Миссионерликнинг салбий оқибатлари давоми 2 қисм
15-16-асрларда Испания ва Португалия мустамлака империялари ташкил топгач, миссионерлик католик черкови доирасида ўз фаолиятини кучайтириб, янги ерларнинг забт этишнинг ғоявий асоси бўлиб хизмат қилган. Католикларнинг турли йўналишларига мансуб миссионерларнинг ошкора ёки махфий равишда Америка, Африка халқларини забт этишда қатнашганликлари бунга далил бўла олади. Африка халқлари орасига борган миссионерлар ҳақида кейинчалик маҳаллий аҳоли шундай деган: “Булар бизни ерларга келган пайтда, бизнинг қўлимизда катта-катта ерлар ва олтинлар бор эди, уларнинг қўлларида эса Инжил борэди. Орадан вақт ўтиб, уларнинг қўлларида катта-катта ерлар ва олтинлар, бизнинг қўлимизда эса фақатгина Инжил қолди.”
13-16-асрларда христиан миссионерлиги Ҳиндистон, Хитой ва Японияга ҳам кириб борди. Японияда миссионерлик шу даражада ривожланиб кетдики, 19-аср ўрталарида япон императори барча миссионерларни айғоқчи сифатида кунчиқар мамлакатдан ҳайдаб юборди. Мазкур мисол ва Африканинг бир қатор қабилалари тилида “миссионер” сўзининг “қотил” сўзининг синоними сифатида ишлатилиши ҳам миссионерликнинг раҳм-шафқатга асосланиши ҳақидаги фикрларнинг чўпчак эканлигини кўрсатади.
Миссионерлик бизнинг юртимизга мустақиллигимизнинг илк йиллари демократия ниқоби остида, расмий ташкилот сифатида жойларда ўнлаб ибодатхоналарни қуриб, юртимизни келажакда ҳар жабҳада нотинч қилишга қаратилган қора ишларини бошлашди. Шукрки уларнинг бу фаолиятлари тез орада барҳам топди.
Миссионерлар маккорона услублардан фойдаланиб, асосан яширинча иш олиб боришди. Улар жонажон диёримизга тил, компютер ўргатиш, ҳар хил соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлаш ёки хайрия ишлар билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар қаторида кириб келишди. Азалдан илмга чанқоқ халқимиз эса бундай ўқув марказларига мурожаат қилишга шошдилар. Лекин ўқиш жараёнида баъзи “ўқитувчи”ларни қиёфалари маълум бўлиб қолди.
Миссионерлар қимматбаҳо қоғозларда, жозибали кўринишда нашр этилган китобларини, варақа (буклет) ларини бозорлар, касалхона, сиҳатгоҳлар ва айрим ишхоналарда тарқатишга ҳаракат қилишди. Афсуски, баъзилар турли сабаблар билан уларнинг тузоғига илинди.
Рашид Равшанов Нуробод тумани “Нурдум ота” жомеъ масжиди имом хатиби интернет маълумотлари асосида тайёрланди
Киритилган вақти: 02/12/2021 08:18; Кўрилганлиги: 873
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 04:27