Кибрланма...
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Кибрнинг қисқача таърифи: Кибр-киши ўз нафсини улуғлаши ва ўз қадрини бошқалар қадридан устун кўриш. Ёки бошқача айтганда ўзидан бошқани ҳақир санаш ва уларни назар писанд қилмаслик.
Кибр қалб касалликларидандир. Агар у кучайиб кетса кишининг феъл атвори ва гап сўзларида намоён бўлади. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қалбида зарра мисқолича кибри бор кимса жаннатга кирмайди", дедилар. Шунда саҳобалардан бирлари: "Ё Расулаллоҳ, агар киши либосларининг ва пойафзалининг чиройли бўлишини ҳоҳласа бу ҳам кибрга кирадими?" деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Кибр-ҳақни инкор қилиш ва инсонларни ҳақир санашдир", деб жавоб бердилар."Ҳақни инкор қилиш" деганларининг маъноси ҳақни рад қилиш, ҳақни даф қилишга ҳаракат қилиш ва ҳақни қабул қилмасикдир. "Инсонларни ҳақир санаш" деганларининг маъноси инсонларга ҳақорат назари билан қараш ва уларни назар писанд қилмасликдир.
Кибрнинг муолажаси учун аввало, мусулмон киши тавҳид илмидан хабардор бўлиши керак. "Улуғлик" ," Азамат" , "Кибриёлик" сифатлари Аллоҳ таолога хос сифатлар эканлигини мусулмон киши яхши билиши керак бўлган илмлардан ҳисобланади. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: "Азизлик яъни иззатлилик Менинг изорим, кибриёлик Менинг ридоимдир. Уларнинг қайси бири учун ким мен билан тортишса, мен уни азобга гирифтор қиламан", дейилади. Шунингдек, мусулмон киши ўзидаги кибр иллатини кетказиш учун ўзини кимлигини билиши керак. Яъни ўз нафси ҳақида ҳам маърифат ҳосил қилиши керак.
Аллоҳ таоло "Абаса" сурасининг 17-22 оятларида шундай марҳамат қилади: "Ҳалок бўлгур инсон, бунчалар кофир бўлмаса?!(Аллоҳ) уни қайси нарсадан яратди ўзи?!(Бир ҳақир) нутфадан яратиб, кейин уни (туғилиш вақтини) белгилаб қўйди. Сўнгра унга (туғилишида) йўлни осон қилди. Сўнгра унга ўлим юбориб, қабрга киритур. Сўнгра Ўзи хоҳлаган пайтда, уни қайта тирилтирур". Ушбу оятларда Аллоҳ таоло инсонни уч ҳолатини очиқ ойдин баён қилди: Биринчиси, инсонни йўқдан пайдо қилди."(Бир ҳақир) нутфадан яратиб, кейин уни (туғилиш вақтини) белгилаб қўйди" ояти каримаси шунга далолат қилади. Яъни инсон ўзи йўқ эди. Аллоҳнинг раҳмати билан бир ҳақир нутфадан хушбичим суратда пайдо бўлди. Иккинчиси, Аллоҳ таоло инсонни онанинг раҳмида бир ҳақир нутфадан пайдо қилиб, кейинги босқичда бу ёруғ дунёга келишини ҳам осон қилди. "Сўнгра унга (туғилишида) йўлни осон қилди" ояти каримаси шунга далолат қилади. Яъни онаси уни эсон омон туғиб қўлига олди. Учинчиси, инсон бу дунёда яшади. Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтди. Ато этилган умрни яшаб, энди омонатини топшириш вақти ҳам етди. Аллоҳ таолонинг ушбу "Сўнгра унга ўлим юбориб, қабрга киритур" ояти каримаси шунга далолат қилади. Демак, инсон ҳаёти давомида мана шу уч босқичли ҳолатни Аллоҳ таоло у учун лутфи карами, тавфиқи ва ҳидояти ила ато этган кучу қувват билан босиб ўтади.
Шундай экан, мусулмон киши ўзидаги кибр иллатини енгиши ва ундан халос бўлиши учун аввало Аллоҳ таолонинг тавҳид илмидан бохабар бўлиши, шунингдек, ўз нафси ҳақида ҳам маърифат ҳосил қилган бўлиши керак. Бунинг учун у барча инсонларга тавозели бўлмоқлиги керак. Кимки Аллоҳ розилиги учун тавозели бўлса, Аллоҳ таоло ҳам у бандасини даражасини юксалтиради.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ахлоқи ҳамида билан зийнатланиб, кибру ҳаво каби иллатлардан узоқ бўлишимизни Ўзи насиб этсин. Амин.
Манбалар асосида Пайариқ тумани бош имом хатиби Мансуржон Абдухолиқов
Киритилган вақти: 05/09/2023 10:12; Кўрилганлиги: 705
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:33