Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Меҳр - оқибат динимиз кўрсатмаси

 
 

Муқаддас динимизда ўзаро меҳру оқибат билан ҳаёт кечириш тарғиб этилади. Ўз навбатида бу имоннинг мустаҳкамлигини таъминловчи омилдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:”Яхшилик қилинглар.Зеро,Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларни яхши кўради”.  

Кейинги пайтларда эл-юрт манфаати йўлида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш даражасини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар қилинди. Бу хайрли тадбир изчил давом этяпти.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилганлар: “...то бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунингизча ҳақиқий мўмин бўлмайсизлар”.

Дарҳақиқат, меҳр-оқибат одамларни ўзаро бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, оғирини енгил қилиш, ўзига раво кўрган нарсани бошқага ҳам раво кўришни, ҳатто ўзига зарур бўлган нарсани биродарига илинишни англатади.

Қуръони каримда ҳам ушбу мазмунда оятлар мавжуд: “Ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчилардир”.

Яратганнинг бундай мақтовига сазовор бўлиш учун киши жамиятга манфаат етказиши, ўзи яшаб турган юрт корига яраши, яқинлари, қўни-қўшниларидан ўз кўмагини аямаслиги, ёрдамга муҳтож кишиларнинг ҳожатини чиқариши, оғир ва енгил кунларида улар билан бирга бўлиши лозим. Бу одат қадим аждодларимиз даврида ҳам бўлган. Ота-боболаримиз муборак ҳаж сафарига отланганларида, аввало қўни-қўшниларининг розилигини олишган. Имкони борича муҳтожларга кўмак беришган. Шундан сўнг сафарга чиқишган.

Ўзаро бирдамлик шунчаки, баландпарвоз гап эмас. Бунда катта ҳикмат бор. Зеро, Аллоҳ таоло танимизни соғ, эгнимизни бут, хонадон ва юртимизни тинч қилиб қўйган, бундан бошқа беҳисоб неъматларини ато этаётган экан, бунинг шукронасини ҳар куни ҳеч бўлмаса, битта яхшилик қилиш билан адо этишимиз керак. Натижада, ўзимиз ҳам ҳаловат топамиз.

 Н.Хидиров-  “Кўк тўнли бобо” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 27/09/2021 11:10;   Кўрилганлиги: 910
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/mehr-oqibat-dinimiz-korsatmasi
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 05:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг