Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

МИССИОНЕРЛАР ТАЪСИРИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ! (....давоми)

 
 

3-мисол. «Куръонда бу китобларга имон келтириш, ишониш кераклиги айтилган. «Мўминлар... Аллоҳга, Унинг фаришталарига, (муқаддас) китобларига ва пайғамбарларига имон келтирадилар» (2-сура «Ал-бақара» («Сигир») 285-оят) («Руководство Бога указывает путь в Рай». Испания. 2001, 4-бет).

Улар ўз китобларида Таврот ва Инжиллар ҳақидаги барча оятларни келтирмайдилар. Фақатгина уларга имон келтириш кераклиги, Аллоҳ у китобларни нур ва ҳидоят қилиб нозил қилгани ҳақидаги оятларни кўрсатадилар холос. Қуръони каримда эса, ўша китобларни ўзгартириб юборишгани, бузишгани, ўз қўллари билан ёзиб, «бу Аллоҳнинг ҳузуридан келган китоб», дейишлари ҳам айтилган. Лекин улар содда мусулмонга буни айтишмайди. Қуръони каримда: «Аммо ўз қўллари билан китобни ёзиб, кейин «бу Аллоҳнинг ҳузуридандур» дейдиган кимсаларнинг ҳолига вой», (Бақара, 79) дейилган.
Дунёнинг турли бурчакларидаги кутубхоналарда Исломнинг илк асридан то шу кунга қадар кўпайтирилган Қуръони каримнинг беҳисоб қўлёзмалари бор. Олмон миссионерлари бу қўлёзмалардан минглаб фотонусхалар олишган ва бир ерга жамлашган. Мақсадлари Қуръони каримдан бир-бирига тўғри келмайдиган ерини топиш эди. Аммо фотонусхалар солиштирилганида бирорта ҳам фарқ ёки ўзгартириш топилмади. Ҳолбуки, муқаддас китоблари Инжилнинг ҳар хил қўлёзмаларида 26000 та бир-бирига мос келмайдиган ерлари бор.
Бугунги кунда христианлар ишончли деб айтадиган тўрт Инжил, Волтернинг айтишича, олтмишта Инжил орасидан танлаб олинган. Танлов жуда ғалати йўл билан амалга оширилган: олтмишта Инжил бир стол устига қўйилган ва стол чайқатилган. Ерга тушганлари сохта, қолганлари «саҳиҳ» (ишончли) деб топилган!
Энди бу ҳодисага Қуръони карим ва ҳадиси набавийнинг қанчалик жиддият, диққат ва ҳассосият билан муҳофаза этилганини қиёс қилаверинг.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда «муқаддас китоб» деб бизга тақдим этилаётган (тарқатилаётган) китобни («Матто баён этган Хушхабар» (Матто Инжили) ва ҳоказо каби) миссионерларнинг ўзлари ҳам инсонлар томонидан ёзилганини эътироф этишади. Павлуснинг бир мактубида бундай жумлалар бор:
«Ҳайронман сизларга, қанчалик тез Масиҳнинг иноятли даъватидан юз ўгириб, бошқа бир «Инжил»га сажда қилдингизлар! Аслида, бошқа Инжил йўқ. Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ Хушхабарини бузиб кўрсатишни хоҳлайдилар. Бордию биз ёки ҳатто осмондан бирор фаришта келиб, ўзимиз сизларга ўргатган Инжилдан бошқа бир «Хушхабар» келтирса, лаънати бўлсин!...» («Инжил», «Галатияликларга мактуб», 1; 6-8).
Исо (а.с.)дан кейин у зотга Аллоҳ томонидан нозил қилинган китоб бир ёқда қолиб, ўзлари кўплаб «Инжиллар» ижод этишди. Ҳозирги кунда христиан олами эътироф этадиган Инжилларнинг ўзи ҳам тўрттадир. Нима учун битта эмас, тўртта? Ҳатто, ўша тўртта Инжилнинг баъзилари Павлуснинг ана шу мактуби ёзилган тарихдан кейинроқ ёзилган-ку. Менимча, ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Ақл эгаларига бир ишора кифоядир. (Давоми бор)


Нажмиддинхон Ҳамзаев Ургут тумани "Ғўс" жомий масжиди имом хатиби 


Киритилган вақти: 03/06/2020 14:42;   Кўрилганлиги: 1084
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/missionerlar-tasiridan-ogoh-boling-davomi
Чоп этилган вақт: 13/01/2025 19:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг