МОТУРИДИЙ ТАЪЛИМОТИДА АҲЛИ КАБОИРЛАР МАСАЛАСИ
Ислом оламида аҳли сунна валжамоа ақидаси кенг ёйилишига сабабчи бўлган алломалардан бири, ватандошимиз Имом Мотуридий шулар жумласидан ҳисобланади.
Ҳанафия уламолари Имом Мотуридийни ўзларининг ақидадаги имомлари деб ҳисоблашади. Шуни яхши билиш лозимки, Имом Мотуридий алоҳида бир мазҳаб тузган эмас! Балки, Абу Ҳанифанинг мазҳабига таяниб, ақоидга оид фатво ва таълимотларини атрофга ёйган. Китобларда “Мотуридий мазҳаби” ёки “Мотуридийлар” деган атамалар учраб турсада, буни алоҳида бир мазҳаб деб тушуниш тўғри эмас. Балки Абу Ҳанифанинг усули дин соҳасидаги таълимотини имом Мотуридийдан ўрганган ва унга амал қилган ҳанафийлар, деб тушуниш керак. Мотуридий таълимоти карромий, рофизий ва мўътазилийлар ғояларини ҳанафий йўналиши асосида танқид қилади ва уларнинг қарашлари асосли эмаслигини исботлаб беради. Воқелик ва Аллоҳ сифатларининг моҳияти борасидаги масалаларда бир қанча қарашларни баён қилади.
Жумладан, ҳозирги кунда кўп тортишувларга сабабчи бўлаётган имон масаласида ҳам юқоридаги фирқалар билан Имом Мотуридий таълимоти ўртасида фарқ бор.
Имом Мотуридий ақидасида, куфрдан бошқа катта гуноҳни қилган киши кофир ёки мунофиқ бўлмайди ва иймондан ҳам чиқмайди. Агар тавбасиз вафот этса, Аллоҳ таоло ё уни бир шафоатчининг шафоати билан ёки Ўзининг фазлу-марҳамати билан авф қилади. Ё уни жиноятига яраша азоблаб, сўнгра уни жаннатига киргизади.
Имом Мотуридий ўзининг “Таъвилотул Қуръон” тафсирида, “Лайл” сурасидаги: “Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур!”[1], деган оятнинг тафсирида гуноҳи кабира қилганлар ҳақида турли хил оқимларнинг фикрларини билдириб ўтган. Бунга кўра, банда шариъатдаги амалларни тўлиқ қила олмаслиги билан ёлғончига айланиб, дўзахга кириши муқаррар эмас. Балки берган ваъдасига ва қилган эътиқодига хилоф қилувчи бўлиб қолади. Бу оят кофирлар тўғрисида нозил бўлган, тавҳид ва иймон аҳллари тўғрисида эмас.
Мўътазилийлар: “Бу оят фақат ҳақиқий ёлғончини эмас, балки Аллоҳнинг буйруқларига бепарво бўлиб, унда камчиликка йўл қўйган ва қайтарилган ишларни қилган ҳар қандай мусулмон кишини ҳам ўз ичига олади” дейдилар.
Хаворижлар: “Албатта гуноҳи кабира қилганлар гуноҳи кабира қилишлари билан ёлғонга чиқарувчи ва юз ўгирувчига айланади” дейди. Чунки уларнинг эътиқодича, банда Аллоҳнинг бирлигига иймон келтириб, Исломни қабул қилганидан сўнг, У зотнинг ҳар бир буйруғига бўйсиниб, динда қабул қилинган амалларнинг барчасини қилиши, қайтарилган ишларнинг барчасидан тийилиши шарт, деб эътиқод қиладилар.
Муржийлар бу оятга таяниб, “Дўзахга фақатгина Аллоҳни инкор этиб, диндан бош тортган кишигина киради. Ваҳоланки мусулмон киши катта ёки кичик гуноҳ қилиши мумкин, бироқ ҳеч қачон Аллоҳни инкор этиб, амаллардан бош тортувчи бўлмайди” деб далил келтириб, азоб фақат ширк ва куфр аҳли учун бўлади, дейдилар.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам мусулмонлар оламида энг тўғри йўл бўлган аҳли-сунна вал жамоа эътиқодини келажак авлод учун етказиш йўлида турли хил ёт ғояларни кириб келишини олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган раббоний олимлардан бўлган.
ОТАБЕК АМАНИЛЛАЕВИЧ БАХРИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий тадқиқотлар бўлими
илмий ходими ва “Қўшбақолли” жомеъ масжиди ноиб имоми
[1]Лайл– 92/14,15.
Киритилган вақти: 26/10/2021 04:45; Кўрилганлиги: 861
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 02:32