Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

“Китоб ас-савод ал-аъзам” катта жамо

 
 

“Китоб ас-савод ал-аъзам” катта жамоа – аҳли сунна вал жамоа эътиқодига оид китоб бўлиб, машҳур олим Ҳаким Самарқандий томонидан ёзилган.

Асар араб тилида ёзилган бўлиб, унда аҳли сунна вал жамоа эътиқодига доир олтмишдан зиёд ақидавий масалалар баён этилган.

Ушбу масалалар аҳли суннанинг белгиси экани, уларга ишонмаганлар эса аҳли суннадан эмаслиги таъкидланган.

Катта жамоа – аҳли суннанинг белгиси қуйидагилардан иборат:

(الخامسة والأربعون) أن لا يشبه الله بشيء ويقول ليس كمثله شيء

Қирқ бешинчи: Аллоҳ таолонинг ўхшаши йўқ деб эътиқод қилиш.

Мўмин киши Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамаслигини билиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло бу ҳақда: “Унинг мислидек бирор нарса йўқдир. У Эшитувчи ва Кўрувчидир” (“Шўро” сураси, 11-оят), – деб марҳамат қилган.

Билингки, барча нарсалар яратилгандир. Ваҳоланки, яратилган нарсалар вужудга келиши учун Яратувчи бўлиши лозим. Яратувчи Зот яратилган нарсаларга ўхшамайди. Бу ҳунарманд ўзи ясаган нарсага ўхшамаслиги кабидир. Инсоннинг нафси унинг амалига ўхшамас экан, Яратувчи Зот Ўзи яратган нарсаларга ўхшамаслиги аниқдир. Ким Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатса ёки унга бирор аъзони нисбат берса, карромий ва мушаббиҳа деб номланади.

Агар кимдир сиздан Аллоҳни сифатлаб беришни сўраса, унга: “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор)дир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенги йўқдир” (“Ихлос” сураси, 1-4 оятлар), – деб жавоб беринг.

“У Аввал, Охир, Зоҳир ва Ботиндир. У барча нарсани билувчидир” (“Ҳадид” сураси, 3-оят).

“Унинг мислидек бирор нарса йўқдир. У эшитувчи ва Кўрувчидир” (“Шўро” сураси, 11-оят).

Яна унга: “Аллоҳдан ўзга бирор илоҳ йўқ, У ягона, якка ва тоқ илоҳдир. Унинг бирор-бир жуфти ва фарзанди йўқ. Биз Унга бўйсунувчилармиз”, – деб жавоб беринг.
Юқоридаги далиллар оқил инсон учун кифоя қилади.


Киритилган вақти: 26/11/2021 06:44;   Кўрилганлиги: 1077
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/kitob-as-savod-al-azam-katta-jamo
Чоп этилган вақт: 04/11/2025 11:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг