Ким Аллоҳдан савоб умидида масжид қурса
Исломда биринчи қурилган бино ҳам масжид ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб ўтаётган пайтларида Мадина йўлида Қубо деб номланган жойга етиб, ўша ерда бир неча кун турганлар. У ерда биринчи бўлиб “Қубо” масжидига асос солганлар ва илк маротаба ўша масжидда жамоат намозини ўқиганлар.
Масжид – Аллоҳнинг байти. Уларнинг минораларидан муаззинларнинг овозлари янграйди, тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар устига фаришталар тушишади, раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади. Масжидларда мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, улфат бўладилар, бир-бирларига ёрдам бериб, ҳамжиҳат бўладилар, бир-бирларини зиёрат қилиб, бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатадилар. Бунинг натижасида ораларида боғланиш, дўстлик, меҳрибонлик кучаяди. Масжидга кирган ҳар бир мусулмон бутун вужуди, борлиғи, қалби ва фикрини Аллоҳ таолога ибодат қилишга қаратиб, Роббал аламинга ҳақиқий банда эканини изҳор қилади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:
وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا
яъни: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз! (Жин сураси, 18-оят).
Аллоҳ таоло масжидларни обод қилувчиларнинг иймони борлигига гувоҳлик бериб шундай деди:
إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آَمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآَتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ فَعَسَى أُولَئِكَ أَنْ يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ
Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар намозни тўкис адо этганлар закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қиларлар Ажаб эмаски ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар
Масжидни обод қилиш деганда, уни моддий ва маънавий обод қилиш тушунилади. Намозхонлар учун барча шароитлари яратилган тарзда масжидни барпо этиш, уни озода ва покиза сақлаш, нураган ёки яроқсиз ҳолга келган бўлса уни таъмирлаш ёки янгидан қуриш кабилар моддий обод қилиш дейилади. Алҳамдулиллаҳ, юртимизда масжидларни обод этиш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилмоқда. Кўплаб янги масжидлар қурилмоқда. Эскилари таъмирланиб, яроқсизлари қайтадан барпо этилмоқда. Айниқса, охирги йилларда бу соҳадаги ишлар янада ривожланиб, барча масжидлар энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Ҳозир ҳар қандай шаҳар ва қишлоқдаги энг кўркам ва ҳашаматли, ҳар тарафлама шароитлари яхши намунали бинолари – масжидлардир, десак хато бўлмайди. Бундай ютуқ ва мувофақиятларга эришиш осон бўлгани йўқ. Бу ишлар неча йиллар давомида қанчадан-қанча заҳматлар, қийинчиликлар эвазига, тинимсиз ҳаракатлар қилиниб ҳомийларга, оддий халқга мурожаат қилиш орқали ҳашар йўли билан бўлса-да, имом хатиблар ва масжидга холис хизмат қилишга астойдил бел боғлаган саховатпеша инсонлар ёрдами қолаверса, раҳбариятнинг қўллаб-қувватлаши самараси ўлароқ амалга оширилди.
Дарҳақиқат, битта масжид қуриш ёки уни обод этишнинг савоби динимизда энг катта савобли иш саналади. Бу ҳақда кўплаб ҳадисларда баён этилган. Жумладан,
عَنْ عُثْمَانَ بْنَ عَفَّانَ رضي الله عنه قَالَ سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ
"من بَنَى مَسْجِدًا يَبْتَغِي بِهِ وَجْهَ اللَّهِ بَنَى اللَّهُ لَهُ مِثْلَهُ فِي الْجَنَّةِ"
яъни: Усмон ибн Аффондан ривоят қилинади, у киши: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳдан савоб умидида битта масжид қурса Аллоҳ таоло унга жаннатда шунга ўхшаган бино қуради”, деганларини эшитганман”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳазрати Усмон розияллоҳ анҳу масжид ан-Набавийни кенгайтириб қайта қуришни бошламоқчи бўлганларида баъзи саҳобийлар эътироз билдириб: “Расулуллоҳнинг даврида бўлмаган бу ишлар, агар мумкин бўлганида Расулуллоҳнинг ўзлари кенгайтириб ҳашаматли қилиб қайта қурган бўлар эдилар” деганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу эса уларга мазкур хадиси шариф ила жавоб берганлар. Шундан кейин масжидларни кенгайтириб қайта қуриш, таъмирлаш ва ҳашаматли қилишга умумий рухсат берилган.
Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки охирги пайтларда ҳурматли юртбошимиз ташаббуслари билан юртимизда кўплаб масжидларнинг шароитларини яхшилаш мақсадида қайта қуришга рухсат бериляпти. Ундан ташқари, янги масжидлар ҳам қад кўтаряпти. Келажакда эса инша Аллоҳ яна кўплаб масжидлар бино қилиниши режалаштириляпти.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
مَنْ أَسْرَجَ فِي مَسْجِدٍ مِنْ مَسَاجِدِ اللَّهِ سِرَاجًا لَمْ تَزَلِ الْمَلائِكَةُ وَحَمَلَةُ الْعَرْشِ يَسْتَغْفِرُونَ لَهُ مَا دَامَ فِي ذَلِكَ الْمَسْجِدِ ضَوْءٌ مِنْ ذَلِكَ السِّرَاجِ
رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ أَبيِ شَيبَةَ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳнинг масжидларидан бирига чироқ ўрнатса, модомики ўша чироқнинг ёруғлиги шу масжидни ёритиб турар экан унинг ҳақига Аршни кўтариб турувчи ва барча фаришталар истиғфор айтиб турадилар” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда масжид учун зарур бўлган ёритиш воситаси тўғрисида гап боряпти. Масжидларни чироқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам уни ёритганларга мазкур башорат ваъдаси бериляпти.
Шуни ҳам билишимиз керакки, фақат бир масжидни, яъни ўзингиз яшаб турган маҳаллангиздаги масжидни ўйламанг! Балки жонажон юртимиздаги барча масжидлар сиз билан бизники, барчамизники. Зотан, уларнинг ҳар бирида яккаю ёлғиз бўлган Роббал аламинга ибодат қилинади. Демак, уларнинг қай бирига бўлса ҳам эҳсон қилиб ёрдам берсангиз, албатта, масжидларнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ сизни ҳеч қачон қуруқ қўймайди. Мўмин одам Аллоҳнинг уйларини обод қилишга, унга инфоқ қилиб, моддий ободлигини зиёда қилишга, унда намоз ўқиб, маънавий ободлигини зиёда қилишга уринар ва қалби доим масжидларга боғлиқ бўлар экан, икки дунёнинг бахту саодатига, хайру баракасига эришади.
Аллоҳ таоло бизларни ва қиёматгача келадиган зурриётларимизни ибодатида қоим ва масжидларни обод қиладиган бандаларидан қилсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустофо соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат ва саломлар бўлсин.
Саидусмонхон Зикиряев
Киритилган вақти: 24/08/2022 15:10; Кўрилганлиги: 1103
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:50