Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

“МЕНИНГ ОИЛАМ ҚАЕРДА?”…

 
 

Аллоҳ таоло фаришталар тилидан шундай марҳамат қилади: “Эй Роббимиз, уларни ҳам, оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан аҳли солиҳ бўлганларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган адн жаннатларига киритгин. Албатта, Сенинг Ўзинг азизу ўта ҳикматли зотсан” (Ғофир сураси 8-оят).

Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги фаришталар Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтиш билан бир қаторда мўминларнинг ҳақларига доим дуо қиладилар. Мўминлар шу қадар бахтли зотларки, иймонларининг самарасидан етти осмон юқорисидан фаришталар уларнинг ҳақларига истиғфор айтиб дуолар қилишади. Фаришталар эртаю кеч фақат истиғфор ва дуо билан машғул бўладилар.

Ушбу оят ва бундан олдинги оятга тааммул билан назар ташлайдиган бўлсак, “тахлия ва таҳлия” (яъни, биринчи поклаш, сўнгра зийнатлаш) масаласи бор эканини кўрамиз. “Тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин” (Ғофир сураси 7-оят). Ушбу оят “тахлия” (поклаш) маъносини ўз ичига олган. Улар гуноҳлардан пок бўлиб, дўзах оловидан омонда қолганларидан сўнг “Ўзинг уларга ваъда қилган адн жаннатларига киритгин”, деб дуо қилишлари “таҳлия” (зийнатлаш) маъносини ўз ичига олади.

Фаришталар фақатгина мўминларни дуо қилиш билан чекланмай, уларнинг оила-аъзоларининг ҳам ҳақларига дуо қиладилар. “…оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан аҳли солиҳ бўлганларини ҳам…”. Чунки, ҳар бир инсон ота-онаси, аҳли ва фарзандларини билан бирга бўлиш билан ҳақиқий бахтни ҳис қилади. Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада бу оятнинг маъносини тугал қилган: “Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари уларга иймон билан эргашганларнинг зурриётини уларга қўшдик ва уларнинг амалларидан ҳеч нарсани камайтирмадик” (Тур сураси 21-оят).

Бу дунёда иймону ислом билан ўтган кишиларнинг агар зурриётлари ҳам иймон билан ўтган бўлса, даражалари унча юқори бўлмаса ҳам, Аллоҳ уларни оталарига қўшиб қўяр экан. Лекин, шу билан бирга оталарнинг амалидан ҳеч бир нарса камайтирилмас экан. Яъни, болаларига олиб берилиб, уларнинг даражаси тенглатилмас экан. Чунки ҳар ким ўзи қилган касб-амалнинг гаровидир, амали яхши бўлса, оқибати ҳам яхши бўлади. Аксинча, бўлса оқибати шунга яраша бўлади. Ояти каримада кўриниб турибдики, биргина шарт топилса бўлгани, у ҳам бўлса иймонли бўлишликларидир.

Саъид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Мўмин жаннатга кирадиган бўлса, “Ота-онам, аҳлим, фарзандим ва ака-укаларим қаерда?”, деб сўрайди. “Улар амал қилишда сенинг даражангга чиқа олишмади”, деб нидо қилинади. Мўмин: “Мен ўзим ва улар учун амал қилган эдим”, деб айтади. Сўнгра уларни ҳам унинг даражасига қўшиб қўйилади”. Сўнг “Эй Роббимиз, уларни ҳам, оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан аҳли солиҳ бўлганларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган адн жаннатларига киритгин”, оятини ўқидилар.

Шу ўринда ўринли савол туғилиши мумкин: “Агар шундай бўладиган бўлса, бу бошқанинг амалидан фойдаланиш бўлиб қолмайдими?”. Аллоҳ таоло: “Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ” (Нажм сураси 39-оят), деб марҳамат қилган-ку?!

Бунга шундай жавоб берамиз: “Эътирозингиз ўринли. Бунда шубҳа йўқ. Лекин биз иймон келтирганлар ҳақида гапиряпмиз. Иймон келтириш ҳар бир банданинг ўз амалидир. Энди бандаларнинг амал қилишига эмас, уни мана шундай солиҳ амал қилишига ундаган нарсага ҳам бир назар ташланг. Унинг солиҳ бўлиб камол топишига оиладаги муҳити таъсир кўрсатганми? Бу тўғри берилган тарбиянинг самарасидир. Ҳадиси шарифда ҳам “Инсон вафот этганидан сўнг унинг амали узилади. Фақат уч амалгина қолади: садақаи жория, фойдаланиладиган илм ва у учун дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти), деб келади. Ушбу ҳадиси шарифдаги солиҳ фарзанд кимнинг амалининг самараси? Оталарнинг эмасми?!”.

Демак, солиҳ фарзанднинг отасининг ҳаққига қилган дуоси манфаат берар экан, отанинг солиҳлиги ҳам фарзандларига манфаат берар экан.

Фаришталар дуоларида “Албатта, Сенинг Ўзинг азизу ўта ҳикматли зотсан”, деб айтдилар. “Албатта, Сенинг Ўзинг мағфиратли ва раҳмли зотсан”, деб айтмадилар. Бундан маълум бўладики, мағфират ва мукофот Азиз ва ўта ҳикматли бўлган зот томонидан бўлар экан. Чунки, Аллоҳ таолонинг ҳукмини кузатувчи кимса ва У Зотнинг фазлини қайтарувчи кимса йўқдир. Аллоҳ таоло Ўзининг азизлиги ва ҳикмати ила бандаларини азобга ҳақли бўлсалар ҳам мағфират қилади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг азизлиги ва ҳикмати ила мағфират қилсин! Барча мўминларни ўз аҳли билан бирга жаннатида жам қилсин!

Хайруллоҳ домла Саттаров

"Тафсири Ибн Касир" ва "Тафсири Шаъровий" асарлари асосида тайёрланди


Киритилган вақти: 18/04/2024 16:10;   Кўрилганлиги: 781
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/mening-oilam-qaerda
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 00:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг