Либос – аёл кишининг кўркидир
Қуръони каримда инсонга ўзига қараб қалбини зикруллоҳ билан поклаб юриш, гуноҳга бошловчи хаёлларга берилмаслик, танасини ва кийимларини озода тутиш амр этилган. Аммо айримлар руҳининг гўзаллигига оро бериб, ташқи қиёфасига эътибор қилмайди, бошқаси эса бунинг аксини қилиб танасини безайди ва қалб гўзаллигига мутлақо эътиборсизлик қилади.
Ислом динида ахлоқий ва ҳиссий гўзалликнинг уйғунлиги муҳим саналади. Буни Жамолиддин Румий ҳазратлари “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл”, дея жуда ҳам чиройли тушунтирган. Бошқача қилиб айтганда, динимиз инсонларга чиройли кийинишни тақиқламайди, аксинча, шунга даъват этади. Аммо бунда ҳаддан ошилса, кибрга йўл қўйилиши мумкин.
“Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас.” (Ояти каримада келганидек, кийимсиз ҳолда ибодат-тавоф қилиш ёҳуд жанда, ямоқ-ясқоқ кийим билан бажариш ибодат фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кимсалар тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса ҳаддан ошиб фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, унинг паст ва табиатсиз ҳолда истеъмол қилинишини ҳам қоралайди)” (Аъроф сураси, 31-оят).
Шубҳасиз, мусулмон аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган энг муҳим жиҳати – ҳоҳ ташқи кўриниши, ҳоҳ амали бўлсин, барчасида унинг Аллоҳ таоло амрлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилишидир. Албатта, инсоннинг яратилишида бошқаларга ўзининг чиройли ва яхши экнлигини кўрсатиш ҳислати бор. Фақат бу туйғуни ўз ўрнида қўллаши лозим. Ислом дини инсон бу туйғуга ҳаддан зиёд берилиб кетмаслиги учун эркак ва аёлга кийиниш борасида баъзи тақиқларни белгилаб қўйган. Айниқса, муслима аёл учун белгиланган қоида – бу унинг ярим-ялонғоч бўлиб кийинмаслигидир. Аёлнинг очилиб-сочилиб, ярим-ялонғоч кийиниб юриши фақат бугунги куннинг муаммоси эмас. Қадимда ҳам, аёлларнинг турли ҳолатларда бўлиши кузатилган. Шунинг учун Аллоҳ: “Ўз уйларингизда қарор топингиз, (кўчага чиққанингизда) илгариги жоҳилият (даври) ясанишидек ясанмангиз!... Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос” (Аҳзоб сураси, 33-оят).
Хулоса қилиб айтганда, аёл киши ўзига оро бериш, кўчага ясаниб чиқишда ҳам меъёрни билиши лозим.
Нозбуви Темирова Вилоят бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Киритилган вақти: 14/09/2023 08:37; Кўрилганлиги: 616
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:50