Мавлуд ойи муборак
Ислом эзгулик ва яхшилик устида қурилган, бутун дунё уламолари буни бир овоздан этироф этадилар. Қурони каримга назар солсак бунинг гувоҳи бўламизки «Бас, (Эй Муҳаммад) менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, унинг энг гўзалига эргашадилар.Айнан ўшалар аллоҳ ҳидоят этган зотлардир,ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир» (зумар 17,18оят)шундай экан Рабиул аввал ойи бу – Аллоҳнинг марҳамати билан мукаммал кўринишда бутун инсониятга ислом динини тарқатган, бутун инсониятга Яратгувчининг энг охирги ҳабибини бизу сиз мўмин мусулмонларга оллоҳ томонидан ҳадя этган ой.
Қирқ йилдан кейин Аллоҳ таоло Пайғамбар мавқеини ато этган гўдак Муҳаммад 571 йил Рабиул аввал ойининг 11 ва 12 куни ўртасида ҳафтанинг Душанба куни туғилган деб ҳисоблаш қабул қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёни тарк этишлари ҳам шу ойда рўй берган. Биз бугун кутиб олган ушбу муқаддас ойда мусулмонлар учун катта аҳамиятга эга бўлган яна бир қатор воқеалар юз берган. Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратга йўл олганлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳонинг туғилишлари, биринчи масжиднинг бунёд этилиши ва биринчи жума намозининг ўқилишидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари инсониятга ҳадя этилган Аллоҳ таолонинг энг буюк марҳаматларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «(Эй, Муҳаммад) Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик» («Анбиё» сураси, 107-оят).
Шунинг учун Рабиул аввал ойи Аллоҳ таолонинг бу буюк неъматига саловотлар айтиш ойи ҳисобланади. Рабиул аввал ойи давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари ҳақида маърузалар қилиш, Расули Акрамни улуғлаб жамоатимиз билан салавотлар айтиш мавлуд тадбирларини ўтказиш қабул қилинган. Ахир Аллоҳ таолонинг ўзи «Аҳзоб» сурасининг 56-оятида бизларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шарафига саловот айтишга чақиради «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг». Ушбу ойни ўзингиз учун ўзгача қилинг: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, уларнинг яхши фазилатларини ўрганинг, кўп саловотлар айтинг, кундалик ҳаётингизнинг ҳар бир соҳасида суннатга жон бахш этиб, ибодатларингизни зиёда қилинг.
Л.Ибадуллаев Самарқанд тумани "Янги масжид" имом-хатиби
Киритилган вақти: 27/09/2023 16:23; Кўрилганлиги: 1052
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:33