КЎЧАТ ЭКИШ ФАЗИЛАТИ
Ушбу мақоламизда деҳқончилик, хусусан кўчат экиш фазилати ва унинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Анас ибн Молик розияаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади”
(Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Аллома Мовардий (р.а) айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.
Чунки, деҳқончиликда Аллоҳ таолога таваккал қилиш кўпроқ бўлади ва ер юзидаги инсонлар ва бошқа жонзотлар ризқига сабаб бўлиш бўлади. Шу сабабдан энг афзал касб ҳисобланади. Бундан ташқари ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади, ўз холи, тили билан тасбеҳ айтади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай марҳамат қилади:
وَالنَّجْمُ وَالشَّجَرُ يَسْجُدَانِ
“Ўт ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар” (Ар Раҳмон сураси, 6-оят).
Ким кўчат, дарахт экса, ер юзида Аллоҳ таолога сажда қиладиган дарахт сонини кўпайишига сабаб бўлган бўлади. Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан бири шуки, дунёда солиҳ амаллар қилган мўъмин бандага жаннатда унинг учун мукофот тарзида дарахт экилишидир.
Жобир (р.а) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки “Субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи” деса, жаннатда у учун хурмо (бир ривоятда дарахт) экилади”.
Дарахт экиш жуда улуғ ишки, нафақат дунёда балки жаннатда ҳам экилади ва бу банданинг солиҳ амалига жаннатда мукофот тарзида берилади.
Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан.
Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда бундай ишлар қадрланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан. Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!
Муаллиф: Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ, Самарқанд вилояти бош имом хатиби
Киритилган вақти: 18/04/2020 12:37; Кўрилганлиги: 1255
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 11:37