МАРҲУМЛАРНИНГ ҚУРЪОН ТИЛОВАТИДАН НАСИБАСИ

Барчага маълумки, мусулмонлар қайси мазҳабда бўлишларидан қатъи назар, марҳумларга атаб хатм ўтказиш ва қабристонда Қуръон тиловат қилишга фатво берганлар. Аммо айрим мутаассиб кучлар томонидан бу эзгу амалга зид ҳолда ёндошадиганлар ҳам топилиб қолмоқда. Улар ўз раҳнамолари томонидан чиқарилган далил-исботсиз гап-сўзга учмоқда.
Ўтган алломаларимизнинг фикрларига суяниб қарайдиган бўлсак, диний ҳукмлар ақлга эмас, балки нақлий далилларга таянади. Ақлни нақлдан устун қўйганлар шариатга енгил-елпи қараган турли чаласаводлар каби динни нотўғри тушунтиришга уринишади. Натижада ўзлари ҳам адашади, бошқаларни ҳам тубанлик сари етаклайди.
Шуни афсус билан айтишимиз керакки, қабристонда ёки бирор ерда марҳумлар ҳаққига тиловат қилиш мумкин эмаслиги, унинг фойдаси йўқлиги, шариатда ман этилгани борасида заиф бўлса-да, бирор ҳадисни топа олмайсиз. Аксинча, ояти карима, ҳадиси шарифлар ва алломаларнинг фикрлари унинг марғуб амаллардан эканлигини таъкидлайди.
Аллоҳ таоло марҳумлар ҳаққига дуо қилганларни тавсифлаб мақтаган:
«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!».
Буюк ватандошимиз Имом Абу Лайс Самарқандий «Баҳрул-улум» тафсирида шундай ёзади: «Бу оятда мўминлар зиммасига ўзларидан олдин ўтган биродарлари учун Аллоҳдан мағфират сўрашлари бурч эканига далил бор. Шунингдек, ундан мўминлар ўзларининг ота-оналари ва таълим берган муаллимлари ҳаққига ҳам истиғфор айтиши кераклиги келиб чиқади».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қачон бирингиз вафот этса, уни уитаб турманглар. Қабрга тезроқ элтинглар. Унинг бош тарафида «Фотиҳа» сураси, оёқ тарафида «Бақара» сурасининг охири ўқилсин», деганларини эшитдим» (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири қабр устига капасини тикиб олди. У ер қабр эканини билмасди. Бир куни қабрдаги инсон «Таборак» сурасини охиригача қироат қилганини эшитди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, билмасдан қабрнинг устига капамни қуриб олибман. Унинг ичида бир одам «Мулк» сурасини қироат қилди», деди. Шунда у Зот: «У («Таборак» сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради», дедилар»?
Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини қандай ман қилиш керак экан?! Шунинг учун, бизда дафндан кейин «Таборак» сурасини қироат қилиш одат тусига айланган.
Ҳасанов Аҳмад Самарқанд шаҳар "Дамариқ" жоме масжиди имом ноиби манбалар асосида тайёрланди
Киритилган вақти: 07/02/2023 18:49; Кўрилганлиги: 854
Чоп этилган вақт: 24/11/2025 12:31





















