Миссионерлик – кшилар ўртасида келишмовчилик ва можароларни келтириб чиқаради.

Узоқ асрлар давомида юртимизда меҳр-мурувват ва оқибат, эзгулик ва яхшилик, тинчлик ва дўстлик ғояларига асосланадиган, уларни тарғиб этадиган турли динларга эътиқод қиладиган кишилар ҳамкор ва ҳамжиҳат яшаб келган. Хусусан, қадимдан диёримизда ислом, насронийлик, иудаизм каби динлар ёнма-ён мавжуд бўлиб келган. Йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагоглар фаолият кўрсатгани, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида ҳам улар ўртасида келишмовчилик ва можаролар бўлмагани бунинг тасдиғидир.
Миссионерлик асосан, христианликка хос бўлиб, бу ҳаракат христианлик Византия империясида давлат дини сифатида эълон қилинганидан эътиборан олиб борилади.
Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси прозелитизмдир. Прозелитизм — бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириб, ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг барча соҳаларда бўлгани каби шахснинг эътиқод эркинлиги соҳасида ҳам бир қатор ҳуқуқий кафолатлар яратилди. Хусусан, юртимизда шахснинг бундай ҳуқуқи Конституция даражасида мустаҳкамланди. Бинобарин, Конституциямизнинг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.
Қолаверса, виждон эркинлиги соҳасида махсус қонун қабул қилиниб, унда ҳар бир шахснинг диний эътиқод ҳуқуқи, динга муносабатидан қатъи назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинди.
Миссионерлик лотинча «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миесионер эса "вазифани бажарувчи" деган маъноларни англатади. Умумий маънода белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Миссионерлик билан бир қаторда прозелитизм ҳақида ҳам гапиришади? Унинг моҳияти нимада?
Прозелитизм тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Прозелитизм келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, бизга қўшни бўлган айрим давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда.
Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, унинг отаси эса, ўз набирасини мусулмон урф-одатларига кўра хатна қилдиришни истагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.
Христиан ёки бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланмоқда. Оилада қизнинг ота-онаси мусулмон. Албатта, улар ўз қизларини мусулмон кишига турмушга чиқишини истайдилар. Аммо христианликни қабул қилган қизга мусулмон кишининг уйланиши амримаҳол.
Юқоридаги каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи ҳам миссионерликнинг таркибий қисми бўлган прозелитизм ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларидан изолар ва жанжалларнинг авж олишига ҳамда христианликнинг айрим йўналишлари вакилларига нисбатан душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлар аро низоларнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкинлигини яққол тасаввур қилиш имконини беради.
Жомонқулов Мамадиёр Булунғур тумани бош имом-хатиби
Киритилган вақти: 03/11/2021 06:01; Кўрилганлиги: 926
Чоп этилган вақт: 03/11/2025 08:57





















