Мазҳабсизлик динсизликка йўл
Мазҳабсизлик исломдаги маълум бир ақидавий ёки фиқҳий ҳукм ҳамда мазҳабларга амал қилишни инкор этишдир.
Манбалардаги арабий истилоҳда «ла мазҳабиййа» атамаси мазҳабсизликни билдиради.
Мазҳабсизлик ғоясининг тарғиб қилувчи сифатида мисрлик Муҳаммад Абдуҳ (1849-1905)ни кўрсатиш мумкин. У мазҳаб мужтаҳидлари ёки муфтийларининг фатволарига амал қилган ҳолда тақлидни рад этади. Мусулмон биродарлар асосчиси Ҳасан Банно (1906-1949) ва бошқалар мазҳаб шарт эмас деган қарашларни илгари сурдилар. Шунингдек, мазҳабсизликнинг юзага келишида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг (1703-1792) фатволари ҳам таъсир кўрсатди. У мазҳабларни инкор этиб, Қуръон ва Суннат матнларидан тўғридан-тўғри ҳукм олишга чақирди.
Мазҳабсизликнинг тарқалишида одамлар бирор бир мазҳабга мансуб эмасликларини эълон қила бошладилар. Одамларнинг мазҳаб борасидаги дунёқарашини Муҳаммад Абдуҳнинг фикрлари эмас, балки Ҳасан Банно каби инсонларнинг қарашлари шакллантирди.
Мазҳабсизликни Рамазон Бутий (1929-2013) ва Юсуф Қарзовий (1926-2023) каби машҳур олимлар танқид қилди, раддиялар берди. Улар ўзларининг бир қанча асарларини ушбу мавзуга бағишлаганлар. Америкалик ёзувчи ва тадқиқотчи Тимоти Винтер - Абдулҳаким Мурод бемазҳабларнинг мазҳабга қарши ёндашувини мусулмонлар бирдамлигига таҳдид солаётганини таъкидлади. 2000 йилда Россия Муфтийлар кенгаши мазҳабсизликнинг белгиларидан бирини «тарихий асосга эга бўлган тўртта мазҳабни инкор этиш» эканлиги баён қилди.
Оли Имрон сураси 110-оятини эсланг:
“Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар”.
Шунинг учун ҳам аҳли сунна вал жамоа исломни авлоддан авлодга етказиб бераётган мактабдир.
Ҳадиси шарифларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менинг умматим залолатда жам бўлмайди", деганлар. Шундай экан, мусулмон уммати доимо ҳақда, тўғри йўлда бўладилар.
Самарқанд шаҳар Қорабой Оқсоқол
жоме масжиди имом-хатиби Бобобек Абдураҳимов
Киритилган вақти: 19/09/2023 07:24; Кўрилганлиги: 645
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:59