Марказий Осиё минтақасида фаолияти кузатилган экстремистик ҳаракатларнинг ўзига хос хусусиятлари
Марказий Осиё минтақасида диний мутаассиб оқимлар фаолияти ХХ асрнинг 80- йиллари бошларида хорижий экстремистик марказлар саъй-ҳаракатлари билан шакллана бошлади. Минтақада хориждан келаётган молиявий ёрдам ҳисобига жангари сифатида фойдаланиладиган гуруҳлар пайдо бўлди. Марказий Осиё республикалари мустақилликга эришган 1990-йилларнинг бошларида эса, бу гуруҳлар фаоллашиб кетди. Шунинг натижасида, минтақада диний экстремизм асосан фирқабозликка асосланган янги гуруҳларнинг пайдо бўлиши, норасмий йўл билан диний сабоқ бериш, ноқонуний тарзда диний маҳсулотлар тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, миссионерлик ва прозелитизмнинг авж олиши каби кўринишларда намоён бўлди.
Экстремизм ва терроризмнинг жамият барқарорлиги ривожига кўрсатган салбий таъсири Марказий Осиё минтақасида фаолияти кузатилган бирқанча мутаассиб ҳаракатларнинг мақсади таҳлил қилинганида янада яққол намоён бўлади. Минтақада асосан “Ҳизбут-таҳрир”, “Туркистон ислом ҳаракати”, “Акромийлар”, “Нурчилар” каби гуруҳларнинг фаолияти кузатилди.
Ҳизбут-таҳрир ал-исломий
Ташкилот номи. Ҳизбут-таҳрир ал-исломий (араб. “Ислом озодлик партияси”). “Ҳизбчилар”, “Таҳрирчилар” деб ҳам юритилади.
Асосчиси ва юзага келиш тарихи. Фаластинлик Тақийиддин Набаҳоний (1909-1979) мазкур экстремистик ташкилотнинг асосчиси ҳисобланади. Исроил давлатини ташкил этиш ҳақидаги БМТ қароридан кейин 1947 йилда йилда оиласини олиб, Фаластиндан Байрутга кўчган. Аслида Мисрдаги “ал-Ихвон ал-муслимун” (“Мусулмон биродарлар”) ташкилоти аъзоси бўлган Набаҳоний 1953 йилда мазкур жамоа аъзолигидан чиқиб, Қуддус (Иерусалим)да “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” ташкилотини тузган.
Набаҳоний вафотидан сўнг ҳизбга фаластинлик Абдулқадим Заллум (1925-2003) бошчилик қилди. Унинг раҳбарлиги даврида ташкилот собиқ Иттифоқ таркибига кирган республикаларда (асосан Марказий Осиё ҳудудида) ўз фаолиятини жадаллаштирган. (давоми бор)
Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов тайёрлади
Киритилган вақти: 11/08/2020 13:52; Кўрилганлиги: 1213
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 00:55