тақводор, Амир Темур бобомизнинг аёллари каби маърифатли бўла оляптими?
Шунингдек, аёлларимизда диний билим, диний салоҳият етишмаслиги кўпдан кўп муаммоларни олиб келяпти. Аксарият аёлларимиз эрига итоат қилмай эрининг қавм-қариндошини ҳурмат қилишни унутган.
Динимизда Аллоҳ таоло аёлларга кўп нарса буюрмади. Ибн Ҳаббондан ривоят қилинади Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: “Агар аёл беш вақт намозини ўқиса (рамазон)рўзасини тутса фаржини, иффатини (ҳаромдан сақласа) эрига итоат қилса жаннатнинг истаган эшигидан киради”.
Убшу зикр қилинган тўрт амал момоларимизда топилгани каби бугунги аёлларимизда ҳам топиладими? Манашу ерда Оиша онамиздан ривоят қилинган яна бир ҳадисни айтиб ўтмоқчиман: Расуллуллоҳ с.а.в айтдилар: “Агар бирор кишининг бошқа кишига сажда қилишга буюрганимда хотиннинг ўз эрига сажда қилишини амр этар эдим”. Бу муборак ҳадисдан аёлнинг қалбида Аллоҳ ва Расулидан кейин эрига бўлган муҳаббати, итоати туришлиги кўриниб турибди.
Ислом дини аёлларнинг ҳурмат эҳтиромини ўз ўрнига қўйиб, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиб, жамиятда ва динимизда етарли хизматни адо этиш учун барча шароитни яратиб берган. Аёл киши ҳаётда қилган тўртта хатоси сабабли дунё ва охират саодатидан мосуво бўлади:
- Номаҳрам эраклар билан ёлғиз қолиб, ҳоҳ телефон орқали, ҳоҳ ижтимоий тармоқларда бўлсин суҳбатлашиши.
- Эрининг руҳсатисиз уйидан чиқиш.
- “Ё мени , Ё уни денг” деб эрининг яқинларидан бирортасини танлашга мажбурлаши.
- Уйга кеч келган эрини сўроқ қилиши.
Бу хатолар замонамиз аёлларида кўп учраяпти. Мана шу хатолар туфайли оилаларда низо келиб чиқиб ажримлар кўпайиб, оилалар бузилиб, фарзандлар етим қолмоқда.
Ҳар бир хонадоннинг обод бўлиши фарзандлар баркамол, жамиятнинг соғлом бўлишида аёлнинг ўрни каттадир. Агар аёл диндор, ҳаёли, тақводор ва маърифатли бўлса соғлом оилалар ва соғлом жамият ўз ўзидан кўпаяверади.
Аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлагидир. Ислом таълимотига кўра ҳар бир аёл илм олишга, касб ҳунар қилишга ҳақлидир. Бундай ҳуқуқларимиздан оқилона, иффатимизни ва шаънимизни сақлаб фойдаланишимиз керак. Мана азиз аёллар динимизда ва жамиятда ўрнимиз юқори эканини билдик. Бежизга “аёл бир қўли билан бешикни бир қўли билан дунёни тебратар” деб бу ҳикматли сўз айтилмаган. Ҳар бир аёл гўзал ҳулқи, ҳаёси ва олималилиги билан оилада ва жамиятда ўз ўрнини топиб юксак даражаларга етади.
Динимизни етакчиси бўлган юртимизда фаолият юритаётган отинойиларимиз ҳар бир диний тадбирларда, хотин-қизлар билан олиб борилаётган суҳбатларда аёлларимизнинг оиладаги ўрнини, эрининг олдидаги бурчларини, эрининг қариндошларини ҳурмат қилиши, фарзандлар тарбиясида ўта хушёр бўлишини, сўзлашишда юриш-туриш ва кийиниш одобини, эркак бурчини – аёл ҳаддини билишлигини айтиб чиройли маърузаларида ёш хотин қизларимизга оила муқаддас даргоҳлигини айтиб ўтишлари керак.
Расуллуллоҳ (с.а.в) айтдилар: “-Дунё бир матоҳдир, дунё матоҳларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”. Луқмони Ҳаким ўғилларига шундай деган экан: “Солиха аёл худди подшоҳнинг бошидаги тож кабидир, ёмон аёл худди қари чолнинг орқасига юкланган оғир юк кабидир”.
Илоҳим ҳар бир аёл дунёдаги энг яхши матоҳ яъни солиҳа аёл бўлсин, эрининг бошидаги тожи бўлсин.
Нарпай туман отинойиси Дилноза Адиз қизи
Киритилган вақти: 05/03/2022 08:32; Кўрилганлиги: 1004
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 07:45